ПФЛ - шунчаки футбол ташкилоти эмас. У янада кўпроғига даъво қила олади. Масалан, анча-мунча ҳазилга ҳам уста. Бунга шубҳа қилувчилар узоққа боришлари шарт эмас, ПФЛ биносидан олислаб кетмасдан, шунчаки, Ўзбекистон кубоги тақвимига бир боқсалар кифоя. У ерда кубокнинг 1/16 босқичида «Машъал»нинг «Машъал» билан «куч синашиши» ёзиб қўйилган. Йўқ-йўқ, адашмадик, мақолада ҳам ҳеч қандай хато кетмаган, ишонаверинг, Ўзбекистон кубоги 1/16 босқичида дарҳақиқат, Муборакнинг «Машъал» клуби Муборакнинг «Машъал» клуби билан ўйнайди. Қандай қилиб, дейсизми? Бу саволга жамоанинг расмий сайтида келтирилган хабар билан жавоб қайтара қолайлик. Ҳа-я, хабарнинг сарлавҳаси ҳам антиқа: «Бу қизиқ! «Машъал»нинг икки клуби Ўзбекистон кубогида тўқнаш келади», деб номланади. Ростдан ҳам қизиқ, шундай эмасми?
Энди бевосита «Машъал» клуби томонидан тарқатилган расмий хабарга тўхталамиз: «Ўзбекистон кубогининг ўтиш баҳслари бўлиб ўтди. Сафарда «Насаф-2» устидан ғалаба қозонган «Машъал»нинг биринчи лигадаги жамоаси кейинги босқичга чиқди. Бу босқичда эса уларга «Машъал»нинг асосий таркиб жамоаси рақиблик қилади. Энди «Машъал»нинг ҳар икки жамоаси Ўзбекистон кубогининг 1Ғ16 босқичида ўйнашади ва ушбу баҳс 19 март куни Муборакда бўлиб ўтади», - дейилади хабарда.
Хуллас, шундай. Хабарни ўқидингиз. У билан биргаликда нафақат ПФЛ, балки бутун дунё футболида янги саҳифа очилади, десак, ҳайрон қолманг. Зеро, ўзбек футболи сарҳадларидан ҳатлаб ўтиб, бутун дунё футболига мурожаат қилишимизнинг боиси шундаки, бошқа бирор мамлакат кубогида бир клубга тегишли икки жамоа ўзаро тўқнаш келганини топа олмадик. Балки яхши қидирган эмасдирмиз, аммо биз қидирган ҳақиқат шуки - ПФЛ бу борада ягона экан. Ҳа, бизнинг ПФЛ шунақа, ўхшаши йўқ! Бир вақтлари Ўзбекистон терма жамоасини Вадим Абрамов бошқарган вақтларда футбол ва футзал терма жамоалари иштирокидаги ўртоқлик ўйинини кўрган эдик. Ўшанда бундан баттари бўлмаса керак, деб ўйлагандик. Йўқ, бўлар экан. Керак бўлса, ундан ҳам ошиб тушадигани учраркан. Ўша ўртоқлик ўйини-ку кўнгил очиш мақсадида, шоу тариқасида уюштирилган эди. Буниси қанақа «шоу» бўлди энди?
Қанақа «шоу» бўлишини 19 мартда Муборакка борсангиз, кўриб олишингиз мумкин. Оддий мухлис бундай ишларга тушунмаслиги турган гап. Чунки қанча ҳаракат қилса ҳам, қандай қилиб «Машъал»нинг икки жамоаси ўртасида кечадиган ўйин спорт принципларига тўлиқ мувофиқ келишини англаб ета олмайди. Асосий жамоа футболчилари ўринбосарлар билан бўладиган ўйинни жиддий қабул қилишлари мумкинми?! Бундай ўйинга уларни руҳлантириш Моуриньонинг ҳам қўлидан келмаса керак. Олий лигадаги дастлабки икки ўйинни бой берган Хомяков ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ҳозирги вазиятдаги энг ғайритабиий нарса нима, биласизми? Гап шундаки, бу кетишда «Машъал» мавсумдаги илк ғалабасига ўзига қарши ўтказиладиган ўйинда эришадиган бўлиб турибди. Шунақасини илгари ҳеч эшитганмисиз?
Умуман, кубок борасидаги ғалати қарор фақат бу билан чекланмайди. Аслида, бу мусобақадаги табақалаш тизимига ҳам дабдурустдан тушуниш қийин. «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив» ва «Насаф» фақат 1/8 финалдан курашга қўшиладилар. Магарки, мақсад Ўзбекистон кубоги баҳсларини оммалаштириш экан, бу жамоалар бошидан ўйнаганлари маъқул эмасми? Айтайлик, «Бунёдкор» ҳали бирор марта Ҳаққулобод, Ёзёвон ёки Ғиждувон тугул, Урганч ва Нукусга ҳам бормаган бўлса керак. Олис тумандаги мухлислар «элит» жамоаларимизнинг бирорта ўйинини кўрмаганлар. Энди бир ўйлаб кўринг, «Пахтакор» ёки «Локомотив» ўша туманларга бориб қолса, қандай байрам бўлиб кетарди? Бу ҳам кубокнинг оммалашишига таъсир ўтказган бўлмасмиди?
Афсус, ПФЛ бундай тадбирларга унча иштиёқманд эмас. Боз устига, бу ҳам етмагандек, Ўзбекистон кубоги 1/16 финали ҳам терма жамоалар учун ажратилган вақтга белгиланди. Яхши биласиз, ҳозир Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаши доирасида Баҳрайн ва Филиппинга қарши кечадиган ўйинларга тайёргарлик кўрмоқда. Шу сабабли, олий лигада танаффус эълон қилинган. Аммо бу қарор Ўзбекистон кубогига мутлақо таъсир ўтказмайди ва жамоалар 18, 19 ва 20 март саналарида беллашадилар. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ўзбекистон терма жамоаси ўта муҳим ўйинларда майдонга тушиши керак. Энди бир дўппини олиб қўйиб ўйлаб кўринг, бу кубокка нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Ахир ҳамма терма жамоа ҳақида қайғуриб турганда Ўзбекистон кубогини томоша қилиш кимнинг кўнглига сиғади? Мазкур ҳолат мусобақага қизиқишни сусайтирмайдими? Бу нима, кубок ўйинларини ими-жимида ўтказиб юборишми?
Хуллас шунақа гаплар. Энди бу ёғига изн берсангиз, мақолани енгилгина бир латифа билан якунласак:
Бир ашаддий мухлис иккинчисига қараб, «Кеча Ўзбекистон кубогида «Машъал» «Машъал» билан ўйнади, эшитдингми?» деса, шериги ҳам шошиб қолиб: «Ким ютди?» деган экан. Кўришгунча...
Зафар ҚОСИМОВ