Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. У мураббийликни ихтиёр этдими, унга руҳан ўзини тайёрлаши керак.
Футболчилик даврида жаҳон тан олган даражадаги юлдузга айланган инсонларнинг кўпчилиги фаолиятларини мураббийлик соҳасида давом эттиришни истаганларида омадсизликка юз тутганлар. Франция термасининг афсонаси ҳисобланган Зайниддин Зиданнинг «Реал» бошқарувидаги дебют учрашуви эса аксинча натижани кўрсатди: мадридликлар «Депортиво» дарвозасига нақд 5та жавобсиз тўп йўллашди. Умуман оладиган бўлсак, мадридликлар Зидан бошчилигида 11 та ўйин ўтказган бўлсалар, унинг нақд 8 таисда зафар қучдилар. Қуйида футболчилик даврида буюк бўлган, бироқ мураббийликда муваффақиятсизликка учраган 5 юлдуз ҳақида фикр юритмоқчимиз.
Алан ШИРЕР.
Мураббийлик фаолияти: «Ньюкасл» (8 ўйин: 1 ғалаба, 2 дуранг, 5 мағлубият).
Туманли ўлкада янги вазифада муваффақиятсизлик аламини тотган афсонавий футболчилар етарлича топилади ва Бобби Чарльтон, Тони Адамс, Пол Гаскойн кабиларни улар сирасига киритиш мумкин. Алан Ширердай туғма истеъдод эгаси, «бомбардир», Англия премьер-лигасида 11 бор хет-трикка эришган юлдуз ҳам омадсиз мураббийлардан. Ширер шунингдек, АПЛ (260та гол) ва «Ньюкасл»нинг энг яхши тўпурари (206 та гол) эди. Ўз даврида энг юқори кўрсаткични кўрсатган (ҳар бир ўйинда ўртача 0,6та гол) футболчи «Ньюкасл»ни бир неча бор оғир вазиятлардан олиб чиққанди. У 2009 йилда «Ньюкасл»га - карьерасининг 10 йилини бағишлаган жамоага бош мураббий этиб тайинлангач эса, клубни премьер-лигада сақлаб қола олмади. Ширер жамоасида ғалабалар фоизи энг паст - 12 бўлди. 2008/09-йилги мавсум охирида «Ньюкасл» инглиз футболи юлдузи бошчилигида 8 учрашувда майдонга тушди ва 24 имкониятдан 5 очкони қўлга киритолди, холос. Шундан сўнг, Алан Би-Би-Сига қайтди ва эксперт сифатида фаолиятини давом эттирди. Ўшандан кейин Ширер ҳеч қачон мураббийлик курсисига ўтирмади.
Филиппо ИНДЗАГИ.
Мураббийлик фаолияти: «Милан» (39 учрашув: 14 ғалаба, 13 дуранг, 12 мағлубият).
СуперПиппо Мадриднинг «Реал»и бошқарувида турган инсон билан яхши таниш - улар қачонлардир «А» сериясида Туриннинг «Ювентус» жамоаси билан бирга «давру даврон суришган». Янги аср бошларида эса бошқа-бошқа йўллардан кетишди: Зидан «Сантьяго Бернабеу»ни тиз чўктиришга йўл олган бўлса, Индзаги «Милан»га кетди. Айнан Индзагининг дубли «россонерлар»га Чемпионлар Лигасининг 2006/07-йилги финалида «Ливерпул»га қарзларини қайтаришда кўмаклашди ва футболчи фаолияти давомида иккинчи бор кубокни боши узра баланд кўтариш имконига эга бўлди.
2012 йилда футболчилик карьерасига нуқта қўйган ўйинчи келгуси фаолияти ҳақида узоқ ўйламади: Италия футболи афсонаси 2 йил «Милан» ёшларига мураббийлик қилди, сўнг “қизил-қоралар”га бош бўлди. Ўсиб келаётган авлод билан Филиппо тез тил топишган бўлса-да, катта ёшдаги футболчилар билан бу масалада қийинчиликларга дуч келди. Балки, Индзагига билим ва мураббийлик тажрибаси етишмагандир. Нима бўлганда ҳам, СуперПиппо учун қадрдон клубини улкан чўққиларга олиб чиқиш армон бўлиб қолди. Ёш мутахассисга шогирдлари билан мавсум давомида барқарор ўйин намойиш қилиш насиб қилмади, аслида ҳаммаси эса жуда яхши бошланганди - «Лацио» устидан 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан.
Лотар МАТТЕУС.
Мураббийлик фаолияти: «Рапид» (Вена) (32 учрашув: 9 ғалаба, 9 дуранг, 14 мағлубият);
Бундан ташқари унинг раҳбарлигида Венгрия термасида 28 учрашув: 11 ғалаба, 3 дуранг, 14 мағлубият; «Атлетико Паранаэнсе» 7 учрашув: 5 ғалаба, 2 дуранг; «Маккаби Нетания» 45 учрашув: 19 ғалаба, 14 дуранг, 12 мағлубият; Болгария термаси 11 учрашув: 3 ғалаба, 3 дуранг, 5 мағлубият билан якунланган.
Немис ҳимоячиси футболчи сифатида деярли ҳамма нарсага эришди. 1990 йилдаги «Олтин тўп» эса ҳақли равишда унинг шахсий муваффақиятларига берилган эътироф бўлди.
5 мундиални кўрган Маттеус мана 15 йилдирки мураббийлик қозонида қайнаяпти. Оз бўлмаган фурсат ичида 54 ёшли мутахассис Сербия ва Черногория биринчилигида чемпионлик унвонига эга бўла олди, холос. Аниқроғи, бир йил давомида мамлакат футболи етакчиси ҳисобланган Белграднинг «Партизан» клубини олтин медалларга олиб келди. Аммо бу 2003 йилда бўлганди. Шундан сўнг, Маттеус 4 клуб ва 2 миллий терма жамоада муваффақиятсиз фаолият олиб борди. Натижа бўлмаганидан сўнг иш берувчилар билан зиддиятгача борди. Масалан, Венгрия термасидан ҳайдалгач, ушбу юрт футбол федерациясини аёвсиз танқид остига олди.
Христо СТОИЧКОВ.
Мураббийлик фаолияти: Болгария термаси (15 учрашув: 6 ғалаба, 6 дуранг, 3 мағлубият); «Сельта» (16 учрашув: 7 ғалаба, 1 дуранг, 8 мағлубият); «Мамелоди Сандаунз» (30 учрашув: 16 ғалаба, 8 дуранг, 6 мағлубият); «Литекс» (54 учрашув: 30 ғалаба, 10 дуранг, 14 мағлубият)
Каталониянинг «Барселона» клуби мухлисларининг суюкли футболчиси 90-йиллар бошларида рақиб клублар ҳимоя чизиғига даҳшат солганди. Унинг мерганлик қобилияти ҳар кимни ҳайратга солар ва «бомбардир»лар рўйхатида ҳамиша етакчи бўлиб келарди. Болгар футболи тарихида энг яхши футболчи ҳисобланган ва 1994 йили «Олтин тўп» совринига муносиб кўрилган Стоичков ҳам мана 10 йилдан ортиқ вақтдирки мураббийлик курсисидан муқим жой ололмаяпти. Йиллар ўтмоқда, бироқ Стоичковнинг бу вазифага муносиблиги ўз исботини топмаяпти. Христога Болгария термаси мураббийи сифатида ўзини синаб кўриш имкони 2 марта берилди, аммо у бошчилигидаги жамоа на 2006 йилдаги ЖЧ саралашида ва на Евро-2008да ўзини кўрсата олди. Шундан сўнг, болгариялик «Сельта»да ишлаган бир неча ой вақт давомида Виго жамоасини Сегундага «ғарқ қилди».
Стоичковнинг Жанубий Африка чемпионатидаги саргузаштлари ҳам ўта омадсиз кечди. 2013 йил Софиянинг ЦСКА клуби рулини қўлга олганидан сўнг бир ой ўтар-ўтмас, унга чиқиш эшиклари кўрсатилди: у мамлакатнинг энг номдор клуби саналган ЦСКАнинг муаммоларини ҳал этишнинг уддасидан чиқолмади. Ҳозирда 49 ёшли мутахассис АҚШда истиқомат қиляпти ва Мексика спорт канали телеэксперти сифатида ишламоқда.
Диего МАРАДОНА.
Мураббийлик фаолияти: «Мандию» (12 учрашув: 1 ғалаба, 5 дуранг, 6 мағлубият)
«Расинг» (11 учрашув: 2 ғалаба, 3 дуранг, 6 мағлубият); Аргентина термаси (19 учрашув: 14 ғалаба, 5 мағлубият); «Ал-Васл» (22 учрашув: 7 ғалаба, 5 дуранг, 10 мағлубият).
Марадона – сўзсиз буюк футболчи. Жаҳон футболининг энг таниқли шахсларидан бири. Неапол ва Буэнос-Айресда «Наполи» ва «Боки Хуниорс» мухлислари унга ҳақли равишда энг буюк форвард сифатида қарашарди. Марадона шунингдек, кўплаб совринларнинг эгаси ҳамдир ва уларни бирма-бир санаш учун алоҳида мақола тайёрлаш талаб этилади. Марадонанинг буюклиги унда ўзини мураббий сифатида синаб кўриш истаги туғилганида йўқликка юз тутди. Диегонинг бу соҳадаги фаолияти жанжаллар ва ҳакамлар ишидан норозилик билангина ёдда қолди. Марадона мураббий сифатидаги фаолиятини Аргентинанинг унчалик номи чиқмаган «Мандию» клубида бошлади ва ярим йил ўтар-ўтмас клуб президентига қўл кўтаргани учун ишдан бўшатилди. Мамлакатнинг бошқа бир клуби - «Расинг»да ҳам омади юришмади, бундай фикрни БААнинг «Ал-Васл» жамоасидаги фаолиятига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Араб жамоасига Марадона чемпионликни ваъда қилганди, бунинг ўрнига ўзи Амирликларни ташлаб кетди: ўшанда «Ал-Васл» чемпионат етакчисидан қарийб 30 очко ортда бораётганди. Марадонанинг Аргентина терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланишини ушбу юрт футболи мухлислари катта қувонч билан кутиб олишганди. Маълум вақт давомида аргентиналиклар кучли ўйин намойиш этмаган ҳолда керакли натижага эришиб юрдилар ҳам, бироқ ЖЧ-2010 чорак финалида Германиядан учралган шармандали мағлубиятдан (0:4) сўнг Аргентина футбол федерацияси мутасаддилари Марадонага яна чиқиш эшикларини кўрсатишди.
Хулоса ўрнида. Аслида юлдуз футболчилардан ҳам яхши мураббийлар кўп чиққан. Валерий Лобановский, Юпп Хайнкесс, Пеп Гвардиола, Диего Симеоне, Луис Энрике... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. У мураббийликни ихтиёр этдими, унга руҳан ўзини тайёрлаши керак, энг муҳими ўқиб-ўрганиши лозим. Бекорга Арсен Венгерни “футбол профессори” дейишмайди. Унинг етти тилни мукаммал билишини, ҳар жаҳон чемпионатида техник гуруҳ аъзоси сифатида футболчиларнинг ўйин динамикасини кузатиб боришини бугунги ўзини юлдуз деб ҳисоблаб юрган футболчилар билишармикан?