Бугун Осиёнинг бир қатор шаҳарларида Жаҳон Чемпионати-2018 саралаш раунди иккинчи босқич сўнгги тур учрашувлари ўтказилади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу сафар Баҳрайн термасига қарши баҳс олиб боради. Шу сабабли айни пайтда бутун футбол жамоатчилигимиз эътибори айни шу матчга қаратилгани ҳеч кимга сир эмас.
Хабарингиз бор, ҳамюртимиз Шоҳруҳ Гадоев фаолиятини Баҳрайн Премьер Лигаси вакили саналувчи “Муҳаррақ” клубида олиб бормоқда. Биз маҳоратли ярим ҳимоячининг бугунги ўйин ва умуман Баҳрайн термаси ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Баҳрайн терма жамоаси қитъамизда ўз нуфузига эга термалардан бири саналади. Таркибида бир нечта маҳоратли футболчилар бор. Масалан, ҳужумчи Исмоил Абдуллатиф билан “Муҳаррақ” жамоасида биргаликда тўп сурамиз. У анча тажрибали футболчи. Аммо бизнинг терма жамоа мураббийлар штаби Баҳрайн термаси ўйин услубини яхшилаб ўрганиб чиққанига ва бугунги ўйинга мос тактика танлашига ишонаман.
Умуман олганда, бугунги ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси фаворит. Боиси ўйинчиларнинг маҳорати ва тайёргарлиги борасида бизнинг терма жамоа рақибдан бир бош устун. Фақат буни майдонда исботлаш талаб этилади. Йигитларга ушбу масъулиятли беллашувда омад тилайман. Бугун терма жамоамизга мухлислик қиламан. Ишонаманки, бугун ажойиб ғалаба қўлга киритилади. Умуман, саралаш босқичи муваффақиятли ўтказилиб, якунда 2018 йили Россия яшил майдонларида бўладиган Жаҳон чемпионатига боришимизга умид қиламан. Агар кейинги ўйинларда менинг ҳам терма жамоамизга фойдам тегса, бундан жуда ҳам шод бўламан. Сабаби терма жамоа сафида ўйнаш, юрт шаънини ҳимоя қилиш ҳар қандай футболчи учун шараф, - дейди айни пайтда Баҳрайннинг энг кучли жамоаси сафида фаолият юритаётган ҳамюртимиз SPORTS.uz интернет-портали мухбирига.
Таъкидлаб ўтамиз, Ўзбекистон – Баҳрайн учрашуви соат 18:00да пойтахтимиздаги “Бунёдкор” ўйингоҳида старт олади.