Футбол бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи Леонид Слуцкий Францияга қарши ўтказиладиган ўйин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжумани вақтида француз журналистининг кутилмаган саволига жавоб беришига тўғри келди.
Журналист ундан "Президент Путин сизнинг жамоангизда ўйнаган бўлганида уни қайси чизиққа қўярдингиз" дея сўраган.
"У ўзи истаган чизиқда ўйнаган бўларди", дея жавоб берган мураббий.
Слуцкий шунингдек, футболчилар жойлашган меҳмонхонага Бутундунё аксилдопинг агентлигининг (WADA) вакили ташриф буюрганига муносабат билдирган.
"WADA вакилининг ташрифи бизни умуман ташвишга солмайди. Бугун назарий машғулотлардан кейин футболчиларнинг бир неча нафари допинг бўйича синов тестидан ўтишади. Тестдан ўтадиганлар қуръа ташлаш орқали танланади", дейди мураббий.
Бундан олдинроқ, терма жамоа билан Парижга келган Игорь Денисовнинг иситмаси кўтарилиши туфайли у шифохонага олиб кетилгани ҳақида хабар берилганди. У французларга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб юборади.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Франция терма жамоалари иштирокидаги учрашув 29 март куни Парижнинг чекка ҳудудидаги Сен-Дени шаҳридаги Stade de France стадионида бўлиб ўтади.