«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал Англия чемпионатининг 32 турида «Эвертон»га қарши кечадиган баҳс олдидан мавсумнинг якуний қисми бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Эвертон» сафарда ҳам яхши ўйин намойиш этадиган жамоа. Улар бу мавсумда сафарда ўтган турларда уй ўйинларидагидан кўра кўпроқ очко жамғаришди. Бунга қойил қолса арзийди. Статистикага кўра бизнинг жамоа уларга қарши кейинги йилларда яхши натижалар қайд эта олмаган. Яъни, «Эвертон» – «МЮ» учун жуда қийин рақибга айланган, лекин олдиндаги ўйинда муваффақиятга умид билдираман.
ФИФА кунлари вақтида жамоанинг фақат бир ўйинчиси жароҳат олди, бу менинг фаолиятимдаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Бизда ҳали ҳам мавсумни кучли учликда якунлаш имконияти сақлаб қолинган. Биз буни уддалашимизга ишонмоқдамиз. Бундан ташқари, биз Англия Кубогини ютишимиз ҳам мумкин. Бунинг учун ҳар бир ўйинда жанг қилишимиз керак.
Умид қиламанки, олдиндаги ўйинда ҳам шу мақсадда майдонга тушамиз. Бу ўйин «Ман Сити» билан бўлган ўйин каби ўта муҳим ўйин бўлади», — дейди ван Гаал.
Қайд этиш керакки, турнир жадвалида айни вақтда олтинчи ўринда жойлашган «МЮ» (50 очко) учинчи ўриндаги «Арсенал»дан 5 очко ортда бормоқда.
Шунингдек, жамоа Англия Кубоги чорак финалидаги биринчи ўйинда «Вест Ҳэм» билан дуранг ўйнаган. Жавоб учрашуви сафарда, 13 апрель куни бўлиб ўтади.