Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Аленсандр Петров:«Ҳали асосий кураш олдинда»

Баҳо:
+ | -

Сешанба куни футзал бўйича Ўзбекистон ХХ миллий чемпионати олий лигасида 4-тур учрашувлари якунланди. Ушбу босқичнинг сўнгги кунида мамлакатимизнинг икки етакчи клуби ўзаро тўқнаш келди. «Олмалиқ» амалдаги Ўзбекистон чемпиони бўлса, «Ардус» 48 очко билан пешқадамлик қилаётганди. Марказий учрашув бироз кутилмаган натижа билан якунланди. Жами 8та гол урилган ўйинда «Олмалиқ»лик футзалчилар 5:3 ҳисобида зафар қучишди. Жамолиддин Шарипов, Жавлон Аноров, Ғулом Мамажонов, Андрей Шлёма, Суннат Куралов киритган тўпларга пойтахтлик футзалчилардан Дилшод Ирсалиев (2та) ва Фарҳод Абдумавлонов жавоб беришди. Бу муҳим ғалабадан сўнг Александр Петров шогирдлари очколар ҳисоби бўйича «Ардус»га тенглашиб олишди. Ўзаро ўйинлардаги икки ғалаба «Олмалиқ»ни карвонбошига айлантирди. Биз учрашувдан сўнг «Олмалиқ» бош мураббийи Александр Петровдан интервью олдик.

- Александр Геннадьевич, аввало, муҳим ўйиндаги чиройли ғалаба билан табриклайман. Бу билан чемпионат пешқадамига айланиб олдинглар. Ғалаба ниманинг эвазига келди, деб ўйлайсиз?

- Табрик учун раҳмат. Албатта, бугун жуда муҳим ғалабани қўлга киритдик. Иккита тенг кучли жамоалар ўртасидаги ўйинда зафар қучганимиздан хурсандман. Ҳар икки клуб таркибида миллий терма жамоа аъзолари тўп суришади. Бу ўйинга бўлган қизиқишни янада оширди. Ўйлайманки, баҳс мажмуага келган мухлисларга ҳам ёқди. Дарвозаларга етарлича голлар урилди. Умуман олганда, бугунги учрашувда ҳамма нарса бўлди - голлар, сариқ карточкалар, четлатишлар, асаббузарликлар. Бу марказий ўйинларда бўладиган ҳолат. Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга ва бугунги баҳсга алоҳида иштиёқ билан тайёргарлик кўрган футзалчиларимга миннатдорчилик билдираман. Биз чемпионлик унвонимизни ҳимоя қиляпмиз. Гувоҳи бўлаётганингиздек, бу жараён осон кечмаяпти.

- «Ардус» жамоасининг ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Менимча, бугун биз «Ардус»га қараганда юзага келтирилган вазиятлардан унумлироқ фойдалана олдик. Ғалабамизнинг асосий омили ҳам шу. Йигитлардаги ғалабага бўлган иштиёқ бизда кучлилик қилди. «Ардус» футзалчилари эса қулай вазиятлардан самарали фойдаланишда бироз оқсашди. Бундай ҳолатлар бўлиб туради. Бугун «Ардус»да шундай ҳолат кузатилди, эртага эса бизда ҳам бу жараён қайтарилиши мумкин.

- «Олмалиқ»қа бугун омад кулиб боқди, дея оласизми?

- Биласизми, омад шунчаки келавермайди. Унга интилиш керак. Бугун йигитлар кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Шу ўринда бир нарсани айтишим керак, «Ардус» деярли тенг кучли икки таркибга эга. Иккинчи тўртлик ҳам майдонга тушиб, жамоа ўйинини кучайтира олади. Бизда эса бундай эмас. Бугун иккинчи бўлимда ҳимоявий тактика асосида, бироз эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилдик. Бу эса ўз мевасини берди.

- Хитой чемпионатида ўйнаб қайтган Шуҳрат Тожибоев билан шартнома имзоладинглар. Уни қачон майдонда кўрамиз?

- Шу кунларда унинг сертификати келишини интиқлик билан кутяпмиз. Шундан сўнг Тожибоевни майдонда кўрасизлар. Шуҳратни яқиндан яхши биламан. Жуда тажрибали футзалчи. Олдин қўл остимда ўйнаган. Чемпионат ва кубок ўйинларига қўшимча рўйхатдан ўтказдик. Ўйлайманки, тез кунда бу масала ижобий ҳал бўлади. Унинг клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида жамоамизга фойда келтиришига умид қиляпман.

- Бу мусобақага тайёргарлик қачондан бошланади?

- Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати 15 июль куни бошланиши белгилаб қўйилган. Ўша мусобақа олдидан таркибимизда сезиларли ўзгариш бўлади. «Ардус» таркибида тўп сураётган миллий терма жамоага номзод ўйинчиларни ҳам сафимизга қўшиб олишни мақсад қилганмиз. Қолаверса, бир-икки нафар хорижлик легионер футзалчи билан ҳам шартнома имзолаш ниятидамиз. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида терма жамоамиз ажойиб ўйин кўрсатди. Тарихда илк бор ЖЧ йўлланмасини қўлга киритдик. Терма жамоалар миқёсидаги ана шундай муваффақиятли иштирокдан сўнг биздан барча ижобий натижа кутиши аниқ. Буни жуда яхши тушуниб турибмиз. Шу мақсадда, клублар ўртасидаги Осиё чемпионатига кучайтирилган таркибда бормоқчимиз. Нафақат терма жамоамиз, балки клубимиз ҳам қитъада кучли эканлигини исботламоқчимиз.

- Тўртинчи тур учрашувлари якунланди. Ушбу тур ўйинларидан умумий хулосаларингиз қандай бўлди?

- Тур ўйинлари бошланишидан олдин асосий кураш «Ардус» билан кечиши аниқ эди. Сўнгги кунгача биз ҳам, улар ҳам барча рақибларни мағлуб этдик. Ўзаро ўйинимизда эса биз жуда муҳим ғалабага эришдик. Лекин ҳали ҳаммаси олдинда. «Плей-офф» босқичида кутилмаган натижалар бўлмайди, деб ҳеч ким айта олмайди. Ҳар бир учрашувга алоҳида тайёргарлик билан чиқамиз. Биласизми, бу тур ўйинлари аввалгиларидан фарқ қилди. Учта тур ўйинларида футзалчилардаги чарчоқ аломатлари сезилиб қолди. Чунки терма жамоамиз Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган, терма жамоага номзод футзалчилар ушбу йиғинлар ва унинг доирасидаги ўртоқлик учрашувларида катта куч йўқотишганди. Бу эса чемпионат ўйинларида кўзга ташланиб қолди. Тўртинчи турда эса анча кескин футзалга гувоҳ бўлдик. Осиё чемпионатидан сўнг йигитлар етарлича ҳордиқ чиқариб олишди.

- Чемпионат савиясида ўсиш кўзга ташланяптими?

- Ўсиш бор. Буни ҳеч иккиланишсиз айта оламан. Тўғри, «Олмалиқ» ва «Ардус» клублари мос равишда 3-ўриндаги «Дўстлик AIN»дан 8, 4-ўриндаги «Бунёдкор» жамоасидан 20 очкога ўтиб кетишди. Лекин турнир жадвалидаги бу ҳолат хулоса чиқаришга хизмат қилмаслиги керак. Олдиндаги «плей-офф» ўйинлари анча кескин ўтиши кутиляпти. «Дўстлик AIN» жамоаси пешқадамларга жиддий рақобатни юзага келтиряпти. «Нафис» жамоасининг ёш таркиби жуда яхши таассурот қолдирмоқда. Уларни молиявий қўллаб-қувватлайдиган ҳомий ташкилотлар топилса, Самарқанд жамоаси биз ва «Ардус»га яхшигина ташвиш туғдира олади. Бу турда «Бунёдкор» футзалчилари яхши ўйин намойиш этишди. «Локомотив» ва «Пахтакор» жамоалари ҳам таркибни ёшартириш сиёсатини олиб боришяпти. Ўзбекистон футзал ассоциацияси ташаббуси билан мамлакат ёшлар (U-19) терма жамоаси шакллантирилмоқда. Бу терма жамоага ёш ўйинчиларни етказиб беришга барча клублар масъул бўлиши керак.

- Олдинда қандай режалар бор? Клублар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарлик режаси тузиб чиқилдими?

- Ҳозир футзалчиларга қисқа фурсатли дам берамиз. Олдинда Ўзбекистон кубоги ўйинлари бор. Бундан ташқари, апрель ойининг ўрталарида миллий терма жамоамиз Тошкентда йиғин ўтказади ва халқаро турнирда иштирок этиш учун Японияга жўнаб кетади. Япония сафаридан футзалчиларимиз қайтиб келганидан сўнг Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудида икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғини ўтказишни мақсад қилганмиз. Ҳозирча клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида қайси жамоалар билан ўйнашимиз аниқ эмас. Маълум бўлгач, аниқ режа асосида тайёргарлик кўрамиз. Мусобақагача бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказиш ҳам режага киритилган.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:39, 03.04.2016.
Ўқилди: 2845 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.