Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас 2-2 Бетис
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

Россия чемпионатидаги энг йирик 10 ғалаба

Баҳо:
+ | -

РФПЛнинг 23-турида ЦСКА ўз уйида «Мордовия»ни 7:1 натижа билан мағлуб этди. Умуман олганда, 23-тур доирасидаги кўплаб ўйинларда йирик ҳисоблар қайд этилди. «Краснодар» — «Урал» (6:0), «Рубин» — «Динамо» (4:1) «Спартак» — «Кубан» (2:2) баҳслари шулар жумласидан. Шу муносабат билан Россия чемпионатидаги энг йирик ғалабаларни эслаб ўтамиз.

03.11.2000. «Локомотив» – «Уралан» – 9:0

Россия чемпионатидаги энг йирик ғалабани 2000 йилда «Локомотив» қўлга киритган. Тўққизта гол фарқи билан бу кўрсаткич ҳамон ягона бўлиб турибди. Бўлажак кумуш медал соҳиблари Юрий Сёмин бошчилигида серб Борис Буняк мураббийлигидаги жамоани тор-мор этган эди. Ярим ҳимоячи Дмитрий Лоськов 32 дақиқада хет-трикни нишонлаган бўлса, Дмитрий Булыкин ўз ҳисобига дублни ёзиб қўйди. Олег Терёхин, Владимир Маминов, Вадим Евсеев ва ҳозирда жамоа мураббийи Игорь Черевченколар биттадан гол уришди.

Ўша мавсумда «Уралан» жадвал охириги тушиб кетган ва олий лигани тарк этган эди.

26.07.1994. «Локомотив» – «Торпедо» – 8:0

Саккизта гол фарқи билан эришилган ғалаба ҳам «темирйўлчилар»га тегишли ва жамоа бу ғалабасига ҳам Юрий Сёмин бошчилигида эришган эди. Бу 1994 йилда содир бўлган ва ўшанда «Локомотив» бронза медалига эга чиққан эди. Бу сафар Сёмин жамоаси омадсиз аутсайдерни эмас, мавсумни 11-ўрин билан якунлаган «Торпедо»ни мағлуб этади. Юрий Миронов жамоасининг ўйини бошиданоқ қовушмаган, ўйиннинг бошидаёқ ҳимоячи Геннадий Филимонов ўз дарвозасига гол уриб қўйган. Ҳеч вақт ўтмай Саркис Оганесян иккинчи голни дарвозага жойлаб қўйган. Бу ҳам етмагандай. торпедочи Дмитрий Ульянов ўйиндан четлатилади. Танаффусга чиқиш арафасида Евгений Харлачёв рақиб дарвозасига учинчи голни йўллайди. 70-дақиқадан кейин эса «Торпедо» дарвозаси ҳақиқий голлар ёмғири остида қолади. Ҳужумчи Олег Гарин хет-трикни нишонлаган бўлса, Олег Елышев ва Сергей Перепаденколар биттадан гол билан кифояланишади.

31.05.1994. «Локомотив» – «Динамо-Газовик» – 7:0

Торпедочиларнинг тор-мор этилишидан бироз олдинроқ Сёмин шогирдлари донгдор мураббий Эдуард Малофеев бошчилигидаги Тюменнинг «Динамо-Газовик» жамоасини ҳам янчиб ташлашган эди. Айтганча, «Динамо-Газовик» жамоаси ўша мавсумда лапашанг болалардан иборат эмаслигини намоён қилган ва маррага «Торпедо» билан изма-из етиб келган эди. Бу ўйин ҳам Гариннинг хет-трикисиз ўтмади: форвард биринчи таймда битта, иккинчи таймда иккита гол муаллифи бўлди.

Ўйиннинг иккинчи дақиқасида Игорь Чугайнов аниқ зарбаси билан ўз ҳисобига биринчи голини ёздириб қўйди. Танаффус арафасида у дублни нишонлади. Улардан ташқари Алексей Косолапов ҳам «Динамо-Газовик»ни икки голи билан ранжитди.

09.05.1995. «Ротор» – «Жемчужина» – 7:0

1995 йилги мавсумни Виктор Прокопенко раҳбарлигидаги «Ротор» 7-ўрин, «Жемчужина» жамоаси эса 13-ўрин билан якунлаган эди.

Волгоградликлар учун яхши, сочиликлар учун ёмон якун топган бу ўйин 9 май куни бўлиб ўтган эди. Ўйиннинг биринчи тайми сал бўлса-да тенг курашлар остида кечди, Олег Веретенников ва Владимир Нидергауснинг голларидан сўнг жамоалар танаффусга 2:0 ҳисоби билан чиқишди.

Аммо ҳаммаси иккинчи таймда бошланди: Веретенников ва Нидергауслар хет-трикни қайд этишди. Еттинчи голни эса Игорь Меньщиков уриб қўя қолди. Ўйин якунида сочиликлар мурабийи Арсен Найдёнов учрашув ҳақидаги ўзининг машҳур шарҳини берган эди: «Ҳакам бизга ўйин бермади. Бешинчи ва еттинчи голлар офсайддан урилди».

05.10.2008. «Зенит» – «Луч-Энергия» – 8:1

2008 йилда хорватиялик мураббий Зоран Вулич сербиялик мураббий Бунякнинг саккиз йил олдинги аҳволига тушди. «Петровский» майдонида кечган ўйинда тўққизта гол урилди. Тўғри, улардан биттаси мағлуб томон ҳисобига ёзилди.

2008 йилги мавсумни еврокубокни мўлжал қилиб, бешинчи ўрин билан якунлаган «Зенит» «Луч-Энергия»ни мусобақа жадвалининг энг охирига тушириб юборди.

Майдон эгалари ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди. Аммо Анатолий Тимощук ўн бир метрлик жаримадан фойдалана олмади. Биринчи таймда меҳмонлар дарвозасидан тўртта тўп ўтказиб юборишди: Мигель Дани иккита, Андрей Аршавин ва Роман Широковлар биттадан гол уришди. Танаффусдан сўнг мухлислар Фотиҳ Теккенинг хет-трики, Алехандро Домингеснинг ажойиб голи ва узоқ шарқлик Виталий Булыгнинг жавоб голига гувоҳ бўлишди.  Бу мағлубиятдан сўнг Вулич истеъфо берди.

09.08.2014. «Зенит» – «Торпедо» – 8:1

2014 йилги мавсумнинг бошида «Зенит» «Торпедо»ни олти йил олдин  «Луч-Энергия»ни мағлуб этгани каби 8:1 ҳисоби билан тор-мор қилди. Андре Виллаш-Боаш чемпионлик сари йўлни кучли старт билан бошлаб олди. Бу ўйинда ҳисобни 26-дақиқага келиб Игорь Смольников очди, танаффусга қадар Саломон Рондон ва Халк меҳмонлар дарвозасига биттадан гол уришди.

Иккинчи таймда Халк ва Рондон мерганлик маҳоратларини намойиш қилишди ва иккаласи ҳам дублни нишонладилар. Уладан сўнг Олег Шатов, унинг ортидан эса Александр Кержаков иккита гол киритди. Николай Савичев жамоаси мағлубиятининг янаям йирикроқ бўлишига 86-дақиқага келиб ҳимоячи Дмитрий Айдов ҳам ҳисса қўшиб қўйди. Шундан кейин «Торпедо» ўз уйида «Зенит» билан дуранг ўйнаган бўлса-да, 15-ўрин билан РФПЛни тарк этишга мажбур бўлган эди.

09.09.1998. «Спартак» – «Тюмень» – 7:0

1998 йилги мавсум «Спартак» мухлислари учун ҳақиқий олтин даврлар эди. Ўша мавсумда қизил-оқлар жамоаси Олег Романцев мураббийлигида чемпионликни қўлга киритишди.

 «Тюмень» эса охирги, 16-ўринни банд этган эди. Москвада Александр Игнатенко жамоаси ўз дарвосидан жавобсиз еттита тўп ўтказиб юборди. Биринчи голини 11-дақиқада киритган Александр Ширконинг ўша куни омади чопди: у покерни қайд этди. Ҳужумчидан ташқари Григорий Соколовский дарвозасини Николай Писарев, Василий Баранов ва Андрей Тихоновлар ҳам нишонга олишди. «Тюмень» деярли қаршилик кўрсатолмади.

17.06.1993. «Уралмаш» – «Спартак» – 2:8

Россия чемпионатлари тонгида, узоқ 1993 йилги мавсумда ўнта гол урилган ҳайратланарли ўйин бўлиб ўтган эди. Олег Романцев мураббийлигида «Спартак» мамлакатдаги бошқа жамоалардан савия жиҳатдан бир бош баланд саналарди. Шундай бўлса-да, Екатеринбургда тор-мор этилган Виктор Шишкин мураббийлигидаги «Уралмаш» аутсайдер жамоа эмас эди. Ҳар қалай, ўша мавсум «Уралмаш» жадвалнинг ўртасидаги ўрнини ушлаб қола олган эди.

Виктор Онопко тўртинчи дақиқада дарвозабон Константин Ледовскийни доғда қолдирди. 13-дақиқада эса Николай Писарев ва Валерий Карпин ҳисобни йирик кўринишга олиб келишди. Владимир Блужин тезда ҳисобдаги фарқни камайтиришга муваффақ бўлди. Бироқ, Владимир Бесчастный тезда мосваликларга олдинги устунлигини қайтариб олиб берди. 32-дақиқада Сергей Передня мезбонлар мухлисларига «Уралмаш»нинг иккинчи голи билан оз бўлса-да умид бағишлади. Аммо иккинчи таймда Писарев ва Карпинлар хет-трик қайд этиб, ҳисобни йирик кўринишга олиб чиқиб қўйишди. Голлар ёмғири асосан ўйиннинг 60-дақиқасигача давом этди. Шундан кейин, нима учундир жамоалардаги голга ташналик сўниб қолди.

14.10.1993. «Динамо» – «Луч» – 7:1

Ўша, 1993-йилдаги қойилмақом чемпионатда бронза медалига сазовор бўлган «Динамо» мавсумни 15-ўрин билан ниҳоялаган «Луч» дарвозасига еттита гол урган эди. Мураббийлар Адамас Голодц ва Александр Ивченко ўртасидаги беллашувда биринчиси деярли нокаут билан устун келди.

Узоқ шарқликларни тор-мор этишни ўйиннинг 15-дақиқасида Омар Тетрадзе бошлаб беради. Кўп ўтмай Игорь Симутенков ҳам ўз номини таблога ёздириб қўяди. Танаффус олдидан ҳозирда «Севилья» мураббийи Дмитрий Черышев дублни қайд этади. Айтганча, у иккинчи таймда ҳам дарвозани аниқ нишонга олишга муваффақ бўлади. Иккинчи таймда Симутенков дублга эришади, Бахва Тедеев ҳам голлар шодасидан қуруқ қолмайди. Меҳмонлардан Игорь Перминов ягона гол муаллифи бўлади.

10.05.2003. «Динамо» – «Зенит» – 7:1

Йирик ҳисобдаги беллашувларнинг энг қизиқарлиси, шубҳасиз 2003 йилда, Москвадаги «Динамо» стадионида бўлиб ўтган эди. Ўшанда   Властимил Петржела эндигина «Зенит»да иш бошлаган, дебютнинг барча изтиробларини туйишга мажбур бўлаётган эди. Муваффақиятсизликларнинг энг оғири 1:7 ҳисобидаги мағлубият бўлгани аниқ. Виктор Прокопенко жамоаси танаффусга Огнен Короманнинг икки голи ва Дмитрий Булыкиннинг бир голидан сўнг 3:0 ҳисоби билан чиқиб кетади. Ўйиннинг 60-дақиқасида эса таблода 7:0 ҳисоби порлаб турар эди. Эдуард Корчагин кетма-кет учта гол уради. Кейин Булыкин дублга эришади. 80-дақиқага келибгина «Зенит» Кержаковнинг голи билан битта гол билан жавоб қайтаради. Шундан кейин Петржела жамоада кескин ўзгаришлар қилишга қарор қилади. Натижада, «Зенит» чемпионатни иккинчи ўрин билан якунлайди. Уни йирик ҳисобда мағлуб этган «Динамо»эса бор йўғи олтинчи ўринни банд этади.

Адҳам Ўрол ўғли тайёрлади

Манба: championat.com

Киритилди: 17:57, 12.04.2016.
Ўқилди: 3216 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.