Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Айнан шуни кутгандик

Баҳо:
+ | -

Ниҳоят, узоқ кутилган кун етиб келди - ҳафта бошида ЖЧ-2018 саралаши сўнгги босқичи учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимдан сўнг кайфият кўтарилди, қуръа биз учун кутилганидан ҳам аъло келди. Ҳозир Ўзбекистон терма жамоа­си шундай ҳолатдаки, ниҳоят, узоқ кутилган мундиалга чиқиши шарт. Чунки омад бизга кулиб боқаётгандек. Қуйида ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилиши учун омил бўла оладиган учта энг асосий сабабни келтириб ўтсак.

1. ҚУРЪА

Ўзбекистон миллий терма жамоаси мана 20 йилдирки, жаҳон чемпионати учун кураш олиб боради, аммо бирор марта бундай қуръага йўлиқмаган бўлса керак. Куала-Лумпурдаги маросим олдидан турли тахминлар билдирилди. Бу тахминларнинг деярли ҳар бирида биринчи ва иккинчи саватчадан Эрон ва Жанубий Кореяни рақиб сифатида кўриш истаги бор эди. Якунда бу умидлар оқланди ва айнан шу жамоалар ЖЧ-2018 йўлида бизга рақиблик қилишади.

Албатта, қуйи саватчадаги рақиблар борасидаги фикрлар турлича бўлгандир, буни инкор эта олмаймиз. Аммо ким нима демасин, бир гапни албатта, таъкидлаб ўтишни истаган бўлардик - бу жамоаларнинг бирортаси Ўзбекистондан кучли эмас. Бизнинг гуруҳга тушгани ҳам, тушмагани ҳам. Шундай экан, тўртинчи, бешинчи ва олтинчи саватчалар борасида умидимиз оқланмаган бўлса - ҳеч зарари йўқ. Энг муҳими - Австралиядек дунёнинг нариги чеккасидаги мамлакатга бориб-келиш заҳматидан қутулдик. Европанинг анча-мунча жамоасини ўйлантириб қўядиган Японияга қарши майдонга тушмаслигимиз ҳам аниқ. Эрон ва Жанубий Корея билан эса ўйнаса бўлади. Буни ЖЧ-2014 учун ўтказилган саралаш мусобақасида исботлаб қўйганмиз. Эндиги масала эса, ўша омадсизлик интиқомини олишда қолмоқда, холос. Умид қиламизки, футболчиларимиз бу ишни уддалай оладилар...

2. ТАҚВИМ

Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли келган яна бир нарса эса - бу ЖЧ саралаши тақвими. Шу вақтга қадар тақвим биз учун ноқулай келишига кўникиб қолгандик. Аммо энди нолишга асло ҳаққимиз йўқ. Аксинча, бундан яхшироғини кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмаслигимиз муқаррар.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашини 1 сентябрда ўз майдонида Сурияга қарши кечадиган ўйин билан бошлайди. Рақибга бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда айтамиз, Сурия - гуруҳдаги энг кучсиз жамоа ҳисобланади. Шундай экан, мундиалга чиқишни истайдиган жамоа бундай учрашувда ғалаба қозониши шарт. Аксинча ҳолатда эса, ЖЧ ҳақида ўйлашга нима бор?

Шунингдек, иккинчи тур ҳам биз учун омадли келаётгандек. Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳдаги иккинчи учрашувни сафарда Қатарга қарши ўтказади. Ушбу учрашув 6 сентябрга белгиланган. Қатар - спорти тез ривожланаётган ўлка. Шунга монанд футболи ҳам кўтариляпти. Аммо ҳамма гап шундаки, бу ўлка терма жамоаси кўпинча маҳаллийлаштирилган легионерлар хизматига суянади. Айнан шу ерда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг устун жиҳатлари кўзга ташланиши лозим. Чунки бизнинг термамиз шарафини ёлланма ўйинчилар ҳимоя қилмайдилар. Бу жамоа сафида юрагида ўти бор йигитлар тўп сурадилар. Магарки, футболчиларимиз шуни исботлай олсалар, ЖЧга албатта, чиқишимиз турган гап.

Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Ҳар қандай мусобақада ҳам охирги тур катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳдаги сўнгги баҳсни ўз майдонида Жанубий Кореяга қарши ўтказади. Албатта, бир қарашда бу ўйин анча қийин кўриниши мумкин. Аммо рақиб гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилиб улгурган бўлса, охирги турда бор кучи билан курашармикан - мана шу жиҳатни ҳам ўйлаб кўриш керак. Агар Жанубий Корея ЖЧ йўлланмаси масаласини муддатидан аввал ҳал қилса, Тошкентда бўладиган баҳсга бор-йўғини тикмаслиги турган гап. Албатта, ҳозирча бу эҳтимолий тасаввур. Аммо жуда ҳам рўёбга чиқиши мумкин бўлган тасаввур.

3. ТАРКИБ ВА СПОРТ ФОРМА

Албатта, ҳар қандай қуръа ва тақвим ҳам футболчилар кучли бўлмаса, ҳеч нарсага арзимай қолиши турган гап. Бахтимизга бу томонлама Ўзбекистон терма жамоаси кўп ҳам нолимаса бўлади. Ҳар ҳолда, таркибда дунё даражасидаги юлдузлар бўлмаса ҳамки, қитъа миқёсида ўз номи ва ўрнига эга бўлганлар етарлича.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир ўз тарихидаги энг яхши таркиблардан бирига эга. Буни кўп эътироф этиб ўтганмиз. Айниқса, легионерлар масаласида омадимиз келиб турибди. Бизда Россия чемпионатининг етакчи жамоаларида тўп сурадиган футболчилар бор. Шунингдек, кундан-кунга кучайиб бораётган Хитой ва Қатар чемпионатларида ҳам ўз вакилларимизга эгамиз. ЖЧ саралаши баҳслари эса кузда старт олади. Яхши биламиз, йилнинг айнан шу вақтида футболчиларимиз энг яхши спорт формасига кириб улгурган бўладилар. Боиси - олий лигада ҳам, легионерларимиз тўп сурадиган чемпионатларда ҳам кураш қизғин тус олган бўлади. Шундай экан, 20 йиллик орзуни рўёбга чиқариш учун бундан ортиқ имконият бўлармикан?

ЯКУНДА

Албатта, бу гапларнинг барчаси ҳозирча фараз, холос. Аммо жуда ҳам амалга оширса бўладиган фараз. Бироз уддабуронлик кўрсатсак кифоя, ҳамма орзулар амалга ошади. Фақат ишга тўғри ёндошиш керак. Ўртоқлик ўйинлари ташкил этишда уқувсизлик қилмаслик лозим, таркиб танлашда эса ҳар қандай манфаат ва қарашларни бир четга суриб қўйиб, фақат холис ишлаш шарт. Ўшандагина Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиал таъмини тотиб кўради.

Бундай қуръа, бундай тақвим ва бундай таркиб билан тотмаслик ҳам алам қиларди-да. Агар бу сафар ҳам ЖЧ бизга бегона бўлиб қолса, ҳаммаси терма бошида турган мутасадди-ю мураббийлар виждонига ҳавола бўлади.

«А» ГУРУҲИ

Эрон

Ж.Корея

Ўзбекистон

Қатар

Хитой

СУРИЯ

2016 йил

1-тур. 1 сентябрь

Ўзбекистон - Сурия

Эрон - Қатар

Ж.Корея - Хитой

 

2-тур. 6 сентябрь

Қатар - Ўзбекистон

Сурия - Ж.Корея

Хитой - Эрон

 

3-тур. 6 октябрь

Ўзбекистон - Эрон

Хитой - Сурия

Ж.Корея - Қатар

 

4-тур. 11 октябрь

Ўзбекистон - Хитой

Қатар - Сурия

Эрон - Ж.Корея

 

5-тур. 15 ноябрь

Ж.Корея - Ўзбекистон

Хитой - Қатар

Сурия - Эрон

2017 йил

6-тур. 23 март

Сурия - Ўзбекистон

Қатар - Эрон

Хитой - Ж.Корея

 

7-тур. 28 март

Ўзбекистон - Қатар

Ж.Корея - Сурия

Эрон - Хитой

 

8-тур. 13 июнь

Эрон - Ўзбекистон

Сурия - Хитой

Қатар - Ж.Корея

 

9-тур. 31 август

Хитой - Ўзбекистон

Сурия - Қатар

Ж.Корея - Эрон

 

10-тур. 5 сентябрь

Ўзбекистон - Ж.Корея

Қатар - Хитой

Эрон - Сурия

 

«В» ГУРУҲИ

Австралия

Япония

С.Арабистони

ИРОҚ

БАА

ТАиланд

Абдуллоҳ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:08, 15.04.2016.
Ўқилди: 6005 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.