Тошкентда давом этаётган дзюдо бўйича Осиё чемпионатининг иккинчи кун беллашувлари доирасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, +100 кг вазнда иштирок этувчи Абдулло Тангриев ўз вазн тоифасида совриндор бўлди.
Дастлаб қозоғистонлик рақибини мағлубиятга учратган Абдулло Тангриев ярим финалда яна қирғизистонлик Юрий Краковетскини доғда қолдириб, финал йўлланмасини қўлга киритганди. Ҳал қилувчи баҳс япониялик полвон Кокоро Кагэурага қарши ўтказилди. Бу беллашув Тангриевнинг мағлубияти билан якунланди ва у кумуш медалга эга бўлдт. Эндиликда, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида 3та кумуш ва 3та бронза медаль бор.
Аввалроқ ўзбекистонлик дзюдочилардан Диёрбек Ўрозов (-60 кг) ва Сойиб Қурбонов (-100 кг) кумуш, Мирали Шарипов (-73 кг) ҳамда Рамзиддин Саидов (-100 кг) ҳамда Гулноза Матниёзова (-70 кг) эса бронза медалларига сазовор бўлганди.
Яна бир Ўзбекистон спортчиси ғолиблик шоҳсупасига чиқишда омадсизликка учради. Жорий йил Будапештда бўлиб ўтган Гран-при ғолиби Яхё Имомов бронза медали учун кечган баҳсда қозоғистонлик Азиз Калкаманулига имкониятни бой берди.
Бугун беллашувлар якунланади. Сўнгги кун дастурида жамоавий баҳслар ўтказилади.
16 апрель куни ушбу йўналишда қуръа ташланди. Унга кўра, Ўзбекистон вакиллари биринчи даврада Покистон термасига қарши баҳс олиб боради. Бу терма жамоа мағлуб этилса, катта эҳтимол билан кейинги даврада Жанубий Корея термаси рақиб бўлади. Ўзбекистонлик қизлар эса дастлабки босқичда Хитой терма жамоаси тўсиғидан ўтишга уриниб кўради.