Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Равшан Эрматов: “Ўзбекистон энг тинч, бехавотир диёр”

Баҳо:
+ | -

Бугунги кунда Ўзбекистонда ФИФА рефериси, футбол ҳаками Равшан Эрматовни танимайдиган одам топилмайди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Негаки, камтарингина бу инсон аллақачон ўз номини тарихда қолдириб, афсона даражасига етиб бўлди. Аммо кундалик ҳаётда Эрматов шу қадар очиқкўнгил, фариштали одамки... Яқиндагина таниқли ҳакам билан суҳбат уюштирган Sputnik портали ходимлари мазкур оддий ҳақиқатга яна бир бор гувоҳ бўлишди. Қуйида ана интервьюни бироз қисқартирилган ҳолда ўқиш имконига эга бўласиз.

— Қизиқ, Google тизимидаги номингиз билан боғлиқ машҳурлик масаласида аввал сизнинг маошингиз, ундан кейин эса таржимаи-ҳолингиз тураркан. Нима деб ўйлайсиз, нега одамлар сизнинг даромадингиз билан шунчалик қизиқишади?

— Биласизми, мен аслида ҳеч қачон қанча пул топишимни оммага ошкор қилмаганман. Интернет тармоқларидаги сиз айтган маълумотлар эса ҳаммаси бўлмағур, ўйлаб топилган хабарлар. Бу ўринда бир нарсани инобатга олиш лозим, шартнома бўйича мен ўз гонорарим ҳақида ахборот бериш ҳуқуқига эга эмасман. Шундай экан, доим сўзимда туришга интиламан. Баъзида шундай маълумотларга ўзим ҳам дуч келаман ва одамларда фантазия жуда кучли эканидан ҳайратланиб қоламан. Биз ҳаммамиз турлича характерга эгамиз. Шахсан мен бировларнинг қанча даромад олишаётганига сира қизиққан эмасман. Бу ҳақда ҳеч кимдан ҳеч қачон сўрамаганман ҳам.

— 2003 йилдан сиз ФИФА таснифи остида ўтадиган ўйинларни бошқара бошладингиз. Ўшандаги ҳиссиётлар, вазифалар қандай бўлганини эслай оласизми? Эндигина 25 ёшга кирган инсон учун бу қандай кечганди?

— Тўғрисини айтсам, мен ҳакамлик қила бошлаган илк кунларданоқ ФИФА даражасига чиқишни орзу қилардим. Ўйинларни ким бошқаряпти, қандай бошқаряпти?..  Мақсадимга эришганимдан кейин эса халқаро тажрибаларни ўргана бошладим. Ўша пайтларда дунё миқёсида Пьер Луижи Коллина ва Маркус Меркларнинг номлари машҳур эди. 2002 йилги мундиал вақтида ўзимга-ўзим шундай савол берганим эсимда: «Мен ҳам ўшалардек бўла оламанми?».

Худди шу вақтда менда янги мақсад пайдо бўлди - ҳеч бўлмаса бир кун, бир соат ана шу инсонлардек ишлаш. Шу тариқа, омадим келиб, ФИФАда рўйхатдан ўтган биринчи йилимдаёқ каминани Финляндияга, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига юборишди. Одатда, бундай ишонч учрайвермайди. Кичик мундиалга тайёргарлик бошланганда биз учун алоҳида топшириқлар йўқ эди. Лекин ўзим учун ФИФА талаблари ва вазифаларини чуқурроқ ўрганишга аҳд қилиб қўйдим. Биз - таклиф этилган ҳакамлар халқаро инструктор ёрдамида бир ой тажриба оширдик. Айнан мана шу жараёнда ҳакам кимлигини, у нималарни ўрганиши кераклигини яхшилаб тушуниб олдим. Албатта, бунгача ҳам ўз устимда тинимсиз ишлардим. Лекин ўша тренинглардан сўнг чинакам профессионал бўлиб етишиш учун қайси омилларга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини тушуниб етдим.

Кейинги тўрт йил эса мен учун ҳақиқий синов даври бўлди. Бу давр оралиғида 40дан ортиқ халқаро учрашувларда ишладим, бир нечта семинарларда иштирок этдим. Ана шулардан кейингина мени 2010 йилги мундиалда ишлашга даъвогарлар рўйхатига қўшишди. Ўша пайтдаги ҳиссиётлар жуда ёқимли, унутилмас бўлганди.

— Сиз бир гал шундай дегандингиз: «Ҳакам - ансамбль дирижёри. Агар у футболни чуқур тушунмаса, ўйин ҳароратини ҳис қила олмаса, ўйинда иштирок этаётган футболчиларни ўрганмаган бўлса - бу инқироз». Энди айтинг-чи, сиз қандай қилиб, ҳар ўйиндан олдин 22 нафар алоҳида шахсни ўргана оласиз?

— Биласизми, юзаки олиб қаралганда, қоидалар ҳамма ўйинлар учун бир хилдек туюлади. Аслида эса, ўйин бошлангач, қоидаларни алоҳида вазиятларга қараб қўллаш кераклигини тушуниб етасан. Ҳакам эса ўйинни ўта нозиклик билан ҳис қилиши, мураккаб лаҳзаларда ягона тўғри йўлни танлай олиши зарур. Агар сиз қайсидир лаҳзада қоидалар бўйича иш тутсангиз-у, бу қарор ўйин руҳига мос тушмаса, ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин. Кўп ҳолларда ўзгариш салбий кўриниш олади. Шу боис, ҳар ўйиндан олдин мен юз бериши мумкин бўлган ҳолатларни ҳар томонлама чуқур ўйлаб кўраман. Биласизми, ўйиндан олдин ва унга тайёргарлик кўриш жараёнида шу қадар ғалати ҳиссиётни сезасизки, бошидан ўтмаган киши буни ҳеч қачон тасаввур қила олмайди. Бошқа томондан, вақт ўтгани сари шу ҳиссиётга мослаша борасиз.

Ўйинчиларни ўрганиш жараёнида эса улар ҳақидаги маълумотларни кўриб чиқиб, видеолавҳаларни ўрганаман. Чунки баъзида шундай футболчилар ҳам учрайдики, улар ўйин бошиданоқ ҳакамга халақит бериб, тортишиб, ўзларининг фикрларини маъқулламоқчи бўлишади. Менинг вазифам - ана шундайлар билан тил топишиб, уларга мос муомаладан фойдаланиш. Бу жараён ўйин давомида шаклланиб бораверади.

— Фаолиятингизда умуман эсдан чиқмайдиган ҳолатлар бўлганми?

— Албатта, бўлган. Масалан, ЖАРда ўтган 2010 йилги мундиал вақтида Аргентина ва Греция терма жамоалари ўртасидаги ўйинни бошқардим. Аргентиналиклар таркибида ўша пайтлари ҳакамлар учун чинакам «бошоғриқ» бўлган Хуан Себастьян Верон тўп сурарди. У менинг ҳар бир қароримга норозилик билдириб, гап қайтармаса бўлмасди. Нима дердингиз, футболда бундай инсонлар кўп учрайди: майдондан ташқарида - очиқкўнгил, майдонда эса - худди оловнинг ўзгинаси.

Бундай пайтларда ҳолатни тўғри баҳолаш лозим. Агар сенга норозилик билдирган ҳамма футболчиларга сариқ карточка кўрсатаверсанг, ўйин охирида майдонда ёлғиз ўзинг қоласан. Менимча, яхши ҳакам ўйин вақтида менежмент бўлиши керак, футболчилар сенга тўлиғича ишонишлари шарт. Ўйинчиларнинг қизишиб кетишларига эса одатий ҳолат сифатида қараш керак. Ахир улар футбол ўйнашяпти. Футбол эса чинакам эҳтирослар ўйини. Агар сен дастлабки 15 дақиқа ичида барчанинг ишончини қозона олсанг, ҳаммаси ўз ўрнида кетаверади.

Кўпчилик ўйлайдики, қўлимда сариқ карточка бўлса, демак мен майдонда қоидаларни ўрната бошладим. Ҳамма менга қулоқ солиб, буйруқларимга сўзсиз бўйсуниши шарт. Лекин аслида бундай эмас. Фикримча, ҳакам - футболдаги сервис хизматларининг ўзига хос кўриниши. Бу хизматлар қанчалик сифатли бўлса, ўйин шунчалик томошабоп чиқаверади.

— Ўйин тугади, вазифангизни ўтадингиз... Кейин нима бўлади?

— Мен учун ҳар бир ўйин - алоҳида чақириқ, бошқача айтганда - имтиҳон. Шунинг учун ҳар гал бошқарган ўйинларимни батафсил таҳлил қилиб чиқаман. Чунки майдонда, ўйин вақтида, ҳиссиётлар остида рўй берган вазият видеоёзувларда умуман бошқача кўриниш ҳосил қилиши мумкин. Бундан ташқари, майдонда битта лаҳзани ўнлаб камералар тасвирга туширади. Менда эса атиги иккитагина кўз бор, холос. Бундай таҳлиллар кейинги учрашувларда менга жуда қўл келиб қолиши мумкин.

— Ҳакамлик иши оғир, доим тан-қидларга тайёр туриш талаб этилади. Сиз бундай босимларга қандай дош берасиз?

- Ўйлашимча, инсон энг аввало, ўзини-ўзи танқид қила билиши лозим. Ҳаттоки, атрофдагиларнинг бари сендан рози бўлишса ҳам. Тўғрисини айтсам, қайсидир ишимдан тўла қониқиш ҳосил қилган вазиятлар унчалик кўп учрайвермайди.

— Омадли инсонсиз - бундан ҳеч бошингиз айланиб қолмайдими?

— Жавобим қандай бўлишини биласиз: менда ҳозирча ҳаммаси жойида (кулади).

— Тўғрику-я, аммо атрофингдагилар тинмай «Сен - афсонасан!» деб туришса, бунга дош бериш қийиндир?!

— Ахир мен осмонларда учаётганим йўқ-ку! Ҳамма қатори ерда юрибман. Ўз ишимдан роҳат оляпман. Киборлик эса мен учун эмас! Қолаверса, одамлар ҳам баъзида жуда ошириб юборишади.

— Сиз табиатан шундай камтармисиз?

— Қаерда бўлмайин, қандай ҳолатга тушмайин, ўзимни қандай бўлсам, шундай намоён қиламан. Ўзимда йўқ сифатларни кўрсатишга уринмайман. Бунинг ҳаммаси тарбияга боғлиқ. Бу борада халқимиз ажойиб бир нақл яратган: «Қуш уясида кўрганини қилади». Айтмоқчиманки, оиламиз камтар, отам эса жуда тартибли инсонлар. Буни биз - фарзандлардан ҳам талаб қиладилар.

— Узоқ сафарларга отланганда, миллий таомлардан, масалан, қазидан ғамлаб оласизми?

— Албатта. Чунки улар доимо уйингни эслатиб туради. Улардан Ватан ҳиди келади!

— Бошқа юртлик ҳамкасбларингиз сиздан палов пиширишни илтимос қилишса...

— Ҳа, бундай воқеалар учраб туради (кулиб). Олдинроқ бу ишни кўпинча Баҳодир Қўчқоров ўз зиммасига оларди.

— Бу йил ёзги таътилни қаерда ўтказмоқчисиз?

— Мен учун энг муҳими - хавфсизлик. Айни пайтда эса Ўзбекистондан кўра тинч, бехавотир жойни топиш қийин бўлса керак. Ватанимизда оилавий саёҳат қиладиган диққатга сазовор жойлар жуда кўп.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:41, 19.04.2016.
Ўқилди: 5151 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.