Қайсидир грек файласуфининг “уйлан, ҳотининг яхши чиқса, хўп-хўп, ёмон чиқса файласуфга айланасан” деган иборасини футболлаштириб, “бирор клубимизга мухлислик қил, жамоанг ютиб турса, яхши, акс ҳолда, математикка айланасан” деб ўзгартирсак, футболнинг зарари йўқ. Томоша пайтида кетаётган асаб толаларимизни санаш қобилиятини кашф этмаганимиз туфайли, тўпланган ва тўпланиши мумкин бўлган очколарни санашдан бошқа иложимиз қолмади. Таассуфки, аксарият ҳолларда, тўпланган очколардан кўра, тўпланиши керак бўлган очколар кўп бўлиб чиқяпти.
Ўйлайманки, бу сафар ҳисоблаш осонроқ бўлади, сабаби, гуруҳ ўйинлари тақвими одатдагидан кўра сал бошқачароқ тузилган. Тақвим тузилаётганда Эрон ва Саудия Арабистони жамоаларининг ўзаро учрашувларини кейинроққа суришга ҳам аҳамият берилгани туфайли, клубларимиз сўнгги 2 ўйинни бир жамоага қарши ўйнайдилар, яъни ўзига хос плей-офф ҳолати юзага келган.
“ЛОКОМОТИВ”
Олдин яхши хабардан бошлаймиз. Жамоаларимиз ичида кейинги босқичга чиқиш учун энг реал имкониятга “темирйўлчилар” эгалар. “Локомотив” 8 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Охирги икки ўйин амирликларнинг “Ан-Наср” жамоасига қарши кечади. Гуруҳда учинчи ва тўртинчи ўринни эгаллаб турган жамоаларда 3 тадан очко бор ва улар ўзаро ўйинларда майдонга тушадилар.
Демак, “Локомотив” “Ан-Наср”га қарши икки ўйинда минимум 2 очко олиши керак. Ана ўшанда жамоа гуруҳдаги пешқадамликни сақлаб қолади ва кейинги босқичга йўл олади.
Мабодо икки ўйиндан атиги 1 очко олса-чи? Унда “Локомотив” биринчи ўринни бой беради. Тўғри, плей-офф ўйинлари икки ўйиндан иборат экани ва шунингдек, ОЧЛ гуруҳларида биринчи ва иккинчи ўринни олган жамоалар савия жиҳатидан у қадар фарқ қилмаслигини эътиборга олсак, нечанчи ўринни олиб, плей-оффга чиқиш у қадар муҳим эмасдек. Лекин битта вариант борки, “Локомотив” 9 очко билан гуруҳда қолиб кетиши мумкин.
Агар “Ал-Иттиҳод” “Сепоҳон”га қарши ўйинларнинг ар иккисида ғалаба қозонадиган бўлса, ушбу клуб ҳам очколарини 9 тага етказади ва тўплар нисбатига кўра “Локомотив”ни қувиб ўтиши мумкин. Аксинча, худди шу ишни “Сепоҳон” қиладиган бўлса, “Локомотив”ни қувиб ўта олмайди. Сабаби, ўзаро ўйинларда “Локомотив” эронликлардан устунликка эришган. Очколар тенг бўлиб қолса, биринчи навбатда мана шу кўрсаткичга эътибор берилади. “Ал-Иттиҳод” билан ҳар икки ўйин 1:1 ҳисобида тугаган, шунинг учун ҳам бу ҳолда тўплар нисбати аҳамиятли бўлиб қоляпти. Қисқаси, “Локомотив” 1 очко олиб ҳам кейинги босқичга чиқиши учун, нариги жуфтликда “Ал-Иттиҳод” икки ғалабага эришмаслиги керак бўлади.
“Локомотив” “Ан-Наср”га ҳар икки ўйинни ютқазиб туриб ҳам, кейинги босқичга чиқиши мумкин. Бунинг учун “Ал-Иттиҳод” ва “Сепоҳон” жуфтлигида бирор жамоа 6 очко олмаслиги шарт. Албатта, “Локомотив” вазиятни бу ҳолатга олиб келмайди, деб умид қиламиз ва ишонамизки, навбатдаги турдаёқ ижобий натижага эга бўламиз.
“БУНЁДКОР”
“Бунёдкор” клубларимиз ичида энг оғир аҳволда қолган жамоадир. Атиги 2 очко билан гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турган “қалдирғоч”ларнинг баҳордан тирик чиқишлари жуда қийин. Аввало, шуни айтиш керакки, “Бунёдкор” “Лахвия”га қарши кечадиган ҳар икки ўйинни ғалаба билан якунласа ҳам, барибир, нариги ўйинлар натижасига боғлиқ бўлиб қолади.
Хўп, “Бунёдкор” ўша 6 очкони қўлга киритиб, очколари сонини 8 тага етказди дейлик. Жамоа “Зоб Оҳан”ни қувиб ўтолмайди, сабаби, ҳозирда 8 очкога эга бўлган эронликлар ўзаро ўйинларда “Бунёдкор”дан устунлар. Демак, 8 очко билан “Ан-Наср”ни ҳам ортда қолдириш шарт. Энг ёмони, “Бунёдкор” “Ан-Наср” билан ҳам ўзаро ўйинларда устунликка эга эмас. “Ан-Наср”да бугунги кунда 5 очко бор, демак саудияликлар учун “Зоб Оҳан” билан ўйинларда 3 очко кифоя қилади. “Бунёдкор” ета олмайди. Демак, “Бунёдкор” кейингни босқичга чиқиши учун қолган икки ўйинни ютиши, шу билан бирга, “Ан-Наср” ҳам 3 очко ололмаслиги керак бўлади.
Хўш, “Бунёдкор” 4 очко олиб ҳам кейинги босқичга чиқиши мумкинми? Мумкин. Бу ҳолда уларнинг тўплаган очколари 6 тага етади. “Лахвия”нинг очколари сони ҳам 6 бўлади. Мабодо, “Ан-Наср” эронликларга қарши ўйинларда очко ололмаса сўнгги ўринга тушиб кетади. 2-ўрин масаласи “Бунёдкор” ва “Лахвия” ўртасида кечади. Ўзаро ўйинларда “Лахвия”ни доғда қолдирган “Бунёдкор” 6 очко билан гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритади.
“Бунёдкор” 4 очко олса-ю, “Ан-Наср” ҳам 1 очко олиб, сўнгги турда уч жамоада бир хил 6 очко бўлиб қолса нима бўлади? Энг катта чалкашлик шу ерда. Қизиғи, бу ҳолатда ҳар учала жамоа ҳам ўзаро ўйинларда бир хил - 5 тадан очко олишган бўлиб чиқади. Бутун эътибор бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларидаги тўплар нисбатига қаралади. “Лахвия” “Ан-Наср”ни 4:0 ҳисобида ютиб, жуда яхши тўплар нисбатига эга бўлиб олган. Демак, “Бунёдкор” бу борада “Лахвия”дан яхшироқ кўрсаткичга эга бўлишни истаса, қатарликларни йирик ҳисобда (камида 3 тўп фарқи билан) ютишларига тўғри келади.
“Бунёдкор” қолган икки ўйинда 3 очко олиб, кейинги босқичга чиқиш варианти умуман йўқ. Демак, жамоа 5-турда мағлубиятга учрайдиган бўлса, нариги ўйиндан қатъи назар муддатидан олдин турнир билан хайрлашади.
“ПАХТАКОР”
“Пахтакор” охирги икки ўйинни гуруҳ аутсайдери “Ал-Жазира”га қарши ўтказади. Лекин бу ўйинлардаги 6 очко ҳам “Пахтакор”га етарли бўлмаслиги мумкин. Хўш, “Пахтакор “кейинги босқичга чиқиши учун “Тракторсозий” ва “Ал-Ҳилол” ўртасидаги ўйинлар қандай бўлиши керак?
Ёшлигимизда “бирни қўшамиз икки ёдда” деб, аслида йўқ сонларни қўшишни худди шу пайтлар учун ўргатишган, деб ўйлаб қоламан баъзан. “Пахтакор” икки ўйинни ютиб, 10 очкога эга бўлди, деб тасаввур қиламиз. “Тракторсозий”да 9, “Ал-Ҳилол”да 8 очко мавжуд. Бу жамоаларнинг ҳар икки ўзаро ўйинида бир жамоа ғолиб чиқса, ўша жамоа гуруҳ ғолиби бўлади, “Пахтакор” эса, 10 очко билан иккинчи ўринни қўлга киритади.
Агар бу жамоалар ўзаро “учга уч” ўйнашса, “Пахтакор” гуруҳда қолиб кетади.
Агар бу жамоларнинг ҳар икки ўйини дуранг билан якунланса, эронликларда 11 очко, “Ал-Ҳилол”нинг очколари сони эса 10 та бўлади. “Пахтакор” “Ал-Ҳилол” билан ўзаро ўйинларда ёмонроқ натижага эга бўлгани учун иккинчи ўрин арабларда қолади.
Агар “Тракторсозий” ва “Ал-Ҳилол”нинг ўзаро икки ўйинида фақат бир ўйин дуранг билан якунланса-чи? Мабодо бу ўйинлар “Тракторсозий”нинг устунлигида бўлса, “Ал-Ҳилол”нинг очколари сони 9 бўлади ва “Пахтакор” 10 очко билан гуруҳда 2-ўринга чиқиб олиши мумкин. Агар аксинча, “Ал-Ҳилол” 4 очко оладиган бўлса, “Тракторсози”нинг очколари сони 10 та бўлиб қолади. “Пахтакор” эронликларни қувиб ўта олмайди, чунки, бу сафар ҳам ўзаро ўйинлардаги устунлик рақиб томонида.
Ҳеч бўлмаса, нариги ўйинлардан умид қилиш учун “Пахтакор” ҳар икки ўйинни ютиши шарт. Тошкентликлар 4 очко олиб, кейинги босқичга чиқа оладиган вариант йўқ. Чунки, ҳозирда 8 очко билан гуруҳда иккинчи бўлиб турган “Ал-Ҳилол” ҳар икки ўйинини ютқазсаям, “Пахтакор”дан тепада туради – топдингиз, ўзаро ўйинлар натижасига кўра.
“НАСАФ”
Ҳисоб-китоб қилиш учун ҳам, футболчиларнинг ўйинларга ёндошув жиҳатидан ҳам энг содда ҳолат “Насаф”дадир. Ҳақиқий плей-офф. Рақиб қаршингда, ўзаро ўйинларда яхшироқ натижани қўлга кирит ва кейинги босқичга ўта. Тамом.
Шуни қайд этиш керакки, Қатарнинг “Ал-Жаиш” клуби 4 тур натижасига кўра, муддатидан олдин плей офф йўлланмасини қўлга киритди. Бу билан ҳамюртимиз Сардор Рашидовни ҳам табриклаймиз, албатта. Жамоа тўплаган очколар сони 10 тага етди. Ҳозирда учинчи ўринда турган “Насаф” эса, икки ўйинни ютган тақдирда ҳам “Ал-Жаиш”ни қувиб ўтолмайди, сабаби, ўзаро ўйин натижасига кўра қаршиликларнинг кўрсаткичи ёмонроқ. Бундан хулоса қилиш мумкинки, “Насаф”да гуруҳ ғолиби бўлиш имконияти умуман йўқ, лекин 2-ўрин билан гуруҳдан чиқиш мумкин, юқорида айтганимдек, барчаси жамоамизнинг ўз қўлида.
“Насаф” 5 ва 6-турларни “Ал-Айн” жамоасига қарши ўтказади. “Ал-Айн” “Насаф”га нисбатан 2 очко кўп жамғарган. Демак рақибни қувиб ўтиш учун “Насаф” рақибидан камида 4 очко олиши шарт. Бу ўйинларда бир дуранг ва бир ғалаба “Насаф”га “Ал-Айн”ни қувиб ўтиш имкониятини тақдим этади.
Аммо “Ал-Аҳли” ҳақида ҳам унутмаслик керак. 3 очко билан гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турган саудияликлар назарий томондан иккинчи ўринни олиш имкониятларини йўқотганлари йўқ. Мабодо “Ал-Аҳли” “Ал-Жаиш”га қарши ҳар икки ўйинда ғалаба қозониб, очколари сонини 9 тага етказадиган бўлса, “Насаф”га 4 очко етмаслиги ҳам мумкин.
Демак хулоса қиламиз, “Насаф” ҳар икки ўйинни ютса, бошқа ўйинлар натижасидан қатъи назар кейинги босқич масаласини ҳал қилади. Агар 4 очко оладиган бўлишса, “Ал-Аҳли”нинг очко йўқотишига умид қилиш керак бўлади.
Шунақа гаплар. Клубларимиз ҳал қилувчи ўйинларда имкон қадар ижобий натижалар қайд этишлари шартки, акс ҳолда, кейинги чемпионлар лигасида 4 жамоа билан қатнашиш ҳуқуқини бой бериб қўйишимиз мумкин.
Қаҳрамон Асланов