Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Совриндорлар кушандаси ёки Аестаран ҳақида

Баҳо:
+ | -

Василий Обломовнинг Магадан ҳақидаги қўшиғига қуйидаги ибора якун ясади: «Афсуски, мен ягона қўшиқнинг муаллифиман. Ягона, лекин уни бепоён ватанимда ҳамма билади!». 54 ёшли Франсиско Мартин Аестаран Барандиаран футболда Абломов каби ўлмас хитни яратди. Шу пайтгача жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлаган мутахассис раҳбарлигида «Валенсия» аввал ЕЛ кубоги соҳиби, кейин ЧЛнинг амалдаги ғолибини ички чемпионатда маҳв этди. Айниқса, «Камп Ноу»даги жасоратдан кейин ўзи учун тарихдан жой ажратиб улгурди. Икир-чикирлар - Диего Алвеснинг қаҳрамонлиги, Пикенинг ақл бовар қилмас «қовун»и, Ракитичнинг автоголи вақти келиб унутилар. Лекин Аестараннинг сафардаги тарихий ғалабасини ўчириб ташлашнинг иложи йўқ.

Шу пайтгача футбол оламига яхши таниш бўлмаган бу мураббий ким? Қуйида келтириладиган 10 далил ғойибдан пайдо бўлган сирли мутахассис ҳақида озми-кўп тасаввурга эга бўлишингизга ёрдам беради.

Аестаран ҳеч қачон профессионал даражада тўп сурмаган. Болалигида «Реал Сосьедад» мактабида таҳсил олган. Бироқ иқтидор соҳиби эмаслигини фаҳмлагач, бутун эътиборини ўқишга қаратди. Ўз салоҳиятини футболда намо­йиш этиш нияти уни талабалик даврида ҳам тарк этмади. Жисмоний тарбия институтининг тамомлаган Пако футбол мураббийи дипломига эга бўлди.

Аестаран билан Рафаэль Бенитесни 5та жамоа ва 11 йиллик ҳамкорлик боғлаб туради. Улар «Осасуна» ва «Тенерифе»да айтарли натижаларга эришолмадилар. «Эстремадура» билан биргаликда қуйи дивизиондаги парвозга ва элитадаги пастга шўнғишга гувоҳ бўлдилар. «Валенсия» билан икки марта Испания чемпионатида ғолиб чиқишди, «Ливерпул»ни эса ЧЛ ҳамда УЕФА суперкубогида шоҳсупага олиб чиқишди.

2007 йилда Бильбаонинг «Атлетик» клуби президентлигига даъвогарлик қилган Хавьер Гонсалес ўзининг сайловолди дастурида Аестаранга бош директор лавозимини ажратганди. Аммо Гонсалесга ғолиблик насиб этмади ва Пако «Энфилд»да мураббий мақомида қолаверди. Тўғри, узоқ муддатга эмас. Узоқ йиллик сафдошларнинг йўллари 2007 йилнинг сентябрида айро тушди. Афсуски, хайрлашув дўстона вазиятда ўтмади. Рафаэль ватандошини хоинликда айблади. Гўёки, Пако Бенитесдан пинҳона иш берувчилар билан музокаралар олиб борган. Табиийки, Аестаран бу айбловни рад этди. Кейин Рафа билан футболга оид масалаларда келишолмай қолганини баҳона қилиб, Анг­лияни тарк этди. Уни Авраам Грант «Челси»га таклиф этганди. Бироқ баск «Ливерпул»га бўлган ҳурмати юзасидан бу таклифни рад этди.

Аестараннинг «Реал-Сосьедад» спорт директори лавозимидаги фаолияти атиги бир неча ҳафтадан иборат бўлди. Ана шу қисқа муддат ичида Франсиско жамоа соҳиби Бадиола билан ҳамкорлик қилолмаслигини тушуниб етди. Ўзи учун оддийроқ саналган мураббийлик соҳасига қайт­ган Аестаран Кике Флореснинг «Бенфика»си ва Унаи Эмерининг «Валенсия»сида жисмоний тайёргарликка масъул бўлди. Эмери Пако билан ҳамкорликни давом эттиришни хоҳлаганди. Аммо у иложи борича тезроқ мустақил равишда иш юритиш ниятини билдирди. Талабалик давридаги азалий орзусини рўёбга чиқариш Аестаранга 51 ёшида насиб этди. Бироқ ҳаётий сабоқлар анча аччиқроқ бўлди - испаниялик мураббийнинг Мексикада «Эстудуантес Текос»ни «плей-офф» босқичи орқали элитага олиб чиқиш режаси муваффақиятсиз якунланди. Шундан кейин Пако бу лойиҳага бўлган қизиқишни унутди. Маҳаллий сегунда эса Франсискони мутлақо қониқтирмасди. Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ бўлади, деганларидек, Аестараннинг «Маккаби»даги фаолияти самарали чиқди. Франсисконинг ватандоши бўлмиш Оскар Гарсия унгача Тель-Авив жамоасига устозлик қилган, лекин Исроил армияси Ғазо секторида уруш ҳаракатларини бошлаганидан сўнг у ерни тарк этганди. Аестаран эса ҳудуддаги кескинликдан чўчимади ва жамоа билан ўзига хос «хет-трик»ни қайд этди: «Маккаби» ички чемпионат, Исроил ва Лига кубоги мусобақаларида ғолиб чиқди. Бош мураббий сифатида қўлга киритилган ана шу совринлар ҳозирча Аестараннинг ягона муваффақияти бўлиб турибди.

«Ливерпул»да Брендан Рожерс штабига қайтиш таклифини рад этганини Франсиско бундан кейин кимнингдир раҳбарлиги остида ишлашни истамаслиги билан изоҳлади. Лекин «Месталья»га учинчи марта қайтиши йўлида Аестаран ўз ақидасидан четга чиқишдан ҳам тап тортмади. Гўёки, у қандайдир ижобий ўзгаришларни аввалдан ҳис этгандек. Февраль ойида Франсиско Гарри Невилл штабидан жой олди, март охирида англиялик мутахассиснинг ўрнини эгаллади. Орадан икки ҳафта ўтгач, унинг «Валенсия»­си ЕЛнинг амалдаги ғолиби - «Севилья» устидан ғалаба қозонди - 2:1. Яна 7 кундан кейин эса Европанинг энг кучли клуби - «Барселона»ни ўз майдонида мағлубиятни тан олишга мажбур этди. Мўъжиза, чинакам мўъжиза!

Манба: Championat.com,

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:22, 28.04.2016.
Ўқилди: 3035 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.