Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчи – Достонбек Ҳамдамов Осиё Футбол Конфедерацияси йилнинг ҳар чорагида чоп этадиган Осиё футболи ҳақидаги журнали қаҳрамонларидан бирига айланди.
“Порлаётган юлдуз” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада “Бунёдкор” ҳужумчисининг 2015 йилда Янги Зеландияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида намойиш этган ёрқин ўйинлари, футболчининг клубдаги фаолияти ҳамда Осиё чемпионлар лигаси ўйинларида орттираётган тажрибаси ҳақида сўз боради.
2015 йилда Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси дея эътироф этилган Ҳамдамов ОФК расмий журналига берган интервюсида ёшлар ўртасидаги мундиал ҳақида тўхталиб, шундай дейди:
“20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати биз учун катта тажриба бўлди. Биз мундиалда ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш этиб, Ўзбекистон футболи савиясини намойиш этишга интилдик. Мақсадимиз ушбу йирик мусобақанинг ярим финалига қадар етиб бориш эди. Афсуски, жамоа Сенегалга мағлуб бўлди. Мен дисквалификация сабаб ўша ўйинда иштирок эта олмагандим. Мен учун бу жуда оғир палла бўлганди.
Бироқ, мен ўша чемпионатдаги икки воқеани бошқалардан кўра яхшироқ ёдда сақлаб қолганман. Биринчиси, нимчорак финалда Австрияга урган икки голим. Ўша голлар жамоани чорак финалга йўл олишида муҳим ўрин тутганди. Иккинчиси эса, Германияга қарши гуруҳ босқичидаги ўйинимиз. Бу ўйинда мағлуб бўлганимизга қарамай, биз учун катта дарс вазифасини ўтаб берганди”.
Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилгани борасида тўхталар экан, Достон қуйидаги фикрларни билдиради:
“Осиёда йилнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф эътилишим мен учун катта шараф. Буни кутмагандим. Барча номзодлар “Бунёдкор” ва Ўзбекистон U20 жамоаси аъзолари бўлди. Шундай экан, бу ютуқ фақатгина меники эмас, мен билан шу йўлларни бирга босиб ўтган жамоадошларимники ҳамдир, деб ҳисоблайман”.
Суҳбат давомида футболга кириб келиши, 2012 йилда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сафида Осиё чемпионлигини қўлга киритиши, “Бунёдкор” асосий таркибидаги дебюти ҳамда Осиё чемпионлар лигаси ҳақида ҳам сўз юритилади. Хусусан ОЧЛ учаршувларида “Бунёдкор” сафида ўтказган ўйинлари ҳақида сўзлар экан, шундай дейди:
“Осиё чемпионлар лигаси менга жуда катта тажриба мактабини ўтаб беряпти. Бу эса менга фаолиятим давомида жуда асқотади. ОЧЛда ҳар бир ўйин жуда кучли жамоаларга қарши кечади. Мен қитъанинг энг нуфузли мусобақасида ўйнаш имкониятига эга бўлаётганимдан бахтиёрман ва ўзимни омадли инсон деб биламан”.
Ўзининг айни вақтдаги орзуси ҳақида сўралганида Достонбек Ҳамдамов қуйидагича жавоб беради:
“Ўтган йил мен учун омадли ва яхши воқеаларга бой бўлди. Айни вақтдаги мақсадим эса миллий терма жамоа сафида 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига боришдан иборат. Ўзбекистонда ҳар бир мухлис, ҳар бир футболчини мана шу истак билан яшайди. Умид қиламанки, миллий терма жамоа таркибига кира оламан ва жамоанинг Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқишида ҳиссамни қўшаман”.