Кириш Регистрация
01/08 19:30 Андижон - Пахтакор
01/08 20:30 Бухоро - Локомотив
02/08 19:30 Навбаҳор - Хоразм
02/08 20:00 Машъал - Сўғдиёна
02/08 20:30 Қизилқум - Бунёдкор

Суперлига. Август ойида ўтказиб юбормаслик керак бўлган 5 та учрашув

Баҳо:
+ | -

Август ойи Ўзбекистон футболи мухлислари учун ҳақиқий футбол байрамига айланиши кутилмоқда. Турнир жадвалининг юқори поғонасидаги жамоалар ўзаро тўқнаш келади, тарихий дербилар, принципиал рақобатлар ҳамда чемпионлик пойгасига бевосита таъсир қиладиган баҳслар футбол ишқибозларини кутмоқда.

«Динамо» — «Нефтчи» (15-тур, 3 август)

2025 йилги мавсумдаги муваффақиятли иштирокдан сўнг «Динамо»дан 2026 йилда ҳам катта натижалар кутилганди. Бироқ самарқандликлар мавсумни омадсиз бошлаб, дастлабки 10 турда атиги 8 очко жамғарди.

Шунга қарамай, сўнгги тўрт учрашувда Вадим Абрамов шогирдлари ўйинларини анча яхшилаб, кетма-кет тўртта ғалабага эришди.

«Нефтчи» эса иккинчи даврани қийинчилик билан бошлади. Фарғоналиклар аввал «Бухоро»га қарши оғир баҳс ўтказган бўлса, кейинги турда ўз майдонида «Навбаҳор» билан дуранг ўйнади.

Футбол жамоатчилигида айни пайтда «Нефтчи» ўйинида пасайиш, аксинча «Динамо»да ўсиш кузатилаётгани ҳақида фикрлар янграмоқда. Ушбу учрашув бу қарашларнинг қай даражада тўғри эканини кўрсатиши мумкин.

«Пахтакор» — «Бухоро» (17-тур, 6 август)

Турнир жадвалида иккинчи ўринда бораётган «Пахтакор» ўз майдонида «Бухоро»ни қабул қилади.

Жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида устунлик тўлиқ «шерлар» томонида. «Пахтакор» 2018 йилдан буён «Бухоро»га мағлуб бўлгани йўқ.

Бироқ бугунги вазият аввалгидан фарқ қилади. «Бухоро» айни пайтда 23 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда. Александр Хомяков бошчилигидаги жамоа 12-турда амалдаги чемпион «Нефтчи»га ҳам жиддий қаршилик кўрсатганди.

Шу боис бу сафар ҳам меҳмонлар осонликча таслим бўлиши кутилмаяпти. Шунингдек, «Бухоро» мухлислари 2025 йилги Ўзбекистон кубоги финалидаги мағлубиятни ҳамон унутгани йўқ ва ушбу баҳс реванш имкониятига айланиши мумкин.

«Андижон» — «Нефтчи» (17-тур, 13 август)

17-турнинг марказий баҳси 13 август куни «Бобур Арена»да бўлиб ўтади. Мухлисларни навбатдаги Водий дербиси кутмоқда.

Ислом Аҳмедов бошчилигидаги «Андижон» сўнгги ҳафталарда ишончли ўйин намойиш этмоқда. Жамоа охирги олти учрашувда 13 очко жамғариб, етакчиларга қарши курашишга тайёрлигини кўрсатди.

«Нефтчи» эса сўнгги йилларда «Андижон»га қарши муваффақиятли ўйнаб келмоқда. Фарғоналиклар рақибини кетма-кет уч учрашувда мағлуб этган ва Андижондаги сўнгги тўрт баҳсда ҳам ютқазмаган.

Жамоалар бу мавсум биринчи марта 10 март куни тўқнаш келиб, ўшанда «Нефтчи» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

«Бухоро» — «Нефтчи» (18-тур, 18 август)

12-турда «Бухоро» Фарғонада «Нефтчи»га қарши жуда яхши ўйин кўрсатганди. Александр Хомяков шогирдлари 85 дақиқа давомида ҳисобда олдинда борган, аммо якунда амалдаги чемпион ирода намоён этиб, ғалабани илиб кетган.

Сўнгги натижаларга кўра, «Бухоро» «Нефтчи» учун ноқулай рақибга айланиб улгурган. Жорий йилда бухороликлар Ўзбекистон кубогида ҳам фарғоналиклардан очко тортиб олишга муваффақ бўлган.

Бундан ташқари, Суперлигада «Бухоро» ўз майдонида ўтказган сўнгги тўққизта учрашувда «Нефтчи»га мағлуб бўлмаган.

«Нефтчи» — «Пахтакор» (Ўзбекистон кубоги, нимчорак финал, 29 август)

Август ойининг энг кутилган баҳсларидан бири 29 август куни Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтади. Ўзбекистон кубоги нимчорак финалида «Нефтчи» «Пахтакор»ни қабул қилади.

Бу мавсум жамоалар икки марта ўзаро тўқнаш келди. Суперкубокда «Нефтчи» ғалаба қозонган бўлса, Суперлигада «Пахтакор» устун келди.

Шу сабабли ушбу учрашув нафақат чорак финал йўлланмаси, балки жамоаларнинг бу йилги ўзаро рақобатида устунликни қўлга киритиш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади.

Энди 29 август куни Фарғонада ким ғалаба қозонишига жавоб топилади.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 23:41, 31.07.2026.
Ўқилди: 416 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик