Испаниянинг «Реал» ва Германиянинг «РБ Лейпциг» клублари ўртасидаги навбатдаги музокаралардан кейин ҳам Кот-д'Ивуар терма жамоаси вингери Ян Диоманденинг трансфери бўйича якуний келишувга эришилмади. Бу ҳақда Германиянинг нуфузли Bild нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, «РБ Лейпциг» мадридликларнинг 100 миллион евро ва 115 миллион евролик икки таклифини рад этган.
Хабарда айтилишича, энди немис клуби футболчи учун камида 120 миллион евро кафолатланган маблағ талаб қилмоқда. Турли бонуслар қўшилганда эса трансфер қиймати 135 миллион еврогача етиши мумкин.
Аввалроқ таниқли инсайдер Фабрицио Романо Ян Диоманде яқин орада «Реал» футболчисига айланишини, трансфер суммаси эса 100 миллион евродан ошишини маълум қилган эди.
Диоманде 2025 йилдан буён «РБ Лейпциг» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У 2025/2026 йилги мавсумда барча мусобақаларда 36 та ўйин ўтказиб, 13 та гол ва 10 та голли узатма қайд этди.
Transfermarkt маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 90 миллион еврони ташкил этади. Унинг «РБ Лейпциг» билан амалдаги шартномаси яна тўрт йилга мўлжалланган. Шунингдек, Диоманд 2026 йилги жаҳон чемпионатида 4 та учрашувда иштирок этиб, 1 та голли узатма берган.













