УЕФА «Ливерпуль»нинг допинг-тестдан ўта олмаган франциялик ҳимоячиси Мамаду Сакони 30 кунга дисквалификация қилди.
У «Манчестер Юнайтед»га қарши (1:1) Европа Лигаси нимчорак финал жавоб ўйинидан сўнг допинг билан қўлга тушганди. Сако бадандаги ёғларни эритадиган моддалар қабул қилганлиги тахмин қилинмоқда.
26 ёшли футболчи иккинчи допинг-тест натижаларини эълон қилинишидан бош тортди ва дастлабки допинг-тест натижаларига эътироз билдирмади.
Текширувлар давом этмоқда, ҳозирча футболчи 30 кун давомида ўйинларда майдонга туша олмайди. Бу борадаги якуний ҳукм кейинроқ эшиттирилади.
Қайд этиш жоиз, Мамаду Сако «Ньюкасл»га қарши Англия чемпионати 35-турида жамоанинг қайдномасига киритилмади. Франциялик ҳимоячисиз ўтган ўйинда «Ливерпуль» ўз майдонида «Ньюкасл» билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Агар футболчининг айби исботланса у терма жамоаси сафида Европа чемпионатида ҳам иштирок эта олмаслиги мумкин.