Кириш Регистрация

Бундестим келажаги (+фото)

Баҳо:
+ | -

FootballHD.ru ижодкорлари терма жамоаларнинг эртанги куни ҳисобланган ёш иқтидор соҳиблари ҳақида ҳикоя қиладилар. Эътиборингизни амалдаги жаҳон чемпиони - Германия терма жамоасининг бўлажак юлдузларига қаратамиз.

Деннис ОТТО

Дарвозабон, 17 ёшда, «Барселона»

Терма жамоага жалб этилиш эҳтимоли: паст

Немис футболи азалдан моҳир дарвозабонлари билан довруғ қозонган. Шу боис, мазкур позиция учун рақобат доимо ўта кучли бўларди. Яқин 5-6 йил ичида Мануэль Нойер ва тер Штегендек «аслар»ни таркибдан чиқариш осон бўлмаслигини ҳисобга олган ҳолда рўйхатга ёш, лекин ноёб иқтидор соҳиби бўлган Оттони киритдик. Отаси Испанияда сайёҳлик бизнеси билан шуғуллангани сабабли, Деннис болалик пайтидан Пиренейда ўсди. Футбол билан шуғулланишни у «Мальорка»да бошлаганди. Лекин тез орада «Барселона» уни ўз академиясига жалб этди. Ҳозирда каталонияликлар ноёб иқтидор эгаси сифатида эътироф этишаётган Оттони Луис Энрике «Барса» машғулотларига жалб этмоқда.

Жошу КИММИХ

Ҳимоячи, 21 ёшда, «Бавария»

Терма жамоага жалб этилиш эҳтимоли: юқори

Аслида, таянч ярим ҳимоячиси чизиғига ихтисослашган Киммих Бадштубер, Боатенг ва Бенетия жароҳат олишганидан кейин марказий ҳимоячи вазифасини бажаришга мажбур бўлмоқда. Мудофаа чизиғидаги шериги - Хаби Алонсо унинг ҳаракатларидан мамнун, Жошуани Хавьер Маскерано билан тенгламоқда. Хавьер ҳам таянч ярим ҳимоячиси позициясидан ҳимоя марказига ўтганди. Қолаверса, Хосеп Гвардиола унга тўла ишонч билдириб, Жошуани ўз ўғлидек кўришини эътироф этди.

Жонатан ТА

Ҳимоячи, 20 ёшда, «Байер»

Терма жамоага жалб этилиш эҳтимоли: юқори

«Доришунослар» ёзда «Гамбург»га 7 миллион евро тўлаб, универсал ҳимоячига эга бўлишди. Бўйи 194 см. бўлган 90 килограммли Жонатан чинакам баҳодир. Унинг терма жамоада Жером Боатенгнинг ўрнини эгаллаши тахмин қилинмоқда. Жорий мавсумни «Байер»да барқарор ўтказаётган ҳимоячи Евро-2016 иштирокчисига айланиш учун зарур барча хусусиятларга эга.

Марк-Оливер КЕМПФ

Ҳимоячи, 21 ёшда, «Фрайбург»

Терма жамоага жалб этилиши эҳтимоли: паст

Бундан икки йил аввал «Фрайбург» «Боруссия» Д.га ўтиб кетган Маттиас Гинтернинг ўрнини тўлдириш мақсадида Кемпфни харид қилганди. «Айнтрахт» ҳимоячисида «Ювентус»га ўтиш варианти ҳам йўқ эмасди. Бироқ Марк-Оливер донгдор жамоанинг захира ўриндиғидан кўра, ўйин амалиётини афзал кўрди. Жорий мавсумда Кемпф рисоладагидек тўп сурмоқда. Лекин «Фрайбург» 2-бундеслигада иштирок этаётгани боис, бундестим орзусини кейинроққа қолдиришга мажбур.

Юлиан ВАЙГЛЬ

Ярим ҳимоячи, 20 ёшда, «Боруссия» Д.

Терма жамоага жалб этилиши эҳтимоли: юқори

Ҳозирда Юлиан нафақат бундеслига, балки Европада мавсум кашфиёти бўлиб турибди. Ёзда дортмунд­ликлар уни арзимаган 2 миллион евро эвазига жамоага қўшиб олганларида, ёш иқтидор соҳибининг қисқа муддатда асосий таркиб аъзосига айланишини ҳеч ким хаёлига келтирмаганди. Ахир Свен Бендер, Илкай Гюндоган, Маттиас Гинтер, Гонсало Кастро ва Нури Шахиндек маҳорат соҳибларидан ўзиб кетиш осон эмас-да. Аммо Томас Тухель бу борада умуман бошқача фикрда эди. У ёш иқтидор эгасига ишонч билдирди. Вайгль эса ёшига хос бўлмаган етук ўйинлари билан жавоб қайтармоқда. «Боруссия»нинг барча ҳужумларида Юлианнинг иштироки бор, аниқлик борасида у етакчилар сафида.

Левин ОЗТУНАЛИ

Ярим ҳимоячи, 19 ёшда, «Вердер»

Терма жамоага жалб этилиши эҳтимоли: паст

Бу футболчининг исм-шарифидан хулоса қиладиган бўлсак, унинг Туркия терма жамоасида ўйнашини тахмин қилиш мумкин. Чунки фақат унинг бобоси - Уве Зеелер (таниқли футболчи) немис бўлган. Левин ҳам худди бобоси каби футболдаги дастлабки қадамларини «Гамбург»да қўйди, кейинчалик унинг маслаҳати билан «Байер»га ўтди. Ҳозирда ёш иқтидор соҳиби ижара асосида «Вердер» шарафини ҳимоя қилмоқда.

Маҳмуд ДОВУД

Ярим ҳимоячи, 20 ёшда, «Боруссия» М.

Терма жамоага жалб этилиш эҳтимоли: ўртача

Довудлар оиласи Суриядан Германияга йўл олганида бўлажак футболчи атиги 1 ёшда эди. Маҳмуд Дюссельдорфда футбол билан шуғулланиб, 14 ёшида «Боруссия»дан таклиф олди. Уч йилдан кейин ёш иқтидор соҳиби «Бавария»га қарши баҳсда ўз дебютини нишонлади. Лекин жароҳат олгани боис, ўша мавсумда кўпроқ майдонга туша олмади. Ҳозирда у гладбахликлар жамоаси марказининг етакчиларидан бири, аксарият жамоаларнинг эътиборида. Жумладан, «Ювентус» асосий даъвогарлар сафида. Дортмунднинг «Боруссия»си эса Довудни Илкай Гюндоган ўрнига мўлжалламоқда.

Феликс ПАССЛАК

Ярим ҳимоячи, 17 ёшда, «Боруссия» Д.

Терма жамоага жалб этилиши эҳтимоли: паст

«Боруссия» Д. тизимида атиги икки йилдан бери шуғулланаётганига қарамасдан, ёш иқтидор соҳиби ўринбосарлар сафида сардорликка кўтарилди. Жорий мавсум арафасида Томас Тухель уни асосий таркиб машғулотларига жалб этиб, вақти-вақти билан майдонга туширмоқда. Пасслак - универсал ўйинчи. Ярим ҳимоя чизиғида ҳам қанот ҳимоячиси сифатида ҳам ўйнайверади. Ўз вақтида, Юрген Клопп Марио Гётцени айнан шу ёшда асосий таркибга жалб эта бошлаганди. Феликс ҳам ундан қолишмаяпти.

Марк ШТЕНДЕРА

Ярим ҳимоячи, 20 ёшда, «Айнтрахт»

Терма жамоага жалб этилиш эҳтимоли: паст

Марк ўтган мавсумда ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида 4та самарали тўп узатишни амалга ошириб, турнирнинг энг яхши ассистенти бўлганди. 4 йилдан бери «Айнтрахт»да тўп сураётган футболчининг ёзда бошқа жамоага ўтиши эҳтимоли жуда юқори. Унга «Байер», «Шальке» ва «Вольфсбург» клублари қизиқишмоқда.

Юлиан БРАНДТ

Ярим ҳимоячи, 19 ёшда, «Байер»

Терма жамоага жалб этилиш эҳтимоли: ўртача

Бу ёш футболчи бундеслигада 55 марта майдонга тушишга улгурди. Ажойиб натижа! Мукаммал техникага эга бўлган Юлиан дадиллик билан тўп суради, керак пайтда ҳужум чизиғида ҳам ишончли ҳаракат қилади. Брандт турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларда яхши таассурот қолдирган, энди навбат Йоахим Лёв жамоасига келди.

Тимо ВЕРНЕР

Ҳужумчи, 19 ёшда, «Штутгарт»

Терма жамоага жалб этилиш эҳтимоли: ўртача

Эртами, кечми, Вернер албатта, бундесманшафт сафидан жой олади. Чунки Гомес 30 ёшга тўлди, Фолланд билан Крузенинг барқарорлиги эса талаб даражасида эмас. Тимонинг ягона камчилиги - вазиятлардан унумли фойдалана олмаслик. Бундеслигада 3 йилдан бери тўп суриб, тажриба тўплаган бўлсада, самарадорлик талаб даражасида эмас.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:25, 01.05.2016.
Ўқилди: 3747 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.