«Барселона» бош мураббийи Луис Энрике «Бетис»га қарши (2:0) Испания чемпионати 36-турида ўз шогирдларини жиддий танқид остига олди, деб хабар беради «Чемпионат».
Учрашувнинг биринчи бўлимидан сўнг ҳисоб 0:0 кўринишда эди. Танаффус вақтида Луис Энрике «Барселона» футболчиларига қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди: «Примерада ғолиб бўлишни хоҳлайсизларми? Ҳа ёки йўқ? Менимча, йўқ. Сизларда жамоавий тезлик йўқ, хатти-ҳаракатларингизда шиддат ва умуман ҳеч нарса йўқ. Менда биз ҳеч нарса учун курашмаётгандек таассурот уйғоняпти. Ё сизлар олдинга қадам ташлайсиз, ёки биз чемпионлик билан хайрлашамиз. Бу масалани ҳал қилишингиз керак».
Испания чемпионати якунланишига 2 тур қолганида «Барселона» 85 очко билан турнир жадвали пешқадами бўлиб турибди. Иккинчи ўринда бораётган «Атлетико»да ҳам 85 очко, учинчи поғонани банд қилиб турган «Реал»да 84 очко мавжуд.