Инсон, жамият ва табиат ҳаётини етакчи байроқдор, бирлаштирувчи, бошқарувчи кучларсиз тасаввур қилиш қийин. Сайёралар қуёш атрофида айланар экан, ҳаммаси табиий давом этаверади. Аммо уларнинг ҳаракати ва мавжудлигини Қуёшсиз тасаввур қилиш мумкинми? Йўқ, албатта. Бу - барчага маълум ҳақиқат. Ёки яна бир кичик мисол. Тиргак товуш - равийсиз асл қофия бўлмайди.
Демак, тараққиётнинг қандай кечиши ўша етакчи байроқдор, бирлаштирувчи, бошқарувчи кучларнинг ҳолати билан чамбарчас алоқадор. Футбол ҳаёти, чемпионатларнинг бориши ҳам шу қонуниятга бўйсунади. Дейлик, инглиз футболи об-ҳавосини «Арсенал» «МЮ», «Ливерпуль» ва «Челси» каби етакчи жамоалар белгилайдилар. Тўғри, жорий мавсум АПЛ пешқадами ўзгарди - «Лестер». Ҳаттоки, «тулкилар»нинг тахтга чиқишлари ҳам деярли аниқ. Лекин бир ҳақиқат шуки, Клаудио Раньери жамоаси Англия футболининг юзига айланолмайди ҳозирча. Балки мазкур шарафли рутба «Лестер»га ҳеч қачон насиб этмас. Пешқадамлардан анчагина ортда қолиб кетган «Ливерпуль» эса аксинча, инглиз футболи анъаналари байроқдори бўлиб қолаверади. Шу боис, мухлислар «Лестер»ни олқишлай-олқишлай, «Ливерпуль» ва «Челси»ни алоҳида қадрлашаверади. Агар «Лестер» келгуси мавсум премьер-лигани тарк этса, бетараф мухлислар бу ҳолни шунчаки, ачиниш билан кузатишади. «Челси»да шунга яқин хавф туғилганида, кўрдикки, бутун футбол дунёси оёққа турди, Жозе Моуриньо каби мураббий истеъфога чиқарилди. Анъаналар залвори ва расмий ҳужжатларда қайд этилмайдиган етакчилик миссияси жамоа мутасаддиларидан шундай чоралар кўришни талаб қилади. Акс ҳолда, тобора тараққий этиб бораётган футбол ҳаётидаги ўзига хос ритм бузилиб кетади. Бузилган маромни яна ўз ҳолига қайтариш осон эмаслиги эса кўпчиликка аён ҳақиқат.
Муҳтарам мухлис! Юқоридаги мулоҳазалар ўз-ўзидан қоғозга тушмади, албатта. Ҳаммаси «Пахтакор»нинг йирик ҳисобдаги мағлубиятидан сўнг бошланди. Юзаки қаралса, бу фикр ғалати туюлади. Нима бўпти? Бу - футбол! «Пахтакор» йирик ҳисобда мағлубиятга учраши мумкин эмасми? Ахир Европанинг энг машҳур жамоалари фаолиятида ҳам аламли ва шармандали ўйинлар кузатилади-ку?! Хўш, «шерлар»нинг шохи борми? Мухлисларда бу каби саволлар туғилиши табиий ҳол. Очиғи, шундай саволларга бирдан ва қониқарли жавоб бериш мушкул. Чунки мулоҳазаларимизни «Насаф», «Бунёдкор» ва «Локомотив» мухлислари ҳам ўқишади ва уларни «Пахтакор» тақдирига бефарқликда айблаш ноўрин. Биз эса «шерлар» ўйинидаги бузилишга эътибор қаратмоқдамиз, уларнинг йирик мағлубиятини ўзбек футболи тараққиётидаги кичик депсиниш сифатида баҳоламоқдамиз. Ваҳоланки, ушбу мулоҳазалар ёзилаётгандида, «Суонси» футболчиси Андре Айю «Ливерпуль» дарвозасига 3-голни урди. Шунда Юрген Клопп шалоп этиб сувга тушиб кетди, гўё. Бироқ биз «Ливерпуль» мухлиси эмасмиз ва ундан кўнглимиз ҳам тўқ. Нега? Негаки, мағлубиятга қарамай, жамоадаги ички потенциал шундоққина ўзини сездирмоқда футболчилар ҳаракатлари мисолида. «Пахтакор»да эса афсуски, шундай ички потенциални кўрмаяпмиз. «Ал-Жазира» устидан сафарда қозонилган ғалаба ҳам бизни бироз қувонтирди, холос. «Шерлар» бугун ушбу рақибни яна бир бор мағлуб этиш иштиёқида майдонга тушишлари аниқ. Фақат, мазкур ғалабалар жамоа ўйини хусусида умумий хулосани ўзгартиришга етарлими?
Кучсиз жамоалар устидан қозонилган ғалабалар ачинарли манзарани қандай ўзгартиради? Ҳозирги ҳолатда бунга ишонч йўқ. Мухлислар жамоа ҳимоясида Максимилиан Фомин, ярим ҳимоясида Аббос Махсталиев, ҳужумда Темур Ҳакимов юлдузи порлашини кутишганди. Афсуски, барчаси бошқача бўлиб чиқди. Ҳозир бу футболчилар «Бухоро», «Нефтчи» ҳамда «Сўғдиёна» каби жамоалар сафида тўп суришмоқда. Умуман олганда, айрим иқтидорли футболчиларнинг вилоятлар жамоаларида ўйнаётганликлари олқишга сазовор. Ҳарқалай, шу йўл орқали иқтидорли ёш футболчиларнинг пойтахтдаги ортиқча «концентрацияси»га қандайдир барҳам берилмоқда. Мана, «Пахтакор»нинг бевосита таъсири боис, «Бухоро» бирмунча бардамлашди. Хусусан, бунда Александр Мезляковнинг хизматлари алоҳида. «Пахтакор»да эса айнан унинг позициясида, яъни чап қанот ярим ҳимоясида доимий ишончли футболчи кўзга ташланмаяпти. Майли, Александр Мерзляков каби футболчининг йўқлиги «Пахтакор»дек жамоанинг умумий савиясига жиддий ва салбий таъсир кўрсатмайди. Бизнинг хавотиримиз футболимиз байроқдори ва етакчисининг депсинишидан. Ҳа, мақоламиз муқаддимасида етакчилик борасидаги мулоҳазаларни бежиз таъкидламадик. Кимдир хоҳласин-хоҳламасин, «Пахтакор» футболимизнинг такрорланмас тарих ва анъаналарга эга «барометр» жамоасидир. Шундай экан, бу байроқдорликни эътироф этмоқ ва майдон ташқарисида унга юксак эҳтиромда бўлмоқ жоиз. Йўқ, бу ўринда сўз «шерлар»га очкони хайр-эҳсон қилиш хусусида бормаяпти. Айнан шу масаладаги шубҳамиз сабаб, ўтган мавсум «Пахтакор» ва «Металлург»ни кескин танқид остига олгандик. Бизни айни чоғда бутунлай бошқа масала ташвишга солмоқда. Назаримизда, «Пахтакор» мутасаддилари бундан 5-6 йил аввал танлаган стратегия ўзини оқламади. Хато қаерда? Нима учун футболимизнинг келажаги сифатида тилга олинган ўнлаб иқтидорлар ривожланишдан тўхтаб қолишди? Бунда ким айбдор? Уларга нисбатан қайси нуқтада нотўғри ёндашилди? Нима, ёш футболчилар юлдузлик касалига чалинишдими? Фикримизча, бундай эмас. Чунки улар юлдузлик касалига элтадиган даражада ютуқларни қўлга киритишмади. Ёш истеъдодларни давлат миқёсида қўллаб-қувватлаш ва матбуотдаги умидбахш эътирофларни ортиқча, деб баҳоламаймиз.
Хўш, у ҳолда депсинишнинг асосий сабаби нима? Бизнингча, тилга олинажак ҳар бир омил асослидир. Масалан, «Локомотив»нинг таркибга сара ўйинчиларни жалб этиш сиёсати ёш футболчилар хаёлини бузмаслигини айтиш мумкинми? Қайси «пахтакорчи» ҳозир Кахи Махарадзега ҳавас қилмайди? Игорь Сергеев дейлик, Марат Бикмаев ёки Темурхўжа Абдухолиқов ўрнида бўлишни истамайдими? Бу саволларга ҳеч қачон аниқ жавоб тополмаймиз. Игорнинг ўзи эса, бу қабилидаги фикрларни кескин рад этиши тайин. Шу тариқа муаммолар устига парда тортилаверади ва футболимиз ички оғриқдан тўлғонаверади. Йўқ, «Локомотив» сиёсатини қоралаш фикридан йироқмиз. Ёш футболчининг хаёли бўлинишидан чўчиб, супержамоа тузмаслик футболимиз тараққиётига нисбатан адолатсизликдир. Шу билан бирга «Пахтакор» таркибидаги руҳсизликка ҳам бефарқ қараш тўғри эмас. Ҳозир футболимиз шундай ғалати зиддият исканжасида. Бу ҳолат олий лига турнир жадвалида 7та жамоа алоҳида ажралиб қолаётганида ҳам кўринади. Демоқчимизки, қуйи поғоналардаги жамоаларни ана ўша тилга кўчмайдиган руҳсизлик қийнамоқда. Охирги турда урилган 25та голнинг сабаби ҳам шу аслида. Бошқача айтганда, маҳсулдорлик бизни севинтирмаслиги, аксинча, ҳушёрликка чорламоғи даркор. Қачонки, футболимизнинг ички анатомик ҳолати чуқур диагностик таҳлилдан ўтказилмас экан, миллий чемпионатда ҳам, ОЧЛда ҳам жамоаларимиз иштирокидаги мўътадил ўйинлар томошаси билан андармон бўлаверамиз. Талъат ака - фанат ака (Искандар Ҳамроқулов) бутун борлиғи билан «Реал»га мухлислик қилишда давом этади. Асл етакчилик анъанасига эга бўлмаган «Манчестер Сити» эса уни асло қизиқтирмайди. Майли, бунга розимиз. Аммо қизиқмаслик булути футболимиз осмонида ҳам сузмоқда-да... Бунга нима дейсиз?!
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри