1news.uz — 4 май куни “Сантьяго Бернабеу” стадионида УЕФА ташкилоти “Реал” ҳамда “Манчестер Сити” ўртасидаги Европа Чемпионлар лигаси ярим финал жавоб учрашувини ўтказади. Биринчи ўйинда Криштиану Роналду жароҳати туфайли ўйнолмади ва унинг жамоаси гол уролмай, дуранг натижага эришди. Эндиги учрашувда эса Роналдунинг майдонга қайтиши кутилмоқда.
Бу ўйинни стадиондан бевосита кузатиш бахтига муяссар бўладиган ўзбекистонликлар орасида Денис Истомин бўлиши турган гап. Негаки, айни дамда Мадриддаги АТП Mutua Madrid Open мусобақаларида иштирок этаёган Ўзбекистонинг биринчи рақамли ракетка устаси Денис Истомин “Реал” жамоасининг ашаддий ишқибозларидан саналади ва у Криштиану Роналду билан учрашишни орзу қилади.
Россиялик журналистларга ўтган йили берган интервьюсида Истомин “Реал” жамоасига анча илгари, ҳали унда Роналду бўлмаган пайтлардан бери, ишқибозлик келиб келишини билдирди.
“Албатта, мен Роналду билан учрашишни орзу қиламан, у буюк ўйинчи, аммо мен “Реал”га унда Луиш Фигу, Зинедин Зидан каби футболчилар ўйнаган пайтдан бери ишқибозлик қилиб келаман. Бу ўйинчилар туфайли мен бу жамоанинг мухлисига айландим ва доимо унинг ишқибози бўлиб қоламан. Криштиану – буюк футболчи, аммо у мен учун бу жамоадаги асосий ўйинчи эмас”, – таъкидлаган эди Истомин.
Истомин Мадрид кортларида шу кунларда уч бор ғалаба қозонди: аввалига саралаш босқичида испаниялик Альберт Монтанес ва қозоғистонлик Михаил Кукушкинларни, мусобақа илк учрашувида россиялик Теймураз Габашвилини мағлубиятга учратди. Эндиги учрашувда эса дунёнинг 8-рақамли ракетка устаси чехиялик Томаш Бердихга қарши кортга тушади.