Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Икки йиллик нохуш анъанага барҳам берган «Локомотив»

Баҳо:
+ | -

Сешанба ва чоршанба кунлари Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи, сўнгги 6-тур ўйинлари ўтказилди. Бўлиб ўтган ўйинлардан сўнг кейинги босқичга йўл олган барча 16 жамоа номи маълум бўлди.

Мақолани бошлашдан олдин гуруҳдан чиққан барча жамоаларни келтириб ўтсак.

ҒАРБИЙ МИНТАҚА
“А” гуруҳи – “Локомотив” (Ўзбекистон), “Ал Наср” (БАА)
“В” гуруҳи – “Зобахан” (Эрон), “Лаҳвия” (Қатар)
“С” гуруҳи – “Тракторсози” (Эрон), “Ал Ҳилол” (С.Арабистони)
“D” гуруҳи – “Ал Жайиш” (Қатар), “Ал Айн” (БАА)

ШАРҚИЙ МИНТАҚА
“E” гуруҳи – “Чонбук Хюндай” (Ж.Корея), “ФК Токио” (Япония)
“F” гуруҳи – “ФК Сеул” (Ж.Корея), “Шандонг Луненг” (Хитой)
“G” гуруҳи – “Шанхай” (Хитой), “Мельбурн Виктори” (Австралия)
“H” гуруҳи – “Сидней ФК” (Австралия), “Урава Редс” (Япония)

Кўриб турганингиздек, Осиё чемпионлар лигасининг 1/16 финал босқичига БАА, Эрон, Қатар, Жанубий Корея, Япония, Хитой ва Австралиядан иккита жамоа, Саудия Арабистони билан Ўзбекистондан эса биттадан жамоа йўл олди. Умуман йўқдан кўра мамлакатимиздан битта жамоанинг борлиги ҳам ўзбек футболи мухлисларини қувонтириши шубҳасиз.

1/16 ФИНАЛ. КИМ КИМ БИЛАН ЎЙНАЙДИ?

Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ ўйинлари якунига етиши билан 1/16 босқичда кимнинг ким билан ўйнаши ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик. Демак, жуфтликлар ва ўйинлар санаси қуйидагича.

ОЧЛ. 1/16 финал. Дастлабки учрашувлар
17 май. “Мельбурн Виктори” – “Чонбук Хюндай”
17 май. “ФК Токио” – “Шанхай”
17 май. “Ал Наср” – “Тракторсози”
17 май. “Ал Ҳилол” – “Локомотив”
17 май. “Лаҳвия” – “Ал Жайиш”
18 май. “Урава Редс” – “ФК Сеул”
18 май. “Шандонг Луненг” – “Сидней ФК”
18 май. “Ал Айн” – “Зобахан”

ОЧЛ. 1/16 финал. Жавоб учрашувлари
24 май. “Чонбук Хюндай” – “Мельбурн Виктори”
24 май. “Шанхай” – “ФК Токио”
24 май. “Тракторсози” – “Ал Наср”
24 май. “Локомотив” – “Ал Ҳилол”
25 май. “Ал Жайиш” – “Лаҳвия”
25 май. “ФК Сеул” – “Урава Редс”
25 май. “Сидней ФК” – “Шандонг Луненг”
25 май. “Зобахан” – “Ал Айн”

НОХУШ АНЪАНАГА БАРҲАМ БЕРИЛДИ

Ана энди бевосита ўзбек клубларининг бу йилги ОЧЛдаги иштирокига тўхталиб ўтамиз. Биздан бу мавсум тўртта клуб гуруҳ босқичида қатнашган бўлса, фақат бир жамоа – “Локомотив” кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Бўлиб ҳам “темирйўлчилар” гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган ҳолда кейинги босқчига йўл олишди ва ОЧЛнинг 1/16 финалини Саудия Арабистонининг “Ал Ҳилол” клубига қарши ўтказишади.

“Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Насаф” эса айрим сабабларга кўра гуруҳдан чиқа олмади. Энг ачинарлиси, охирги тур олдидан “Пахтакор” билан “Насаф”да имконият бор бўлиб, лекин ҳаммаси бу жамоаларнинг ўз қўлида эмасди. “Пахтакор” гарчи ўз майдонида 3:0 ҳисоби билан ғалаба қозонган бўлса-да, нариги ўйинда “Ал Ҳилол”нинг ғалабаси саудияликларни кейинги босқичга олиб чиқди. “Насаф” ҳам ғалаба қозониши даркор эди, бироқ қаршиликлар 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишди. “Бунёдкор” эса гуруҳ ўйинларининг бирортасида зафар қуча олмади.

“Локомотив”га келсак, “темирйўлчилар” гуруҳ учрашувларини юқори кайфиятда ўтказишди. Жамоа олтита ўйиннинг иккитасида зафар қучиб, тўрт бор дуранг ўйнади. Шу тариқа “Локомотив” Эроннинг “Зобахан” клуби сингари гуруҳ ўйинларида мағлуб бўлмаган иккита жамоадан бири бўлди. Бундан ташқари, “Локомотив” охирги икки йилдан бери давом этиб келаётган нохуш анъанага барҳам берди.

Маълумки, бунгача Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидан охирги марта 2014 йил “Бунёдкор” чиққанди. 2015 йилги мавсумда эса ҳеч ким бу вазифани уддалай олмади ва мана энди 2016 йилга келиб “Локомотив” клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишда давом этадиган бўлди. Бу Ўзбекистон учун кейинги йил бериладиган ўринлар коэффициентига таъсир қилиши турган гап.

“ЛОКОМОТИВ” – “АЛ НАСР” ЎЙИНИ ҲАҚИДА
“Локомотив” гуруҳдаги охирги турни ҳашаматли “Бунёдкор” стадионида ўтказди. Бу ўйинда “Локомотив” ғалаба қозона олмагани, ҳатто гол ура олмагани учун баъзи мухлислар томонидан танқидга учрагани бор гап, лекин энг муҳими жамоа ютқазиб қўймади ва биринчи ўринни сақлаб қолган ҳолда кейинги босқичга йўл олди.

Кечаги баҳс қандай аҳамиятга эга эди? Айтиш мумкинки, ҳаммаси “Локомотив”нинг ўз қўлида эди. Яъни, “А” гуруҳини бир кема деб оладиган бўлсак, штурвал (кеманинг рули) “Локо”да эди. (Хоҳласа у томонга бошқаради, хоҳласа бу томонга). Кечаги баҳсда “Локомотив” ғалабани кўзлаб ҳаракат қилмади дейиш мушкул, шунчаки жамоа ўта эҳтиёткорлик билан ўйнади. Чунки бу ўйинда ким мағлуб бўлса, ўша жамоа гуруҳда қолиб кетарди.

Дуранг эса иккала жамоани ҳам қониқтирарди. Эҳтимол ўйинда гол урилмагани, ўйин тезлиги бироз паст кечгани стадионга келган мухлисларга ёқмаган бўлиши мумкин ва бунинг учун улардан узр сўраймиз. Аммо энг муҳими, “Локомотив” Осиё чемпионлар лигасида ўз олдига қўйилган дастлабки вазифани уддалади. Ҳаммамиз имкон қадар Европа футболини ҳам кузатиб борамиз. Кўряпмиз, клублар натижа учун ҳамма нарсага тайёр. “Жанг” майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам кетяпти. Футболда вақт ўтиб гўзаллик ўрнини натижа эгаллаяпти.

Қайси бир машҳур мураббий айтганди: “Мен чиройли ўйнаб мағлуб бўлгандан кўра, хунук ўйнаб ғалаба қозонишни афзал биламан”. Кечаги баҳсда “Локомотив” ғалаба қозона олмаган бўлса-да, энг муҳими ўзига керакли натижани қайд эта олди. Учрашув кескин тарзда кечмагани, хавфли вазиятлар кам бўлгани ва бу учрашувда “Локомотив”нинг тўп кирита олмагани айрим кишилар томонидан “ўйин келишилган” дейишгача борилди. Аммо унутмангки, бу чемпионлар лигаси ва бунда ҳар бир ўйин ташкилот томонидан қатъий эътиборда туради.

Хўш, ўйингача вазият қандай эди? “Локомотив”ни дуранг ҳам қониқтирарди. Бутун дунёда жамоани дуранг ҳам қониқтираётган бир пайтда футболчилар ёппасига ҳужумга ўтмайди. Бу нарса ҳатто жаҳоннинг гранд клубларида ҳам бор. Аввало ҳимояда эҳтиёт бўлиб ўйнашга тўғри келади. Қолаверса, бунда энг муҳими ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормаслик. “Локомотив” биринчи таймдан сўнг иккинчи бўлимни ҳам янада эҳтиёткорлик билан ўтказди. Нима учун? Чунки гуруҳдаги иккала учрашув бир хил вақтда бошланган эмасми, нариги беллашувда “Ал Иттиҳод” “Сепахон”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этаётганди. Биз интернет асрида яшаяпмиз, шундай экан жамоалар бошқа ўйинлардан зудлик билан хабар топишяпти.

Кечаги учрашувда ким мағлубиятга учраса гуруҳда қолиб кетарди, шу боис “Локомотив” ҳам, “Ал Наср” ҳам аввало гол ўтказиб юбормасликни ўйлаб ҳаракат қилди. Бундан ташқари, дуранг рақибни ҳам тўлиқ қониқтирарди, шундай экан ҳадеб олдинга ўтишга не ҳожат. Маълумки, араблардан қандай ўйин кутишни олдиндан айтиш қийин. Улар ютиб ҳам, ютқазиб ҳам қўйиши мумкин. Агар кеча “Локомотив” бор кучи билан ҳужумга ўтса-ю, қарши ҳужумда гол ўтказиб якунда мағлуб бўлса, бу кимгадир татирмиди? Албатта, йўқ. Ундан кўра, эҳтиёткорлик билан ўйнаб кейинги босқичга чиққани афзал эмасми. Мана энди кўпчилик 1/16 финалда биздан фақат “Локо”нинг ўйинини кўради.

Кейинги босқичда “Локомотив”ни яна бир жиддий рақиб кутиб турибди. “Ал Ҳилол” Осиёнинг энг кучли клублари сирасига киради. “Локомотив” ўтган йил бу жамоа билан бир гуруҳда кураш олиб борган ва ҳар иккала баҳсда ҳам мағлубиятга учраган. “Темирйўлчилар” ўша мағлубиятлар аламини ҳали унутишгани йўқ. Насиб қилса, бу сафар ўйинлар бошқача кечади ва якунда омад биз томонда бўлади деб умид қилиб қоламиз. Зеро, минглаб мухлисларнинг орзу-истаклари ҳам шу: “Локомотив”дан Осиё чемпионлар лигасида юқори ўринларни кутиш.

Хайрулла Холиқов, “Локомотив” ПФК матбуот котиби.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 14:20, 05.05.2016.
Ўқилди: 6503 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.