2014 йилнинг май ойига келиб «Лестер Сити» Англия Премьер-лигасига қадам қўйгач, унинг эгаси Вичай Шриваддханапрабха клуб учун 180 миллион фунт ажратишга ваъда берди. Миллиардер режасига кўра, «Лестер» Англиянинг кучли бешта жамоаси орасига 3 йил ичида кириши керак эди.
Бунинг учун унга 2 йил вақт ва режадаги маблағнинг ярмидан камроғи керак бўлди: «Лестер» шу йилнинг май ойида Англия чемпиони бўлиб улгурди. Тарихда биринчи бор! Бунга қадар жамоанинг энг яхши натижаси 1929 йилги вице-чемпионлик эди, холос.
Шунчаки Вичай
Вичайнинг ҳақиқий фамилияси Раксриаксорн эди. 2013 йил ватанига қилган хизматлари учун Таиланд қироли унинг оиласига янги фамилия раво кўрди — Шриваддханапрабха. «Порлаётган шуҳрат зиёси» деган маънони берувчи бу шариф Вичай ва унинг оиласи учун улуғ илтифот эди. Умуман олганда, асли таиландлик бўлмаган одамлар учун Вичайнинг фамилияларидан исталган бирини айтиш осон иш эмас. Шунинг учун Британияда уни Кхун Вичай ёки шунчаки Вичай деб аташади. Хурматли инсонларнинг исми олдидангина ишлатиладиган Кхун сўзини ёдлаб олиш у қадар қийин эмас. The Daily Mirror’нинг ёзишича, Вичайнинг ўғли Айяваттани ҳам инглизлар аллақачон ўзларига яқин олиб, Топ деб мурожаат қилишади. «Лестер Сити» вице-президенти бўлган меросхўрни эслаб қолиш муҳим аҳамият касб этади, аҳир.
Вичай 1957 йилнинг 3 апрель куни таваллуд топди. Кўплаб таиландлик ишбилармонлар каби унинг ҳам келиб чиқиши Хитойдан. The Wall Street Journal’нинг ёзишича, Вичайнинг отаси босмохона бизнеси билан шуғулланган. Бу отага ўғли 11 ёшга қадам қўйганида уни ўқиш учун Хитой Тайпейига, кейинроқ эса АҚШга юбориш имконини берарди. Ҳали уйга, ҳали ўзи таҳсил оладиган мамлакатларга учиб юрадиган Вичайнинг хаёли кун сайин дьютифри дўкони очиш фикри билан банд бўлиб қолганди.
Америкаликлардан қасос
1989 йилга келиб Вичай Банкокдаги Mahatun Plaza савдо марказида ўзининг биринчи дўконини очди. Бу хитойлик сайёҳларнинг Таиландга оқиб келиш вақтига тўғри келиб қолгани, Вичайнинг ишларини юриштириб юборди.
Ўша вақтлар Таиланддаги асосий халқаро аэропорт Дон-Муанг ҳисобланар, ундаги барча дьютифриларни Thai Airwаys компаниясининг ўзи назорат қиларди. Вичай ва Чен компания раҳбарларини савдо ишлари билан машғул бўлмай, бор эътиборни парвозларни амалга оширишга қаратиш кераклигига ишонтирди. 1993 йилга келибгина, уларга тегишли бўлган пункт Дон-Муанг аэропортида ҳам очилди. Бу кичик муваффақият бўлиб кўриниши мумкин, бироқ унутмаслик керакки, King Power’га қадар бирорта хусусий компания Таиланд пойтахтидаги бош халқаро аэропорт ичига суқулиб кира олмаганди.
1997 йилга келиб, таиландлик амалдорлар Банкокдаги Бутунжаҳон савдо марказининг асосий дьютифриларига эгалик қилувчи Ирландиянинг Air Rianta International компанияси билан шартномани бекор қилди. Сайёҳлик тизимига жавобгар бўлган Таиланд вазири Пиянат Ватчарапорн ирландлардан қолган шартномани кимошди савдога қўйиб ўтирмай, уни King Power’га бериб юборди. Бунинг учун компания 5 йил давомида фойданинг 10 фоизини ҳамда қўшимча 2,2 миллион долларни давлат ҳисоб рақамига ўтказиб туриши керак эди. Forbes’нинг маълумот беришича, King Power’да фаолият олиб бораётган бир қатор топ-менежерлар ва директорлар кенгаши аъзоларининг маълум қисми ўз вақтида сайёҳлик соҳаси амалдорлари бўлган.
1997 йилга келиб King Power билан шерикчиликда ишлайдиганлар компанияни оммавий бозорга олиб кириб, унинг акцияларини Америка фонд биржасига қатар кўтарди. Бу ҳолат King Power акционерларига ёқмади. Натижада компания мазкур воқеа сабаб юзага келган келишмовчиликлар сабаб суд процедуралари ва конпенсациялар учун 1,7 миллиондан зиёд доллар сарфлашга мажбур бўлди.
Шундан кейин ҳам компаниянинг асосий акционери бўлиб Вичайнинг ўзи қолаверди. Унинг қўлида 28,4 фоизлик акция бўлса, рафиқасида 14,8, жиянида эса 5,1 фоиз акция мавжуд эди. Молиявий ишлар бўйича директор Виратан Сунтаранонд юқоридаги келишмовчиликлардан кейин 14,8 фоиз акциянинг эгасига айланди. Унинг рафиқасида 4,9, қизида эса 4,5 фоиз акция бор эди. 2002 йилга келиб King Power’нинг савдо айланмаси 172,4 миллионни, соф фойдаси 12,1 миллион долларни ташкил этди.
2001 йилга келиб, Таиланд бош вазири этиб Таксин Чинават тайинланди. У ҳокимият тепасига келиши биланоқ, Банкок учун янги халқаро аэропорт қуриш ишларини бошлаб юборди. Суварнабхуми деб номланган халқаро аэропорт 2006 йилга келиб ўз эшикларини йўловчилар учун очди. King Power Дон-Муанг аэропортидан ташқари, йўловчи ташиш аэропртлари орасида дунёда 12-ўринда турувчи Суварнабхумида ҳам монопол компанияга айланиб олди. Мазкур воқеликни Таиланд ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи «Инқироздаги қироллик» китобини ёзган Макгрегор Маршалл қуйидагича изоҳлаганди: «Энди Вичайга пул босиб чиқариш билан баробар ҳуқуқни бериб қўйишганди».
Келаси йилнинг март ойида Таиланддаги барча аэропортларни бошқарувчи Airport of Thailand King Power’ни дьютифриларга эгалик қилиш ҳуқуқини ноқонуний равишда қўлга киритганликда айблаб чиқди. Ташкилот директорлар кенгаши Вичайни аэропортдан сиқиб чиқаришга умумий овоз берди. Судга берилган искда King Power иккита банд бўйича айбланган бўлиб, умумий ҳисобда 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида конпенсация тўлаши кераклиги талаб қилинди.
1990 йиллардаёқ Вичай Таиланд монархи оиласи учун катта-катта фондларини сарф этарди. 2006 йилга келиб у бир миллионта сариқ рангли боғичлар чиқарди. Қирол Пхумипона Адулядетнинг 60 йиллик юбилейи учун чиқарилган бу ленталарга «Биз Қирол ҳазрати олийларини севамиз» жумласи ёзилганди, деб ҳикоя қилади Маршалл. 2004 йилга келиб Вичай King Power Foundation’га асос солди. Ўша йилнинг январь ойида Лестер шаҳри университети Вичайга докторлик унвонини берди. Фонднинг асосий вазифаси иккита эди. Биринчиси — турли-туман лойиҳалар орқали Таиланд қиролига бўлган садоқатни ошириш, иккинчиси — болалар таълими ва соғлиги масалаларини қўллаб-қувватлаш.
Forbes маълумотларига кўра, Вичай 2007 йилда ўзининг 200 миллион долларлик капитали билан Таиланд миллионерлари орасида 21-ўринда эди. Ҳозир эса унинг бойлиги 3,1 миллиард долларга баҳоланади. Бу таиландлик миллиардерлар орасида тўртинчи, дунё рейтингида эса 612-ўрин дегани.
Вичайнинг Таиланд ва Британия отхоналарида 100 га яқин понилари бор. 1998 йил у Суварнабхуми аэропорти яқинида ВР Sports Club деб номланган поло клубига асос солди. Бу ерда Қирол Кубоги мусобақалари ўтказиларди.
Вичай полонинг халқаро мусобақаларида ҳам ўз номига эга. У қироллик оиласи ташриф буюрадиган Ham Polo клубининг бир умрлик аъзоси ҳисобланади. 2008—2012 йиллар давомида шу клуб президенти вазифасида ҳам ишлаган. Унинг ўғли Топ шаҳзода Гарри билан битта жамоада ўйнайди. «Футбол полодан катта фарқ қилади», — дейди Вичай. — «Полода менинг ўғилларим ўйнай олишади. Чорак асрдан буён иштирок этадиганим мусобақада ўғилларимнинг иштирокини кузатишни ёқтираман. Лекин ўзинг футбол ўйнашни истасанг, бу бошқа масала. Яхшиси ўйинчилар ёллаб, улар қандай ўйнашини кузатган маъқул. Мен ўзим иштирок эта олганим учун ҳам полони яхши кўраман».
2006 йилда 49 ёшли Вичай ва компанияда иқтисодий директор бўлиб ишлайдиган унинг турмуш ўртоғи Эмон King Power’да шунчаки акционер бўлиб қолишни режалаштираётганди. — «Мен 50 ёшда нафақага чиқаман деб юрардим. Ҳозир истаган нарсамни ҳарид қилишим мумкин. Шу билан бирга, ҳаётдан лаззат олиб яшашни истайман», — деганди Вичай.
Истаган нарсасини сотиб олиши борасида Вичай у қадар ҳақ бўлиб чиқмади. Сир эмаски, Таиландда Англия футболи ҳавоси билан яшашади. Собиқ бош вазир Чинават 2007—2008 йиллар давомида «Манчестер Сити» клубига эгалик қилганди. Вичай ҳам Лондон клубларидан бирига эгалик қилишни истаб қолди. Бу эса осон иш эмасди. Шундан кейин у 3 йил давомида «Лестер»ни молиялаштириб туриш билангина чекланди. 2010 йилга келиб эса, унга клубни сотиб олишни таклиф қилишди. Вичай ярим соат ўйланиб туриб, розилик билдирди. Сотиб олиш нархи сифатида кўрсатилган 20 миллион фунт, сотиб олиш жараёнида 39 миллионга айланиб кетгани ҳам Вичайни қароридан қайтармади. Шу тариқа у «Лестер»нинг эгасига айланди.
«Лестер» мўъжазгина, аммо муносиб танлов эди. Клубнинг 32 000 ўринлик янги стадиони бор бўлиб, мухлисларни кўпайтириш учун имкониятлар етарли эди. Марказий Графликда рақобатбардош клубларнинг кам экани, бу маконда «Лестер» асосий жамоа бўлиб олишига хизмат қилиши мумкин эди.
Чемпиошипдаги муваффақиятсиз ўйинлар сабаб Вичай мураббийларни қўлқоп каби алмаштирди. Пауло Соуза клуб билан 3 ойгина ишлади, Свен-Ёран Эрикссон эса 1 йил. 2011 йил клубга Найжел Пирсон қайтиб келди. 2013/14 йилги мавсумни «Лестер» 1-ўринда якунлаб, Премьер-лигага қадам қўйди. Ўша йили «Лестер» 31,2 миллион фунт ишлаганига қарамай, 20,8 миллонлик камомад қайд этди. Бироқ Премьер-лига ҳаммасини ўзгартирди. Жамоанинг уй учрашувларини кўриш учун тобора кўпроқ мухлислар кела бошлади. 2014/15 йилги мавсумда «Лестер» ўз тарихидаги энг яхши молиявий ҳолатга эга бўлди. Даромад 104,4 миллион фунтга етди. Шунинг 72 миллиони телекомпаниялар билан шартномалар эвазига қўлга киритилганди. Фойда эса солиқлардан ташқари 26,4 миллион фунтни ташкил этди.
Бу пайтда клуб футболчилари каттагина можаро келтириб чиқарди. 2015 йилги танаффусда «Лестер» Таиландга сафар этди. Бош мураббий Найжел Пирсоннинг 22 ёшли ўғли Жеймс Пирсон, у билан тенгдош жамоадоши Адам Смит ва 21 ёшли Том Хоппер маҳаллий фоҳишалар билан боғлиқ муаммо келтириб чиқарди. Ёлланган қизлар «Лестер» футболчилари рацизм руҳидаги сўзлар билан уларни ҳақорат қилганликлари борасида кўрсатма беришди. Бу борадаги видео The Daily Mirror’нинг қўлига қадар етиб борди. Иш уч футболчининг жамоадан четлатилиши билан якун топди, кейинроқ эса, Пирсондан ҳам лавозимни бўшатишни сўрашди. Унинг ўрнига Греция терма жамоасида тузукроқ натижага эриша олмаган Клаудио Раньери олиб келинди. Юнонларга тўғри келмаган мутахассис эса инглиз жамоаси билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
The Guardian маълумотига кўра, «Лестер»нинг бугунги баҳоси 436 миллион фунтга тенг. Бу Вичай ҳарид қилиб олганидан 11 марта қиммат кўрсаткич. 2016—2019 йилги мавсумларда телекомпаниялар Премьер-лига клублари учун 5,136 миллиард фунт сарф этади. Табиийки, чемпион «Лестер»нинг бу борадаги улуши Вичай клубни сотиб олган нарҳдан анчагина қиммат бўлади.
Бугунги Вичай
2015 йилнинг мартига қадар Вичайнинг қўлида 9 ой шахсий ёрдамчиси бўлиб ишлаган лестерлик комик Алекс Хилтон International Business Times саҳифаларида миллиардер билан танишувни қуйидагича ҳикоя қилади: — «Мен Вичайни биринчи бор кўрганимда, уни ўнга яқин будда роҳиблари ўраб олганди. Йўлдан оздириши мумкин деган гумонда хизмат кўрсатувчи персонал орасига бирорта ҳам аёл кишини яқинлаштиришмасди. Агар Вичайнинг йирик миллиардер эканлигини инобатга олмаса, бу ажойиб ва ғаройиб одам туппа-тузук шинавандадир».
Комикнинг сўзларига кўра, Вичай футболнинг ҳақиқий фанати. У «Манчестер Юнайтед» иштирокидаги ўйинни томоша қилиш учун ҳар нарсага тайёр, деб ишонтироқчи бўларди Алекс Хилтон. «Лестер» муваффақиятсизлик гирдобига кириб қолса, Вичай стадион йўлагида ташвишланганча у ёқдан бу ёққа бориб келар, «Лестер» ажойиб ғалабаларни қўлга киритганида эса битта шишаси 400 фунт турадиган вино билан меҳмонларини сийларди. Очилган винонинг ярмидан кўпи шишанинг ўзида қоларди.
Вичайнинг ўғли Топ Reuters саволига «Ҳа, биз тай маданиятини улуғлаймиз ва клубни ҳам ўз оиламиздек бошқарамиз», — деб жавоб берганди. Вичай стадионга Таиланд Қиролининг суратини илдирган ва доимий равишда роҳибларни жалб қилади. Улар ўз урф-одатлари бўйича «Лестер»га муваффақият тилашади. — «Роҳиб ҳассасини сувга ботириб, кейин бизнинг товонимиздан бурнимизга қадар айлантиради. Бу худди душ қабул қилишдек гап», — деганди Жейми Варди The Telegraph нашрига.
Вичай ўзини кўп намоён қилавермайди, шу билан бирга бой эканини ҳам яширмайди. У ўзининг шахсий Gulfstream G650 бизнес-жетида учиб юради, King Power стадионига эса «Лестер» бренди туширилган кўк вертолётида учиб келиб, майдоннинг қоқ марказига қўнади.
32 минг мухлис ташриф буюрган ўйинларда ширин кулчалар ва Таиланднинг машҳур Singha пиволари бепул тарқатилган ҳолатлар ҳам бўлган. 2014 йил «Лестер» Премьер-лигага қадам қўйганида, 2015 йил бу воқеага бир йил тўлганида, 2015 йилнинг декабрида «Лестер» қайд этаётган мазмунли ўйинлар учун ва 2016 йилнинг апрелида — Вичайнинг таваллуд кунида стадион пончик ва пиво билан меҳмон қилинганди. «Челси» билан ўйин вақтида эса Варди сурати туширилган чипслар тарқатилган.
«Вичай Англиядаги футбол клубига эгалик қилиш даражасидаги бой инсон», — деб ёзади Маршалл. — «Бу унга инглиз клубларини жуда севувчилар истиқомат қиладиган Таиландда яхшигина обрў келтиради. Таиланднинг бренд-элчисидек кўринувчи Вичай ўзига кўп нарсани раво кўра олади, масалан, «Лестер» муваффақиятларини, Таиланддаги кутилмаган ўзгаришларга қарамай, сиёсий бардавомликни. Таиландлик детектив Вичайнинг муваффақиятларига асосий сабаб сифатида унда бир томчи ҳам сиёсий амбициянинг йўқлигини, ундаги қарашлар фақатгина бизнес билан йўғирилганини кўрсатади.
Мақолани «Ведомости» нашри учун Ольга Петрова ва Галина Казакулова тайёрлади.