Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Барчамиз «Локомотив»га мухлислик қиламиз

Баҳо:
+ | -

Бугун Тошкентнинг «Локомотив» клуби Осиё Чемпионлар Лигаси нимчорак финал босқичидан ўрин олган илк учрашувда майдонга тушади. «Плей-офф»га чиққан ягона клубимиз Саудия Арабистонида «Ал-Ҳилол» меҳмони бўлади. Эҳ, гуруҳнинг сўнгги турида Эроннинг «Тракторсози» клуби айнан шу «Ҳилол»га ютқазмаганида, бугун «Тошкент дербиси» гувоҳига айланардик. Яъни «Локомотив» узоқ сафарга бормай, шундоққина «Пахтакор» марказий стадионида  ўйнарди. Қолаверса, ҳар қандай ҳолатда ҳам, битта жамоамиз мусобақада курашни давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритарди. Ҳар ҳолда, биз учун ана шу иккинчи вариант маъқул эди. Лекин амалда бошқача бўлиб чиқди ва энди ОЧЛда барчамиз «Локо»га мухлислик қиламиз.

«Локомотив» ва «Ал-Ҳилол» жамоалари шу пайтгача ўзаро икки маротаба тўқнаш келишган. Статистика саудияликлар томонида: ўтган йили гуруҳ босқичида ўтказилган ҳар икки ўйинда «Ал-Ҳилол» ғалаба қозонганди. Ар-Риёдда 3:1, Тошкентда 1:2 ҳисоби қайд этилган. Лекин энди умумий вазият мутлақо бошқача. «Темирйўлчилар» олдинги мавсум билан таққослаганда, таркибларини сезиларли тарзда кучайтириб олишди. Буни гуруҳ ўйинлари ҳам тасдиқлади. «Локомотив» 6та ўйинда мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлди. Бу анъана давом этишидан умидвормиз.

Дарвоқе, жамоа «плей-офф» бос­қичида илк бора иштирок этяпти. Зеро, «Локо» ўтган йили гуруҳда қолиб кетганди. Ҳозирда ярим ҳимоя вакиллари - Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Кахи Махарадзе, Санжар Шоаҳмедов ва Сардор Мирзаев жамоа муваффақиятларига сезиларли даражада ҳисса қўшишяпти. Марат Бикмаев ва Темурхўжа Абдухолиқов эса ҳужумда яхши ўйин намойиш этишяпти. Дарвозада тажрибали Игнатий Нестеров жонбозлик кўрсатмоқда. Ислом Тўхтахўжаев бошчилигидаги ҳимоя чизиғи ҳам чакки эмас. Мана, Мирко Йеличич ва Андрей Микляев шогирдлари миллий чемпионатда етакчилик қилиш­япти. Шуларни инобатга олган ҳолда, бугун «Локомотив»дан ижобий натижа кутишга ҳақлимиз. Лекин «Ал-Ҳилол» ҳам нонини олдириб қўядиган жамоалардан эмас. Буни унутмаслик керак. Пойтахт Ар-Риёд шаҳрида ўтказиладиган илк ўйинда барибир, мезбонлар фаворит саналишади.

Биз бугунги  муҳим ўйин олдидан доимий экспертимизга айланиб бораётган Азамат Абдураимовнинг фикрлари билан қизиқдик. 

- «Локомотив» ҳақли равишда гуруҳдан чиқди. Аслида бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Ҳаттоки, ўтган йили ҳам жамоа «плей-офф»да курашни давом эттириши шарт эди. Ҳарқалай, таркиб бир йил олдин ҳам кучсиз эмасди. Фикримча, ўша пайт мураббийлар алмашинуви халал берди. Бундан ташқари, жамоавий ўйин ҳам яхши йўлга қўйилмаганди. Ўша таркибда йиғилган футболчилар маҳоратига шубҳа йўқ эди. Фақат, улар ягона тактика асосида ўйнай олишмади. Бошқача айт­ганда, футболчилар бир-бирлари билан ўйин услуби бўйича мутаносиб келишмади. Мана шу омиллар бир бўлиб, «Локомотив»нинг гуруҳдан чиқишига тўсқинлик қилганди. Бу йил вазият тамомила ўзгарди. Мавсумлар оралиғида клуб раҳбарияти самарали селекция ишини олиб борди. Жамоа таркибида исм-шарифлари катта ҳарфлар билан ёзиладиган футболчилар кўп. Нафақат тажрибали, балки етакчиликни ўз қўлларига оладиган футболчилар билан шартномалар имзоланди. Аввало, бир неча йиллик танаффусдан сўнг ўзимизга қайтган Сервер Жепаровни айтиш жоиз. Бу футболчи ҳамон ғалабага чанқоқ ва ўйнаган деярли барча клубларида қайсидир мамлакат чемпиони бўлган. Унинг характерида мағлублик тушунчасининг ўзи йўқ. Шунингдек, яна бир тажрибали футболчи Кахи Махарадзени ҳам рўйхатнинг юқори қисмига қўшиш керак. Грузиялик легионер «Пахтакор»даги муваффақиятлардан сўнг «Локомо­тив»га қайтди. Унда ҳам худди Сервердаги каби чемпионлик характери кучли. Майдоннинг исталган нуқтасида ўйнай олади. Мана, универсал футболчининг «Локомотив» ғалабаларида ҳиссаси катта бўляпти. Бундан ташқари, Темур Кападзе, Санжар Шоаҳмедов, Жасур Ҳасанов, Марат Бикмаев, Темурхўжа Абдухолиқов сингари йигитлар «Локомотив»нинг бугунги кундаги етакчи бўғинига айланишди.

Шу ўринда мураббийлар олиб бораётган ишни ҳам алоҳида тилга олиш жоиз. Мирко Йеличич ва Андрей Микляев бошчилигидаги штаб дарҳақиқат, секин-асталик билан ўз қарашлари ва тактик чизмаларини жамоа ўйинида шакллантириб боряпти. Бугунга келиб, «Локомотив» клубларимиз орасида яққол ажралиб қолди. Дейлик, ҳимояда деярли бехато ўйнаяпти. Игнатий Нестеров яна аввалги спорт формасига кириб олди. Дарвозани олдингидек совуққонлик билан ишончли қўриқлаяпти. Ҳужум чизиғи ҳақида ҳам яхши фикрдаман. Биласизми, жамоанинг ҳужумлари тобора ранг-баранг чиқяпти.

Лекин «Локомотив»нинг ўзига яраша камчиликлари ҳам йўқ эмас. Буни «Пахтакор»га қарши кечган ички чемпионат ўйини кўрсатиб қўйди. «Темирйўлчилар» хусусан, иккинчи бўлимда ишончсиз ҳаракат қилишди. Яъни барча чизиқлар ташаббусни рақибга топшириб қўйди. Гўёки, футболчилар ўйинни   умуман ташлаб юборишди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, мураббийлар штабининг жамоада қиладиган иши ҳали кўп экан. Тўғри, «Локомотив» олий лигада яққол устунликка эга. Ҳар ҳолда, бошиданоқ чемпионатда етакчиликни қўлга олди. Лекин бу устунлик ОЧЛ «плей-офф» баҳсларида жамоага камлик қилиши мумкин. Чунончи, ОЧЛ, боз устига, «плей-офф» ўйинларининг савияси умуман бошқача.

Хуллас, «Локомотив»ни олдинда жуда жиддий ўйин кутиб турибди. Жамоа биринчи галда, руҳий томонлама тайёргарлик кўриши керак. Умуман, «темирйўлчилар» ғалаба қозонишлари шарт. Бунинг учун ҳимояда мустаҳкам туриш баробарида тез-тез ҳужум уюштириш талаб этилади. Жамоамиз ўйин тизгинини илк дақиқалардан қўлига ола билса, майдон эгалари қарши ҳужумда ўйнашга мажбур бўлишади. Тўғри, бундай ҳужумлар анча кескин тус олиши мумкин, лекин уларни бир амаллаб бартараф этишнинг иложи бор. Иккинчи рақам остида ўйнаш эса, жамоа зииммасига катта босим юклайди. Оддий айтганда, бўлажак ўйинда мураббийларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Учрашувга тўғри тактика танлаган ва ўз режаларини амалда кўрсата олган томон ғалаба қозонади. Футболда кўп ҳолларда бир-иккита вазият учрашув тақдирини ҳал қилиб қўяди. Демакки, омад ҳам керак.

Аслида башорат қилишни хушламайман. Шундай бўлсада, ўз тахминимни айтаман. Илк ўйинда «Локомотив» меҳмонда ўйнашига қарамай, кичик ҳисобда ғалаба қозонади. Лекин чорак финалга чиқадими-йўқ, буни билмайман. Биринчи ўйиндан кейингина тайинли фикр билдириш мумкин. Унутмаслик керак, гуруҳ босқичидаги ўйинлар ва «плей-офф» учрашувлари орасида катта фарқ бор. Мисол учун, гуруҳдан зўр­ға чиққан клубларнинг анча узоққа  боришлари турнир тарихида кўп кузатилган.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Локомотив»нинг жавоб учрашувини ўз майдонида ўтказиши яхшигина плюсдир. Бу жамоага қўшимча куч бағишлайди. Зеро, жавоб баҳсида мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари муҳим аҳамиятга эга. Хулосам шуки, «Локомотив» футболчилари характер намойиш этиб, ўз салоҳиятларини кўрсатишса, биз ОЧЛда қолган ягона жамоамизга чорак финалда ҳам мухлислик қилишда давом этамиз.

Умуман олганда, шу пайтгача янги кўринишда ўтказилаётган ОЧЛ мусобақасида 6та клубимиз («Пахтакор», «Нефтчи», «Бунёдкор», «Насаф», «Локомотив» ҳамда «Машъал») иштирок этган. Жамоаларимиз орасида энг кўп иштирок «Пахтакор»га тегишли. Бу йилгиси билан қўшиб ҳисоблаганда, ОЧЛда 13 марта  қатнашган «шерлар» 4та уринишда гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалашган. Хусусан, жамоа қаторасига 2 йил ярим финалга қадар етиб борган. Бироқ 2003 йили ярим финалда Таиланднинг «Бек Теро Сасана» клубига, яна бир мавсумдан кейин «Сеонгнам Ильва Чунма» (Жанубий Корея)га имконият бой берилганди. «Бунёдкор» ҳам ўз тарихида айнан 2 марта ярим финалда ўйнаган. «Қалдирғочлар» 2008 йилги мавсумда Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» клубига ютқазишган. 2012 йили эса Жанубий Кореянинг «Ульсан Хюндай» жамоаси 2та ўйин натижасига кўра, «Бунёдкор»ни финалга ўтказмаганди. Бизнинг вакилларимизни ярим финалда мағлуб этган клублардан биргина «Ульсан» якунда ОЧЛ ғолибига айланган. Умуман, гуруҳ босқичини энг кўп муваффақиятли ўтказган жамоамиз - бу «Бунёдкор». «Қал­дирғочлар» ОЧЛда 9 марта иштирок этган бўлсалар, шундан 7тасида «плей-офф» босқичига чиқишган. «Нефтчи» (2004, 2005, 2007) ва «Насаф» (2012, 2015, 2016) жамоалари эса ОЧЛда 3 маротабадан қатнашишган. Фарғоналиклар яна 2002-2003 ва 2012 йилларда гуруҳ босқичига йўлланма берувчи «плей-офф» (саралаш)да мағлубиятга учрашган. «Аждарлар» эса 2014 йили гуруҳга чиқиш имкониятидан фойдалана олишмаган. «Локомотив» ҳам 2013 ва 2014 йилларда ўтиш ўйинида мағлубиятга учраган. Муборакнинг «Машъал» жамоаси эса ОЧЛда ўз омадини бир мартагина синаб кўрган - 2006 йили. Лекин «газчилар» ҳам худди «Нефтчи» ва «Насаф» сингари гуруҳ ўйинлари билан чекланишганди. Қисқаси, «Локомотив» «плей-офф» босқичида ўйнаган 3-клубимизга айланади. Албатта, унинг кейинги раундларни ҳам забт этишига тилакдошмиз.

1|8 финал Дастлабки ўйинлар

«Ғарб» минтақаси

17 май (сешанба)

«Ал-Ҳилол» - «Локомотив»

«Ал-Наср» - «ТрактоРсози»

Жавоб ўйинлари:

24 май (сешанба)

-----------------------------------------------

18 май (чоршанба)

«Ал-Айн» - «Зоб-Оҳан»

«Лаҳвия» - «Ал-Жаиш»

Жавоб ўйинлари:

25 май (чоршанба)

 

«Шарқ» минтақаси

17 май (сешанба)

«Мельбурн Виктори» -

«Чонбук Моторс»

«Токио» - «Шанхай Теллэйс»

Жавоб ўйинлари:

24 май (сешанба)

----------------------------------------------

18 май (чоршанба)

«Урава Редс» - «Сеул»

«шандонг луненг» -

«чонбук моторс»

Жавоб ўйинлари:

25 май (чоршанба)

Камолиддин АЛИМОВ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:19, 17.05.2016.
Ўқилди: 2870 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.