«Валенсия» жамоаси трансфер бўйича ҳуқуқлари айни вақтда «Барселона» жамоасига тегишли бўлган хорватиялик ярим ҳимоячи Ален Халиловичнинг трансферини расмийлаштиришга яқин турибди. Бу ҳақда goal.com хабар қилган.
Манба берган маълумотларга кўра, футболчи ижарага олинмайди. «Валенсия» Халиловични сотиб олмоқчи, бироқ «Барселона» ярим ҳимоячини қайта сотиб олиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Хабарда келтирилишича, «кўршапалаклар» жамоаси футболчи учун 7 миллион евро тўлашга тайёр. Айни вақтда, агар «Барселона» қайта сотиб оладиган бўлса, «Валенсия» Халилович учун 20 миллион олишни хоҳламоқда.
Бироқ каталонияликлар клуби футболчини 12 миллион евродан камига сотмоқчи эмас, қайта сотиб оладиган бўлса ҳам, 15 миллион евродан кўп пул тўламайди. Клублар ўртасидаги музокаралар давом этмоқда.