Жозе Моуриньонинг гапга чечанлиги футбол ишқибозларига маълум. У журналистларнинг берган ҳар бир саволига сўзларни танлаб-танлаб жавоб қайтарадики, натижада унинг айтган гапи афоризмга айланиб кетади. Футболда ақл ишлатиб гапириш фақат Моуриньога хос эмас. “Кўҳна қитъада” тўп сурувчи футболчилар деярли ҳар бир ўйиндан кейин журналистлар билан суҳбатлашавериб, теша тегмаган гапларни айтишга уста бўлиб кетишган. Бугун футболчи ва мураббийларнинг дурдона сўзларидан баҳраманд бўласиз.
Славен Билич: - Аёлларнинг гўзаллигига муҳаббатим чексиз. Аммо футбол улардан ҳам гўзал.
Аатиф Чахечоухе (AATIF CHAHECHOUHE): - Фамилиямни тўғри ва хатосиз ёзиш учун 1-синфга борган кунимданоқ ҳаракат қиламан. Бироқ ҳалигача фамилиям қандай маънони англатишини билмайман.
Мерт Гюнок: - Ҳар бир матчни жаннатдаги онам учун ўйнайман.
Филипп Лам: - Мени бу мавсум кетма-кет ўйинларда майдонга тушиш эмас, балки кетма-кет совринларни юқорига кўтариш чарчатди.
Марио Балотелли: - “Қизлар гўзалми ёки футбол?”, деб мендан сўрашса, ўйлаб ўтирмай, футбол дер эдим. Агар ўйлашга фурсат берилса, қизларни танлардим.
Мануел Фернандес: - Португал ва испанлар “пас” билан, туркларнинг эса қалбла ўйнайдиган ўйиннинг отини футбол дейдилар.
Криштиано Роналду: - Месси ақлли, Ибрагимович кучли, Бекхэм қадди-қомат келишган йигит, дея севадилар. Мени эса яхши кўрмайдилар. Чунки санаб ўтган фазилатларнинг барчаси менда борда!
Луиш Фигу: - Футбол жамоалари зўр ҳужумчи қидириб, дунёни ағдар-тўнтар қилиб юборишга ҳам тайёр. Бутун жаҳонни кезишга ҳожат йўқ. Энг яхши ҳужумчилар “Атлетико” Мадриддадир.
Лионел Месси: -“Роналду зўрми ёки сен?”, деб сўраганларга Роналдинионинг ҳали ҳам тўп сураётганлигини айтиб, мавзуни ёпаман.
Пеп Гвардиола: - Энг буюк орзуим Мессини дунёнинг энг яхши футболчиси қилиш эди. Қарангки, у мени жаҳоннинг энг буюк мураббийига айлантирди.
Марко Ройс: - Гётце менга “Бавария”га кетаётганини айтганида, ўзимни тутолмадим. Роса йиғладим.
Андрей Шевченко: - Кўчаларда болакайларнинг қизил-қора рангли “Милан” либосини кийган кунларни жуда-жуда соғинаман.
Арсен Венгер: - Уолькот шу қадар тез югурадики, машғулотларда баъзан зарб билан тепилган тўпдан ҳам ўзиб кетади.
Роберто Манчини: - Криштиано Роналдуни тўхтатиш учун полиция чақиришимиз керак. (Европа чемпионлар лигасидаги “Галатасарой” ва “Реал” жавоб учрашувидан олдин).
Эль Шаарави: - Ибрагимовичнинг “Милан”дан кетгани мен учун жуда яхши бўлди. Энди “Менга узат, узат”, деб бақириб, босим ўтказадиган одам йўқ.
Жозе Моуринио:
Мухбир: - Жамоангиз чарчаганмиди?
Моуринио: - “Чарчаганмиди?” Кунда 15 соат ишлаб, ойда атиги 100 евро билан уйига қайтган ота чарчайди, биз эмас. (“Челси” Англия чемпионатида мағлубиятга учрагандан кейин олинган интервью).
Вагнер Лов: - Мени футбол ўйнаяпти, деб ўйламанг. Менинг қиладиган ишим севгилимла 90 дақиқа рақс тушишдир.
Луис Сколари: - Бирор-бир нуфузли мусобақада бош совринни қозонмоқчимисиз? Пелега қулоқ солинг. Унинг айтган гапларини терсини қилсангиз, марра сизники.
Златан Ибрагимович:
Мухбир: - Аёлингизга туғилган кунига совға сифатида нима олдингиз?
Ибрагимович: - Ҳеч нарса. Зотан унинг Златани бор.
Хуан Лапорта: - Роналдунинг Мессидан устун эканлигини кўрсатадиган жой фақат компьютер ўйинларидир: қачонки ўйин дастури Роналдуга мухлислик қиладиган муҳандислар томонидан ишлаб чиқарилган бўлса.
Арда Туран: - Фалкао, рақиб дарвозаси ёнида шу қадар хавфлики, ҳаттоки жарима майдончаси ичида учиб юрган чивинни ҳам тепиб, гол уриши мумкин.
Дилмурод ПАРПИЕВ тайёрлади