Мана, олий лигамизда 9та тур ортда қолди ва ҳозирдан қайси жамоалар имкониятлари қандайлиги билиниб турибди. Дейлик, «Локомотив» чемпионлик учун яққол фаворит.
Ҳарқалай, бу жамоа бошқалардан бир бош устундек кўринмоқда. Энг ачинарлиси, амалдаги чемпион сира ўзига ўхшамаяпти. Умумий қараганда, аксарият жамоалар кутилганидан паст натижа кўрсатишяптики, бунинг ортидан бош мураббийлар истеъфоси кузатилмоқда. Айнан шу омил ҳам профессионал лигамиз савиясига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Ахир энди мавсумнинг чорак қисми ўтди, мураббийга эса ўз қарашларини амалга татбиқ этиши, муносиб тактика танлаши ва муайян ўйин услубларини шакллантириши учун камида тўлиқ бир йил керак, менимча. Бу жиҳат хориж тажрибасида кўп марта исботланган. Хусусан, Англия премьер-лигасида мураббийларга камида бир мавсум ишлаш имкониятини беришади одатда. Бизда ҳам шундай бўлиши лозим. Ахир мавсум давомида янги мураббий келса, табиий равишда барчасини бошқатдан бошлайди. Натижада яна нечтадир ўйинни бой беришга тўғри келади. Эсингизда бўлса, Мадриднинг «Реал» клуби Висенте Дель Боскега жавоб берганидан сўнг айнан мураббийлар қўнимсизлиги муаммосидан жабр чекканди. Натижа қониқтирмаяптими, дарров бош мураббий алмашарди. Жамоа ўша пайтлар ЧЛ нимчорак финалидан ҳам ўтолмасди. Мана, сўнгги йилларда бу ҳолатга барҳам берилди ва натижалар ҳам яхшиланди. Нима бўлган тақдирда ҳам, биз олий лигамиз ўйинлари бундан-да томошабоп кечишини хоҳлаймиз.
Рустам Рустамов
rustam-rustamov1988@mail.ru.