«Реал» бош мураббийи Зайниддин Зидан «Атлетико»га қарши Европа чемпионлар лигаси финали арафасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Эртанги ўйин яккакурашларга бой бўлади, деб ўйламайман. Қийин ўйин бўлади, аммо майдоннинг ҳар бир қаричида кураш кечмаса керак. Бизга жуда қийин бўлади, аммо биз бундай вазиятдан ўтдик ва яна бунга тайёрмиз. Икки ҳафта давомида тайёргарлик олиб бордик. Ўйинчилар майдонга тушишни интизорлик билан кутишмоқда.
2014 йилги финалдан кейин айрим ўйинчилар таркибимизни тарк этишган, аммо жамоанинг ўша фалсафаси ўзгаришсиз қолган. Биз бирдамлик, интилиш ва дўстликка таянамиз. Жамоа майдонга чиққанида, ҳар бир футболчи бор кучини беришга ҳаракат қилади. Эртанги баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди.
Бизни жуда қийин ўйин кутмоқда, биз буни биламиз. Қийинчилик нима эканини жамоа билади ва ўйинга тайёрмиз. Шубҳасиз, қийинчиликка дош беришимиз керак бўлади. Финал ўйинида қийинчиликка дуч келиш — одатдаги ҳолат. Ғалаба қозонишни истасанг, тер тўкишингга тўғри келади.
Ҳозир мен одатдагидек ҳаяжондаман. Ахир барча саволларга жавоб беришимга тўғри келади. Умуман олганда, мен хотиржамман. Ўйин бошланган пайтда асабийроқ кўринишим мумкин. Бу мураббийлик ишининг бир қисми. Менга ҳаттоки бундай босимни ҳис қилиш ёқади. Футболчилик пайтимда буни ҳис қилганман, аммо мураббийликда барчаси бошқача.
Карло Анчелотти менга битта нарсани кўп айтган. «Умид қиламан, бош мураббий сифатида сени финал кутмоқда», – деганди Лиссабондаги финал олдида. Ўша кун келди. Мен Карлонинг гапини ўйлашдан тўхтамайман.
Криштиану ўйинга 100 фоиз тайёр. Агар уни нимадир безовта қилса, финал пайтида барчаси ўтиб кетади!» — дейди Зидан.