Кириш Регистрация
05/05 00:00 Брест 0-0 Нант
05/05 00:00 Мальорка 0-1 Атлетико
05/05 15:30 Кальяри 1-1 Лечче
05/05 17:00 Осасуна 0-2 Бетис
05/05 18:00 Навбаҳор 4-0 Локомотив
05/05 18:00 Брайтон 1-0 Астон Вилла
05/05 18:00 Челси 5-0 Вест Хэм
05/05 18:00 Эмполи 0-0 Фрозиноне
05/05 18:00 Верона 2-1 Фиорентина
05/05 18:30 Бунёдкор 0-2 Сурхон
05/05 19:15 Сельта 3-2 Вильярреал
05/05 20:30 Ливерпуль 4-2 Тоттенхэм
05/05 21:00 Милан 3-3 Женоа
05/05 21:30 Валенсия 0-1 Алавес
05/05 23:45 Рома - Ювентус
06/05 00:00 Райо Вальекано - Альмерия
06/05 00:00 Севилья - Гранада
06/05 21:00 Салернитана - Аталанта
06/05 23:45 Удинезе - Наполи
07/05 00:00 Кристал Пэлас - Ман. Юнайтед
07/05 00:00 Лилль - Лион
08/05 00:00 ПСЖ - Боруссия Д

Финал Миланда, соврин Мадридга

Баҳо:
+ | -

Миландаги «Сан-Сиро» («Жузеппе Меацца») стадиони Европа Чемпионлар Лигаси финалини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Тўғри, ушбу баҳсда Италия жамоаларининг иштирок этмаслиги маҳаллий мухлисларни ранжитиши табиий. Аммо барибир, мазкур турнирнинг ҳал қилувчи ўйини барчада бирдек қизиқиш уйғотади. Қуйида «Реал» ва «Атлетико» ўртасида кечадиган финалга тааллуқли айрим маълумотларни тақдим этамиз.

28 май куни ЕЧЛ тарихида иккинчи марта финалда Мадриднинг икки клуби тўқнаш келади. Эслатиб ўтамиз, 2014 йили Лиссабонда ўтказилган ҳал қилувчи ўйинда ҳам айнан «Реал» ва «Атлетико» тўқнаш келишган, ўйиннинг асосий қисми дуранг (1:1) билан якунланганидан сўнг, қўшимча бўлимларда «Қироллик клуби» яна учта гол ургач, ушбу совринни ўнинчи марта ўзиники қилиб, рекорд қайд этганди. Умумий ҳисобда, «Реал» ҳисобида 14та финал мавжуд бўлса, улардан иккитасида «Атлетико» рақиблик қилган.

Тарихга назар ташласак, 1974 йили «матрасчилар» ҳал қилувчи баҳсда «Бавария» билан куч синашиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашган, жавоб ўйинида эса мюнхенликлар рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмаганди - 4:0.

ЕЧЛнинг 2015|2016 йиллар мавсумини «А» гуруҳида бошлаган «Реал» 16 очко тўплаб, «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритди. Кейинги бос­қичларда «Рома» (2:0, 2:0), «Вольфсбург» (0:2, 3:0) ва «Манчестер Сити» (1:0, 0:0) таслим этилди. Ўз навбатида, «Атлетико» «С» гуруҳини ғолиб сифатида якунлади. 1|8 финалда Диего Симеоне шогирдлари пенальтилар серияси натижаларига кўра «Эйнд­­ховен»ни турнирдан чиқариб юборишди (0:0, 0:0). Кейинчалик «матрасчилар» қитъа грандлари - «Барселона» (1:2, 2:0) ҳамда «Бавария» (1:0, 2:1)ни тўхтатишди.

Эслатиб ўтамиз, Миландаги финални англиялик ҳакам Марк Клаттенбург бошқариб боради. Унга қанотларда Саймон Бек ва Жек Коллин, дарвоза ортида эса Энтони Тэйлор ҳамда Андре Марринер ёрдам беришади. Тўртинчи ҳакам - венгриялик Виктор Кошшаи.

ФИНАЛНИНГ АҲАМИЯТИ

ЕЧЛ-2015|2016 финалидаги ғалаба мураббий ва айрим футболчилар учун шахсий ютуқ келтириши ҳам кутилмоқда.

---------------------------------------

«Реал»

Зайниддин Зидан

«Қироллик клуби» муваффақият қозонса, Зидан ҳам футболчи, ҳам мураббийлик даврида ушбу турнирда зафар қучганлар клубига аъзо бўлади. Шунингдек, ЕЧЛ-2001|2002 ғолиби мазкур нуфузли мусобақани мураббий сифатида қўлга киритган илк францияликка айланади. 60-йилларда француз Эленио Эррера «Интернационал» билан Чемпионлар Кубогини қўлга киритган, аммо бу мутахассис Аргентинада туғилган.

Кейлор Навас

УЕФА финалида қатнашиб, ғалаба қозонган илк коста-рикаликка айланиши мумкин.

Хамес Родригес

ЕЧЛ финалида ўйнайдиган илк колумбияликка айланиши мумкин («Интер» ҳимоячиси Иван Кордоба 2009|2010 йиллар мавсумидаги ҳал қилувчи ўйинни захира ўриндиғида ўтказган). Шунингдек, Хамесда халқаро клублар совринлари коллекциясига эга бўлиш имконияти мавжуд. У 2011 йили «Порту» сафида Европа Лигасида, 2014 йили «Реал» билан УЕФА суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида зафар қучган.

Гарет Бэйл

Бу тоифа финалда тўп сурган бешинчи уэльсликка айланган Бэйл мазкур турнирда икки марта зафар қучган икки ҳамюртига тенглашиб олади. Аввалроқ шундай шараф «Ливерпуль» ҳимоячиси Жозеф Жонс (1977, 1978) ҳамда «МЮ» хавбеки Райан Гиггз (1999, 2008)га насиб қилган.

Мартин Эдегор

Мунтазам равишда «заявка»дан ўрин олиб, аммо ЕЧЛнинг жорий мавсумида қатнашмаган футболчи турнир финалида тўп сурган тўртинчи норвегияликка айланиши мумкин. Бунга қадар Ронни Йонсен ҳамда Оле-Гуннар Сульшер («МЮ», 1999) ва Йон-Арне Риисе («Ливерпуль», 2005) ҳал қилувчи баҳсда ўйнашган. Мабодо, Эдегор майдонга тушиб, «Реал» билан ғалабага эришса, у мусобақа тарихидаги энг ёш (17 ёшу 163 кун) ғолибга айланади. Бу борадаги рекорд 1962 йили «Бенфика» аъзоси Антониу Симоэш (18 ёшу 139 кун) томонидан ўрнатилган.

Криштиану Роналду

ЕЧЛ кубогини учинчи марта қўлга киритиши мумкин: Роналду 2008 йили «МЮ», 2014 йили «Реал» сафида «шалпангқулоқ»ни боши узра кўтарганди. Шунингдек, Криштиану Чемпионлар Лигасининг учта финалида гол урган дастлабки футболчига айланиш имкониятини сақлаб турибди. Ҳозирча португалиялик юлдуздан ташқари Лионель Месси («Барселона», 2009 ва 2011), Рауль («Реал», 2000 ва 2002) ҳамда Самуэль Это`О («Барселона», 2006 ва 2009) иккита учрашувда тўп киритишган. Умуман, бундай кўрсаткичлар бобида Альфредо Ди Стефанога етадигани йўқ. Ушбу футболчи еврокубокларнинг бешта финалида қатнашиб, еттита гол урган. Дарвоқе, айни кўрсаткич Ференц Пушкашга ҳам тегишли.

---------------------------------------

«Атлетико»

Диего Симеоне

Луис Карнилья («Реал», 1958 ва 1959) ҳамда Эленио Эррера («Интер», 1964 ва 1965)дан сўнг Аргентинада туғилган мураббийлар орасида ЕЧЛда ғолиб чиққан учинчи мутахассисга айланиши мумкин. Шунингдек, Симеонеда иккинчи марта евросовринга эга чиқиш имконияти мавжуд, зеро «Атлетико» билан Европа Лигаси-2011|2012да зафар қучган. Бундан таш­қари, Симеоне ўйинчи сифатида кўҳна қитъанинг иккита совринини қўлга киритган («Интер», УЕФА кубоги-1997|1998 ва «Лацио», УЕФА cуперкубоги-1999). Демак, бу коллекцияни яна битта соврин билан тўлдириши мумкин.

Ян Облак

Турнирда ғолиб чиққан илк словениялик футболчига айланиши мумкин. Облакдан аввал Сречко Катанец («Сампдория», 1992) ҳамда Златко Захович («Валенсия», 2001) ЕЧЛ финалида ўйнашган, аммо мағлуб бўлишганди. Ян еврокубоклардаги иккинчи финалини бой беришни истамаса керак, 2014 йили «Бенфика» билан Европа лигасининг ҳал қилувчи босқичида мағлубиятга учраганди.

Стефан Савич

Мабодо ушбу ҳимоячига еврокубоклар финалидаги дебютини нишонлаш насиб этса, мамлакати мустақилликни қўлга киритганидан сўнг ЕЧЛда ғолиб чиққан илк черногориялик футболчига айланиш имкониятини сақлаб қолади. Аввалроқ Чемпионлар Кубогини кўтариш Черногориянинг тўрт вакили - Деян Савичевич («Црвена Звезда», 1991|«Милан», 1994), Слободан Марович («Црвена Звезда», 1991), Рефик Шабанаджович («Црвена Звезда», 1991) ҳамда Предраг Миятович («Реал», 1998)га насиб этган.

Томас Парти

«Атлетико»нинг Чемпионлар Лигасидаги сўнгги тўртта учрашувида захирадан ўйинга қўшилган ярим ҳимоячи нуфузли евротурнир финалида тўп суриб, ғалаба қозонган тўртинчи ганалик футболчига айланади. Бунга қадар айни натижага Абеди Айю («Олимпик», 1993), Самюэль Куффур («Бавария», 2001) ва Салли Мунтари («Интернационал», 2010) эришгандилар.

МАДРИД МИЛАННИ ОРТДА ҚОЛДИРДИ

28 май куни бўлиб ўтадиган финалда ким ғалаба қозонишидан қатъий назар, Мадрид шаҳри турнирнинг иккита рекордини ўрнатиб, учрашув мезбони - Миланни ортда қолдиради.

Жорий мавсумга қадар «Милан» ва «Интер» клублари Чемпионлар Кубогининг 16та финалида қатнашиб, унинг 10тасида ғалаба қозонишган. Бунгача «Реал» 10 марта турнир ғолибига айланган, ҳал қилувчи баҳсларда Мадрид клублари 15 марта иштирок этишганди.

Сўнгги уч йилда иккинчи марта Испания пойтахти вакиллари қатнашишаётганини инобатга олсак (дарвоқе, бунга қадар ҳал қилувчи баҳсда бир шаҳар вакиллари ўзаро тўқнаш келишмаганди), Мадрид 11та соврин билан еврокубокларда пешқадамликни эгаллайди. Бу шаҳар финалдаги иштирокчилар рекорди борасида ҳам Миланни ортда қолдиради - 17 марта.

Шунингдек, Мадрид 1992|1993 йиллар мавсумидан сўнг бешинчи ғалабасини нишонлаб, тўрт марта шундай номга сазовор бўлган Милан ва Барселонани қувиб ўтади. Ниҳоят, мадридликлар турнирда ислоҳотлар рўй берганидан сўнг финалда иштирок этиш борасида ҳам Миланнинг рекордини такрорлашди.

Табиийки, Мадрид асосий еврокубокдаги энг муваффақиятли пойтахт ҳисобланади. Амстердам «Аякс»нинг саъй-ҳаракатлари эвазига тўрт марта совринни қўлга киритган, Лиссабоннинг «Бенфика»си эса финалда етти марта зафар қучган. Лондон ҳисобида ҳам финалдаги учта иштирок ва битта ғалаба мавжуд.

Агар барча еврокубок турнирлари инобатга олинса, бу борада ҳам Мадрид 15та ғалаба билан Милан(14та соврин)ни ортда қолдиради. Финалда ўйнаш борасида Мадрид 26:23 ҳисобида Миландан олдинда бормоқда. Еврокубокларда ғалаба қозонган ва финалда қатнашган клублар ҳақида гап кетганда, Лондонга тенг келадигани йўқ - 4та ютуқ ва 5та иштирок.

Чемпионлар Кубоги ғолиб-шаҳарлари (2016 йил ҳам қўшилган)

Мадрид - 11 («Реал» 10 ёки 11, «Атлетико» 0 ёки 1)

Милан - 10 («Милан» 7,

«Интер» 3)

Мюнхен - 5 («Бавария» 5)

Барселона - 5 («Барселона» 5)

Ливерпуль - 5 («Ливерпуль» 5)

 

Чемпионлар Кубоги финали иштирокчи-шаҳарлари (2016 йил ҳам қўшилган)

Мадрид - 17 («Реал» 14, «Атлетико» 3)

Милан - 16 («Милан» 11, «Интер» 5)

Мюнхен - 10 («Бавария» 10)

Барселона - 8 («Барселона» 8)

Турин - 8 («Ювентус» 8)

 

Чемпионлар Лигаси ғолиб-шаҳарлари (2016 йил ҳам қўшилган)

Мадрид - 5 («Реал» 4 ёки 5, «Атлетико» 0 ёки 1)

Барселона - 4 («Барселона» 4)

Милан - 4 («Милан» 3, «Интер» 1)

Манчестер - 2 («Манчестер Юнайтед» 2)

Мюнхен - 2 («Бавария» 2)

 

Чемпионлар Лигаси финали иштирокчи-шаҳарлари (2016 йил ҳам қўшилган)

Мадрид - 7 («Реал» 5, «Атлетико» 2)

Милан - 7 («Милан» 6, «Интер» 1)

Мюнхен - 5 («Бавария» 5)

Барселона - 5 («Барселона» 5)

Турин - 5 («Ювентус»« 5)

 

УЕФА турнирлари(клублар ўртасида)даги ғолиб-шаҳарлар*

Мадрид - 16 («Реал» 12 ёки 13, «Атлетико» 3 ёки 4)

Милан - 15 («Милан» 9, «Интер» 6)

Барселона - 9 («Барселона» 9)

Ливерпуль - 9 («Ливерпуль» 8, «Эвертон» 1)

Лондон - 9 («Челси» 4, «Тоттенхэм» 3, «Арсенал» 1, «Вест Хэм» 1)

 

УЕФА турнирлари (клублар ўртасида) финали иштирокчи-шаҳарлари*

Мадрид - 26 («Реал» 18, «Атлетико» 8)

Милан - 23 («Милан» 14, «Интер» 9)

Лондон - 20 («Челси» 8, «Арсенал» 5, «Тоттенхэм» 4, «Вест Хэм» 2, «Фулхэм» 1)

Барселона - 16 («Барселона» 14, «Эспаньол» 2)

Ливерпуль - 13 («Ливерпуль» 12, «Эвертон» 1)

Мюнхен - 13 («Бавария» 12, «Мюнхен-1860» 1)

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:24, 28.05.2016.
Ўқилди: 3129 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.