Мана бир ҳафтадирки, «Лестер» Англиянинг энг кучли жамоаси нашъасидан, Варди эса чемпионатнинг олтин медаллари тафтидан лаззат олмоқда. Тарихий ғалабани нишонлаш жараёни бироз сусайгач, чемпион «тулкилар» клуб президенти ватани - Таиландга йўл олишди. Сафар баҳонасида юзага келган қисқа танаффусдан унумли фойдаланган ESPN мухбири бахтиёр ҳужумчини суҳбатга тортди. Марҳамат Вардининг ортиқча дабдабалардан холи бўлган, содда ва самимий жавоблари билан танишинг.
- Сиз учун мавсумнинг энг муҳим воқеаси қайси?
- Яқин-ўтмишда қаерда, қандай мақомда эдиму, ҳозир қаердаман? Шу ҳиссиёт менга тинчлик бермаяпти. Мавсумнинг бирор-бир воқеасини алоҳида эътироф этишга ожизман. У тўлалигича фантастик тарзда ўтди. Кўп ва қатъиятлилик билан тер тўкишимизга тўғри келди. Шахсан мен учун бу жуда юксак натижа. Бошқа жамоадошларим ҳам айнан шундай фикр билдиришларига кафолат бераман. Ахир уларни гранд клублар ўз сафларидан чиқариб юборишди, айримлари қуйи лигаларда тўп суришга мажбур бўлишди, кейинчалик «Лестер»дан қўним топишди. Яъни, кўпчиликнинг наздида заиф кўринган ана шу йигитлар бугун чўққида.
- Жамоангизга чемпионлик унвонини ҳадя қилган Эден Азарга нима деган бўлардингиз?
- Бу ҳақда умуман ўйламагандим. Лекин бир нарсани эътироф этишим мумкин. Якшанба оқшоми учрашувга йўл оларканман, бир мухлисга кўзим тушди. У «Лестер»нинг 10-рақамли футболкасини кийиб олган, лекин орқасида «Азар» сўзи ёзилганди. Ўша мен учун ғаройиб туюлганди...
- «Лестер»нинг чинакам жасоратини қандай баҳолайсиз?
- Бунга изоҳ беришнинг иложи йўқ. Табиийки, бунга қодирлигимизга ҳеч ким ишонмаганди... Бироқ биз мақсад сари қадам-бақадам интилдик, тўхтаб қолмадик. Очиғи, қандай иборадан фойдаланишни билмаяпман. Буни тушунтириш ўта мушкул. Айниқса, Уэс ва «босс» кубокни бошлари узра баланд кўтаришгандаги ҳиссиётларимни сўз билан таърифлай олмайман. Совринни ҳаммамиз кўтариб кўрдик, кейин фахрий айланишни амалга оширдик. Шуларни сўзларда ифодалаш мумкинми? Менда бошқа сўз бойлиги йўқ.
- Нима деб ўйлайсиз, «Лестер» янги мавсумда ҳам ушбу натижани такрорлаши мумкинми?
- Шундай бўлишига ишониш, умид қилиш даркор. Жуда иноқ, бир-бири учун жон фидо қилиб курашадиган йигитлар нега энди бу ишни удалай олмасликлари керак? Биздан ўз йўлимиздан оғишмай олға интилиш талаб этилади. Бу ЧЛга ҳам тааллуқли. Ҳеч қандай ўзгаришнинг кераги йўқ. Бизга қандай услубда тўп сураётганимиз, ғалабаларга эришаётганимиз жуда ёқади. Янги мавсумда ҳам ҳар бир учрашув, ҳар бир ғалабадан лаззат олишга ҳаракат қиламиз.
- Тўпурарлик баҳсида Гарри Кейндан битта голга ортда қолдингиз. Сўнгги турда ундан ўзиб кетишни мақсад қилганмидингиз?
- Буни амалга оширсам, зўр бўларди. Аммо «Лестер» учун ғолиблик обрўсини сақлаб қолиш муҳимроқ. Шу боис, «Челси» майдонига фақат ғалаба илинжида бордик. Голни ким уришининг аҳамияти йўқ эди.
- Ечиниш хонасидаги энг қувноқ инсон сиз экансиз, шу тўғрими?
- Йўқ (кулади). Менимча, бу - Хут. У жуда қаттиққўл йигит. Ечиниш хонасида шундай инсоннинг бўлгани яхши. Дарвоқе, сиз уйимда ғалаба тантаналари ёзилган видеотасмани кўрдингизми? Уни Кристиан Фукс тасвирга туширган. Демак, у ҳам Хут каби нуфузга эга.
- Клуб соҳиби ўз жамоаси учун мамлакат бозорига қандай йўл очмоқда?
- Барча ишлар ажойиб тарзда амалга оширилди. Таиландликларнинг «Лестер»га кўнгил қўйишлари президент учун муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда етарли мухлисларга эгамиз. Клуб соҳиби улар учун АПЛ беллашувларини улкан экранларда томоша қилиш имкониятини муҳайё қилган. Бизни худди стадионда ўтиргандек қўллаб-қувватлашди.
- Энди тезроқ Европа чемпионатида майдонга тушишни ўйлаётгандирсиз?
- Бу масала терма жамоа таркибидан жой олишимга боғлиқ. Кейинги ҳафта ҳаммаси ойдинлашади. Агар таркибдан ўрин олсам, мендан нима талаб қилишларини яхши биламан: яна тиришқоқлик билан тер тўкиш ва мураббийлар ишончини оқлаш.
- Борди-ю, Англия омадсизликка учраса, қайси жамоага мухлислик қиласиз?
- Бошқа ҳеч бир жамоага мухлислик қилмайман.
Championat.com - С.РАҲМОНОВ тайёрлади