Дортмунднинг «Боруссия» клуби ярим ҳимоячиси Илкай Гундоган «Манчестер Сити» аъзосига айланди. 25 ёшли германиялик футболчи "шаҳарликлар" билан 4 йилга мўлжалланган шартномага имзо чекди.
Аввалроқ унинг трансфер суммаси 26 миллион еврони ташкил этиши, футболчи "Сити"да муваффақиятли ўйнаса, бу нарх 29 миллион еврога етиши мумкинлиги ҳақида хабар бериб ўтгандик.
«Мен «Манчестер Сити»га ўтганимдан ҳайратдаман. Клуб томонидан қизиқиш бўлаётганини билган заҳотим бу жамоада ўйнаш истаги пайдо бўлди. Хосеп Гвардиола билан ишлашни жуда ҳам хоҳлайман. «Сити»нинг ушбу ёздаги биринчи трансфери бўлганимдан хурсандман.
Англия чемпионати ва Чемпионлар лигасида соврин қўлга киритиш учун бор кучимни ишга соламан. Мухлислар ваъда бераман.
Ажойиб даврлар учун «Боруссия» клуби мухлисларига алоҳида миннатдорчилик билдираман», – дейди Гундоган.
Эслатиб ўтамиз, машғулотларнинг бирида Гундоганнинг тиззасидаги қопқоғи чиқиб кетгани боис у яқинда жарроҳлик столига ётганди. Шу боис, у Евро-2016ни ўтказиб юборади ва янги мавсумнинг бошида майдонга туша олмайди.