Халқаро дзюдо федерациясининг расмий сайтида жорий йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар рўйхати эълон қилинди.
Қувонарлиси, Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рейтинг очколари ўйналган мусобақалар якунларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси саккизта йўлланмага эга бўлди.
Унга кўра, эркаклар терма жамоамиз барча еттита (-60, -66, -73, -81, -90, -100, +100 кг) вазнда йўлланмага эга бўлишган бўлса, аёллар терма жамоамиздан Гулноза Матниёзова (-70 кг) қитъавий квота орқали Олимпиада ўйинларида қатнашиш хуқуқига эга бўлган.
Маълумки, Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рейтинг очколари ўйналган мусобақалар якунларига кўра эркаклар ўртасида ҳар бир вазн тоифасида кучли 22таликдан, хотин-қизлар орасида эса кучли 14таликдан ўрин олган спортчилар “Рио-2016” ўйинларига йўлланма оладилар. Қоидага кўра, ҳар бир вазн тоифасида бир давлатдан фақатгина бир нафар спортчи йўлланмага эга бўлади. Бундан ташқари, қитъавий квоталар орқали ҳам спортчиларга Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари берилади.
Эркаклар терма жамоамизнинг икки нафардан спортчиси -60 кг. ва -81 кг вазн тоифаларида кучли 22таликдан ўрин эгаллашган. Булар Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг), Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг), Шаҳзодбек Собиров (-81 кг) ва Яҳё Имомов (-81 кг). Уларнинг қай бирини XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўл олиши Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинади.
Қолган вазн тоифаларида Ришод Собиров (-66 кг), Мирали Шарипов (-73 кг), Шерали Жўраев (-90 кг), Соиб Қурбонов (-100 кг) ва Абдулло Тангриев (+100 кг) кучли 22таликдан ўрин эгаллаб, Олимпиада ўйинларининг йўлланмасига эга бўлдилар.
Ҳамюртларимиздан Абдулло Тангриев 2008 йили Пекин (Хитой)да бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Ришод Собиров 2008 йилги Пекин ҳамда 2012 йилги Лондон (Буюк Британия)да ўтказилган Олимпиада ўйинларида бронза медаллари билан тақдирланган.
Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг), Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг), Шаҳзодбек Собиров (-81 кг), Шерали Жўраев (-90 кг), Соиб Қурбонов (-100 кг) ва Гулноза Маниёзова (-70 кг) шу пайтга қадар Олимпиада ўйинларида иштирок этишмаган.
Мирали Шарипов 2008 йили Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида вазни 66 кг.гача бўлган полвонлар мусобақасида 5-ўринни эгаллаган. Яҳё Имомов эса Лондон-2012 ўйинларида (-81 кг.вазнда) 17-ўринни банд этган.
Эслатиб ўтамиз, XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган дзюдо кураши бўйича мусобақалар 6-12 август кунлари ўтказилади.
Шавкат Жалилов