«Барселона» ярим ҳимоячиси Иван Ракитич аслида Хорватия термаси эмас, балки Швейцария миллий жамоасида ўйнаши мумкин эди. Бироқ у вақтида хорватларни танлади. Каталонияда ҳам ўз ўрнини топган футболчи Евро-2016 бошланиши арафасида интервью беришга кўнди ва аввало, айнан ўша фуқаролик танлови ҳақида гапиришига тўғри келди.
- Ҳозир Хорватия термаси сафида 3-Европа чемпионатига ҳозирлик кўрмоқдасиз. Бироқ вақтида Швейцария миллий жамоасини танлашингиз мумкин эди. Чунончи, айнан шу мамлакатда туғилган ва улғайгансиз. Қолаверса, Швейцариянинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ўйнагансиз, аммо...
- Отам 20 ёшли пайти футбол ўйнаган экан, профессионал эмас, ҳаваскорлар даражасида. Хуллас, у вақтида Югославиядан чиқиб кетиб, янги ҳаёт бошлаш имкониятига эга бўлган. Отам - хорват, лекин Босниядаги мактабда ўқиган. Онам ҳам хорват ва Боснияда яшаган. Югославияда муайян вақтда яшаш ўта мураккаблашган. Уруш ҳали бошланмасидан босим ўта кучайган. Натижада имкони бор кишилар мамлакатдан чиқиб кетишган. Хуллас, отам Швейцариядан қўним топган ва у ерда кичик шаҳарча жамоаси президенти саналган полициячи билан танишган. Шу тариқа футбол ўйнаш баробарида қурилиш соҳасида ишлай бошлаган. Хуллас, отам визалар ва ҳужжатлар масаласини ҳал қилиб, онам ва акамни ёнига чақирган. Мен эса 1988 йили айнан Швейцарияда туғилганман. Уруш хавфи тобора ошиб бораётгани учун ота-онам ватанга қайтишни исташмаган...
- Швейцария термасини танлашингиз мумкин эди, аммо туғилганингизда ҳали мавжуд бўлмаган мамлакат жамоасида ўйнашни ихтиёр этгансиз. Бундай қарорга келишингиз боиси нима? Ота-онангиз учун шундай қилганмисиз?
- Йўқ, барчаси оддий: қалбимга қулоқ тутиб, шундай қарорга келганман. Шубҳасиз, қисман швейцарияликман. Ҳозир ҳам Швейцария спортчилари ва жамоаларига мухлислик қиламан. Зеро, ушбу мамлакат спортини ёқтираман. Масалан, бу ерда жуда машҳур кёрлинг ва Рожер Федерерга меҳрим баланд. Лекин миллий жамоа танлашда юрагим амрига бўйсунганман. Биринчи навбатда, Швейцария футбол ассоциациясига қўнғироқ қилиб, қарорим ҳақида огоҳлантиргандим. Аслида швейцарияликларга катта ҳурмат билан қарайман. Қолаверса, 15 ёшимдан мамлакатнинг ўсмирлар ва ёшлар термаларида ўйнаганман.
- Қарорингизни қандай қабул қилишганди, сизни тўғри тушунишганми?
- Қийин бўлган. Швейцариялик айрим мухлисларнинг ҳаракатлари вазиятни оғирлаштирган. Таҳдидларга ҳам учрагандим. Дейлик, қўнғироқ қилиб, дўқ-пўписа уришган, ҳаттоки, Швейцариядаги уйимга боришган. Лекин мухлислар ҳолатини яхши тушунаман. Зеро, улар менинг Швейцария термаси сафида ўйнашимни исташган. Умуман, ўша воқеаларни эслашни истамайман. Муҳими, ўз қароримдан афсусланмайман. Агар қайта танлаш имкони берилса ҳам, худди шундай йўл тутардим.
- Қизингизнинг отаси Швейцарияда туғилган хорват, онаси эса испан. Агар у футболчи бўлса, қайси мамлакат термасини танлайди?
- Ха-ха! Йўқ, қизим футболчи бўлмоқчи эмас.
- Eвро-2016га қандай ҳиссиётлар билан йўл оляпсиз?
- Истак ва умид оғушида. Хорватия термаси билан катта натижалар қайд этиш иштиёқим жуда баланд. Бир сўз билан айтганда, Шукер ва унинг сафдошлари эришган натижани яхшилашимиз шарт. Хорватия катта мамлакат эмас. Унда атиги 4 миллион аҳолиси бор. Лекин умидимиз катта. Турнирга чиқиш осон эмас. Мана, финал раундига боряпмизми, энди осонликча таслим бўлмаймиз.
- Жамоанинг ярим ҳимояси «Реал» ва «Барселона» аъзоларидан ташкил топган. Сиз, Модрич, Ковачич...
- Гап фақат биз, яъни «Барселона» ёки «Реал» ўйинчиларида эмас. 19 ёшимда миллий жамоада ўйнай бошлаганимда, таркибда Хорватия чемпионати вакиллари кўп эди. Ҳозир эса умуман бошқача манзара. Жамоамизда «Интер», «Динамо» (Киев), «Шахтёр», «Монако» ва Англия клубларида ўйнайдиган футболчилар кўп.
- Ҳа, таркибда Европанинг кўзга кўринган клублари футболчилари жамланишган. Бу жамоа руҳиятини кўтарадими?
- Албатта. Аммо бошқалардан фарқли жиҳатимиз йўқ эмас. Масалан, инглизлар ўз лигаларида ўйнашади - «Тоттенхэм», «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», яна бошқа жамоаларда. У ерда ғоялар ўхшаш. Бизда эса... Мен «Барселона»да, Модрич «Реал»да, яна «Гамбург», «Интер», «Шахтёр» каби клубларда ўйнайдиган футболчиларимиз бор. Уларнинг барчаси бошқа-бошқа услубга таянади. Шундай экан, Хорватия термаси ўйинини шакллантириш жуда қийин. Қайсидир клуб тўпни кўпроқ назорат қилади, яна бири ҳужум, бошқаси ҳимоя ёки қарши ҳужумни хуш кўради, ахир. Бошқа томондан, терма жамоага бутун Европадан келишимиз яхши. Лекин осон эмас, барибир. Хусусан, Англия, Италия, Испания каби жамоалар футболчилари ўз миллий чемпионатларида тўп суришади ва бу борада уларга осонроқ.
«СЭ» - А. ҚОДИРОВ тайёрлади