Португалия терма жамоаси Исландияни мағлуб эта олмади ва сенсацияга сабабчи бўлди.
Биринчи бўлимни Исландия дадил бошлади. 3-дақиқада улар ҳисобни очиши мумкин эди. Сигурдссон чап қанотдан жарима майдонига ёриб кириб кучли зарба йўллаганида Руи Патрисиу тўпни қайтара олди.
Шундан сўнг ўйин фаворитлари ташаббусни қўлга олиб, кетма-кет хавфли ҳужумларни уюштиришди.
18-дақиқада Виериня узоқ масофадан зарба йўллади, дарвозабон қийинчилик билан тўпни ушлаб қола олди.
Орадан 5 дақиқа ўтгач, Нани ҳисобни очиши мумкин эди. Роналду чап қанотдан тўпни жарима майдонига оширганида, ёлғиз ўзи турган Нани яқин масофадан боши билан зарба йўллади, бироқ дарвозабон тўпни оёғи билан қайтариб, жамоасини қутқариб қолди.
23-дақиқада Роналду қулай имкониятдан фойдалана олмади. Виериня жарима майдонига тўпни оширганида Криштиану боши билан зарба йўллади, тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.
Португалиянинг босими 31-дақиқада ўз самарасини берди. Андре Гомеш ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига етказганида, ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Нани яқин масофадан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни очди.
Шундан сўнг исландияликлар ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилиб, ўйинни ўз дарвозалари олдидан бироз узоқлаштира олишди. Аммо уларнинг ҳужумдаги ўйини қовушмади.
Иккинчи бўлим Португалияликлар фаол бошладилар. Бироқ тўп уларнинг дарвозасига киритилди.
50-дақиқада Гудмундссон ўнг қанотдан жарима майдонига тўпни оширди. Ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Бьярнасон уни яқин масофадан қийинчиликсиз дарвозага йўллади.
Шундан сўнг ташаббус португалияликларга ўтди. 61-дақиқада Андре Гомеш жарима майдони чизиғидан кучли зарба йўллади. Дарвозабон қийинчилик билан тўпни қайтарди. Орадан бироз ўтгач, Виериня тўпни ўнг қанотдан жарима майдонига йўллади, Нани яқин масофадан зарба берганида, дарвозабон тўп йўлини тўсишга улгурди
72-дақиқада ҳисоб ўзгариши мумкин эди. Ўнг қанотдан жарима зарбаси амалга оширилиб, тўп жарима майдонига етказилганда, Нани боши билан зарба берди. Тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Дарвозабон уни қайтаришга ожиз эди.
Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Роналду жамоасига ғалаба келтиришга яқин эди. Ўнг қанотдан Нани тўпни жарима майдонига етказганида, Роналду яқин масофадан боши билан зарба йўллади. Бироқ дарвозабон яхши ҳаракат қилиб, тўпни ушлаб қолди.
Исландия ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди. 86-дақиқада Финнбогасон жарима майдони ичида яқин масофадан зарба йўллади. Руи Патрисио тўпни қайтаришга улгурди.
Сўнгги дақиқалар Португалиянинг ҳужумлари остида ўтган бўлса-да, Исландия дуранг натижани ушлаб қола олди.
14 июнь, Сент-Этьенн, «Жоффруа-Гишар» стадиони
Португалия – Исландия 1:1 (1:0)
Голлар: Нани (31) – Бьярнасон (50)
Португалия – Руй Патрисиу, Виейринья, Пепе, Карвалью, Геррейру, Данилу Перейра, Андре Гомеш (Эдер, 84), Жоау Мариу (Куарежма, 76), Моутинью (Саншеш, 71), Нани, Роналду.
Исландия – Хальдерссон, Сэварссон, Сигурдссон, Арнасон, Скуласон, Гудмундссон (Бьярнасон, 90), Гуннарссон, Сигурдссон, Бьярнасон, Сигторссон (Финнбогасон, 81), Бедварссон.
Огоҳлантиришлар: Бьярнасон (55), Финнбогасон (90).