Ўн иккинчи турда, сафарда Олий лиганинг дебютанти - “Обод”га қарши тўп сурадиган “Оқ бўрилар” жамоаси бош мурабийи вазифасини вақтинча бажариб турган Ихтиёр Каримов мазкур учрашув олдидан ўз фикрларини қуйидагича билдириб ўтди:
“Пойтахт жамоасини деярли ташкил топган вақтидан буён биламиз ва кузатиб келамиз, десам муболаға бўлмайди. 2014 йилги мавсумда эса ушбу рақиб билан биринчи лига баҳсларида бир-биримизга қарши ўйнаганмиз.
“Обод” жамоаси ўз таркибига ўшанда ҳам, ҳозир ҳам ғайратли ва шижоатли йигитларни жамлаган эди. Қисқа вақт ичида биринчи лигада муваффақиятли иштирок этиб, мамлакат футболининг юқори элитасига йўл олган жамоа Олий лига ўйинларда ҳам ёмон иштирок этмаяпти. Мухлису мутахассисларда ҳам ижобий таассуротлар ўйғотмоқда. Гарчи, айни пайтда турнир жадвалида сўнгги поғонадан жой эгаллаб турган бўлса-да, мен навбатдаги рақибимизни аутсайдерлар қаторига қўшмаган бўлардим. Ва шундан келиб чиққан ҳолда, бошқа жамоалар қаторида “Обод”га ҳам ҳурматимизни сақлаб қоламиз.
“Шўртан” ҳақида гапирадиган бўлсам, йигитларимизнинг кайфияти яхши. Айниқса, кейинги турлардаги мазмунли ўйинларимиз ва муҳим ғалабаларимиз футболчиларимиз кучига куч қўшмоқда ва ўз имкониятларига бўлган ишончни янада мустаҳкамлаб бормоқда. Бу ҳолат эса бугунги учрашув олдидан шогирдларим руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Тошкентдан муҳим очколар билан қайтиш ниятидамиз.
“Шўртан” ПФК матбуот хизмати