Мадриднинг «Реал» клуби ёзги трансфер ойнасида 24 та битимни амалга ошириб бўлди, трансферлар ёпилгунига қадар эса яна тўртта ҳаракатни амалга оширишни режалаштирмоқда. Испаниянинг Marca нашри «Қироллик клуби»нинг ёзги трансфер фаоллигини хронологик тартибда тақдим этди ва мадридликларнинг кейинги режалари билан ўртоқлашди.
«Реал»нинг 2026 йилги ёзги трансфер ойнасидаги 24 та битими:
-
«Реал» шартномаси узайтирилмаган ҳимоячи Даниэль Карвахаль билан хайрлашганини эълон қилди.
-
Ҳимоячи Давид Алаба клубни эркин агент сифатида тарк этди.
-
Испаниялик Альваро Арбелоа беш ойлик фаолиятидан сўнг бош мураббийлик лавозимини тарк этди.
-
Португалиялик Жозе Моуриньо «Реал»нинг янги бош мураббийига айланди.
-
Ҳимоячи Марк Кукурелья «Челси»дан 55 миллион евро эвазига «Реал»га ўтди.
-
Ҳимоячи Антонио Рюдигер билан шартнома бир йилга узайтирилгани маълум қилинди.
-
Ярим ҳимоячи Бернарду Силва «Манчестер Сити»дан эркин агент сифатида ўтди ва икки йиллик шартнома имзолади.
-
Ҳимоячи Ибраима Конате «Ливерпуль»дан «Реал»га текинга ўтди.
-
«Реал» ярим ҳимоячи Даниэль Себальос билан шартномани бекор қилди.
-
«Интер»дан ҳимоячи Дензел Думфрис 20 миллион евро эвазига ўтди.
-
Ҳужумчи Карлос Эспи «Леванте»дан 25 миллион евро эвазига ўтиб, клубнинг бешинчи янги харид қилинган футболчисига айланди.
-
«Хетафе» мадридликлар тарбияланувчиси Марио Мартиннинг 50% ҳуқуқи учун 3,5 миллион евро тўлади.
-
«Реал» «Комо»дан ярим ҳимоячи Нико Пас учун 60 миллион евро олди, мадридликларда 2027 йилнинг ёзида уни қайта сотиб олиш опцияси мавжуд.
-
Вингер Виктор Муньос «Осасуна»дан «Ливерпуль»га 40 миллион еврога ўтди, «Реал» эса бу трансфердан 20 миллион евро олди.
-
«Эльче» ҳужумчи Альваро Родригесни «Борнмут»га 25 миллион еврога сотди, ушбу сумманинг 12,5 миллион евроси «Реал»га тегди.
-
Ҳимоячи Фран Гарсия «Реал»дан «Бетис»га 3+1 миллион евро эвазига ўтди.
-
«Милан» «Лацио»дан ҳимоячи Марио Хилуни 30 миллион еврога сотиб олди, ушбу сумманинг 15 миллион евросини «Реал» олди.
-
Ҳимоячи Виктор Вальдепеньяс «Реал»дан «Фиорентина»га ўтди. Футболчининг 50% ҳуқуқи учун 8 миллион евро тўланди ва мадридликларда қайта сотиб олиш имконияти қолди.
-
Клуб тарбияланувчиси Гонсало Гарсия «Фулхэм»га 40 миллион еврога ўтди, «Реал»да келажакдаги сотув суммасининг 30% миқдори қолди.
-
Ярим ҳимоячи Сесар Паласиос ҳам худди шу шартлар асосида 10 миллион евро эвазига «Фулхэм»га ўтди.
-
Дарвозабон Фран Гонсалесининг 50% ҳуқуқи «Севилья»га 3 миллион еврога сотилди.
-
Вингер Ян Диоманде «РБ Лейпциг»дан 125+15 миллион евро эвазига харид қилинди ва 2033 йилгача мўлжалланган шартномага имзо чекди.
-
Бразилиялик Винисиус Жуниор «Реал» билан шартномасини 2032 йилнинг ёзигача узайтирди.
-
Аргентиналик Франко Мастантуоно сотиб олиш ҳуқуқисиз бир йилга «Фиорентина»га ижарага берилди.
Манбага кўра, трансфер ойнасининг қолган 25 кунида «Реал» яна тўртта битимни амалга оширишни режалаштирмоқда: ярим ҳимоячи Тьяго Питарч «Фулхэм»га ўтиши мумкин, ҳимоячи Рауль Асенсио позициясидаги бешинчи танлов бўлгани учун жамоани тарк этиши кутилмоқда, франциялик Эдуарду Камавинга қолмоқчи бўлса-да, клуб уни сотиш ниятида, ҳужумчи Эндрикни эса ижарага юборишмоқчи.













