Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Севимли жонивор – бўш вақтга ҳамроҳ

Баҳо:
+ | -

Эронлик истеъдодли ёш ҳужумчи Сардор Азмун отга қаттиқ меҳр берганини биласизми? Криштиану Роналдунинг ўз уйида бир эмас, 3та ит парвариш қилаётганини-чи? Лионель Мессининг севимли жонивори нима? Бу саволларга Soссer.ru сайтининг ноодатий йўналишдаги, яъни футболчилар эмас, уларнинг севимли уй ҳайвонлари ҳақидаги қуйидаги мақоласидан жавоб топасиз...

Ушбу сатрларни мутолаа қилаётган аксар ўқувчиларнинг севимли уй ҳайвонлари борлиги аниқ. Шунингдек, қаторимизда инсоннинг тўрт оёқли дўстларини сира ёқтирмайдиганлар ҳам топилади, албатта. Яқинда тарқалган латифанамо гапларнинг бири эса шундай янграйди: «Интернет - мушуклар билан бирга тушган суратларни оммалаштириш учун ўйлаб топилган...». Албатта, ҳазил ўз ўрнига-ю, аммо айни кунларда мухлислар худди шу интернет тармоғи воситасида ўзлари ёқтирган футбол юлдузларининг уй ҳайвонлари ҳақида ҳам етарлича маълумот олишмоқда. Агар деярли барча элатларда машҳур бўлган ва  дўстлар ҳақида айтилган қадимий матални «Ўзинг ёқтирган кучук зотини айт, мен сенга кимлигингни айтиб бераман» қабилида ўзгартирсак, Лионель Месси бундан 2 йиллар аввал миттигина, пахмоққина, ёқимтойгина жингалак сочли болакай бўлиши керак эди. Негаки, унинг аввалги ити - «Тоби» худди шундай кўринишга эга бўлган. Лекин жорий йил бошида Мессининг рафиқаси - Антонелла турмуш ўртоғига мастифф зотига мансуб каттакон итни ҳадя қилди. Ким билади дейсиз, Антонелла эри бўш вақтини гўзал мухлисалар билан ўтказмаслиги учун шундай қилгандир?!

Хуллас, Месси янги дўсти билан танишаётган бир пайт унинг асосий рақобатчиси, «Реал» ҳужумчисиКриштиану Роналду ўғилчаси ҳамроҳлигида лабрадор зотига мансуб «Мароска» ва «Бобби Мур» лақабли итлари, шунингдек, «Абелинье» номли терьери билан сайр қилиб юрибди. «Барса»нинг яна бир маҳоратли вакили, жамоа «мияси» ҳисобланган Андрес Иньеста эса ўз уйида нақ 5та Йоркшир терьерини боқади. Бразилиялик Неймар ҳам жамоадошларидан қолишмасликка тиришиб, «Покер» лақабли лабрадор зотли кучукни асраб олган. Альваро Арбелоа мопс зотига мансуб 3та ит боқади ва уларга негадир киноқаҳрамонлар номини берган. Масалан, ёқимтой кучукчалардан бирини «Махфий ҳужжатлар» фильмидаги агент Малдернинг номи билан чақиради. «Атлетико»нинг кескин табиатли мураббийи Диего Симеоненинг уйида, кўпчилик ўйлаганидек, йўлбарс эмас, шунчаки, колли зотига мансуб ит яшайди. Лекин очиғини айтиш керак, бу ит ҳам йўлбарсдан қолишмайдиган даражада баҳайбат ва қўрқинчли жонивордир.

Уй ҳайвонларига қизиқиш голландиялик ҳужумчи Робин ван Персини ҳам четлаб ўтмаган. Фарқи шундаки, Робин итлар эмас, мушуклар шайдоси. Дарвоқе, маълум муддат Германияда тўп суриб, яна Англияга қайтган Кевин де Брюйне ҳам уйида мушукчани парвариш қилмоқда. Унинг ватандоши, «Челси» дарвозабони Тибо Куртуа эса уйини деярли ҳайвонот боғига айлантириб улгурган. Чунончи, ёш кипернинг хонодонида меҳмон бўлганлар аввало, 3та ит ва 2та мушук билан танишишади, шундан кейингина дастурхонга таклиф этиладилар. Аммо Куртуа қадрдон ҳайвонлари кўплиги бўйича англиялик машҳур собиқ ҳужумчи - Майкл Оуэн олдида шунчаки, ҳаваскор, холос. Зеро, Майклнинг бутун бошли фермер хўжалиги бўлиб, у пойга отларини тарбиялашга ихтисослашган. Оуэннинг отлари турли мусобақаларда кўплаб совринларни ютган. Энг қизиғи, мазкур фермадаги зотдор отларнинг сони 100тадан ортиқ ва ишчилар ҳам шунга яраша, 30 нафардан кўп. Тез орада миллий терма жамоамизга қарши ҳаракат қилиши кутилаётган эронлик ёш ҳужумчи Сардор Азмуннинг ҳам отларга меҳр қўйгани юқорида таъкидланди. Лекин унда ҳозирча пойгачи отлар сони анча кам - 9та.

Артуро Видаль - футбол оламидаги энг бебош йигитлардан бири сифатида танилган ва бу барчага яхши маълум. Қарангки, шундай «безори» йигит ҳам жониворларга бефарқ эмас: «Қирол Артур» пойгачи отларни тоблаб, кейин фойда эвазига сотишни йўлга қўйган. Масалан, ўтган йили унинг оти 2 миллион доллар (!)га сотилди. Айтганча, Видаль аксарият ҳолларда гол урганидан кейин қулоғини ушлаб қўядики, бунинг сабаби ҳам шу: унинг энг яқин дўсти - Николас исмли пойгачи бундан 5 йилча аввал отдан йиқилиб, оламдан ўтганди. Артур эса шу-шу голни ўзига хос тарзда нишонлаб, уларни ошнаси руҳига  бағишлашга одатланди.

Бундай нохуш ҳодисалар ит ишқибозларида ҳам кўп учрайди. Жумладан, «Челси»нинг собиқ дарвозабони Карло Кудиничи кунларнинг бирида каттакон итини сайрга олиб чиққанида, бебош жонивор уни судраб кетган ва натижада голкипер жароҳатланиб, маълум муддатга сафдан чиққанди. Бу кулгули ҳодисадан бохабар «Барселона» клуби ҳуқуқшунослари Мессининг ити билан сайр қилиши олдини олиш учун зир югуриб юришибди. Негаки, мастифф шундай зотки, тез орада унинг оғирлиги Мессиникидан ортиб кетиши ҳеч гап эмас.

Шу ўринда итларга боғлиқ яна бир қизиқарли воқеа ёдга тушади. Ҳозирги кунда «Реал» шарафини ҳимоя қилаётган Иско «Малага» учун тўп суриб юрган кезлари 2та ит боқиб, уларнинг бирига «Лионель Месси», иккинчисига эса «Луиш Фигу», деб лақаб қўйганди. Кейинроқ Иско Мадридга кўчиб ўтгач, шароит тақозоси билан биринчи итининг номини ўзгартирди - «Роналду». Бироқ онгсиз ит хўжайинини хижолатга қўйиб, янги лақабга сира кўниколмади ва «Роналду», деб қанча чақиришмасин, жойида бепарво ётаверишни одат қилди. Кўргиликда...

И.Раҳимов тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:15, 16.06.2016.
Ўқилди: 3551 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.