26 ТА ҚИЗИЛ КАРТОЧКА
Мексикалик ҳакам Гонсалесчалик қизил карточкани севадиган арбитр топилмаса керак. Аввалига у иккала жамоа таркибидаги бир неча футболчиларни қўполлиги туфайли ўйиндан четлатади. Майдонда қолган ўйинчилар жанжаллашиб кетадилар ва уларга мураббийлар ҳам келиб қўшилади. Бўлаётган ишлардан довдираб қолган ҳакам қизил карточка билан футбол жамоаларини қўрқитишдан бошқа чора тополмайди. Хуллас, бу ўйинда ҳаммаси бўлиб 26 та қизил карточка кўрсатилган.
ПОЕЗД ЙЎЛИДАГИ МУХЛИС
Бухарест экспреси машинисти худди Ҳолливуд фильмларидаги каби сўнгги дақиқалардагина темир йўлдаги кишини босиб юбормаслик учун поездни тўхтатишга улгурди. Поезд тагига ўзини ташлаган собиқ Югославиялик Родонович эса ўз жонига қасд қилиш учун эмас, балки Белграддаги футбол учрашувига улгуриш учун бу майнавозчиликни уюштирган экан.
ЭНГ ТЕЗ ГОЛ
Футбол тарихидаги энг тез гол Англиянинг “Брэдфорд Сити” жамоаси ҳужумчиси Жим Фрайатс томонидан 1964 йилда амалга оширилган. Фрайатс майдон марказидан туриб тўпни рақиблар томонга йўллайди ва тўп дарвозанинг юқори бурчагига келиб тушади. Ўйин бошланганига бор-йўғи 4 сония бўлган эди. Дарвозабон эса эндигина қўлқопини кияётганди.
ФАРЗАНДЛИ БЎЛГАЧ, ГОЛ УРДИ
Швециянинг “Гетерборг” ва “Дегерфорс” жамоалари ўртасидаги учрашув жуда ҳам суст бораётган эди. Кутилмаганда ўйин бошланишидан аввал рафиқасини туғруқхонага ташлаб келган Юханссонга қиз фарзандли бўлганини етказишди. Янгиликни эшитгач, унга жон кириб кетди. Бирданига фаоллашиб, тўртта гол уришга эришди. Учрашув тугагач, ҳакамнинг, “Хурсандчилик одамни шунчалар ўзгартириб юборар экан-да”, деган гапига шундай жавоб берди: “Қанақа хурсандчилик? Мен ўғил фарзанд кутгандим. Жаҳлим чиққани учун бор аламимни рақиб жамоадан олдим.”
НАВБАҲОР тайёрлади