Словакияга қарши 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган Германия 2 июл куни чорак финалда Испания-Италия жуфтлигининг ғолибига қарши майдонга тушади. Охирги вақтларда немисларнинг Евро-2016 турнирининг чорак финалидаги ушбу иккала эҳтимолий рақибга қарши сира омади келмаётган эди, айниқса, йирик мусобақаларда. Германияликлар ЖЧ-2006да Италияга қарши мағлубият. Евро-2008 финалида Испанияга қарши аламли натижа. ЖЧ-2010да яна Испанияга қарши мағлубият. Евро-2012да яна италянлар устун келган.
ЖЧ-2014да бенуқсон ишлаган “немис машинаси” ушбу икковлонга қарши тўқнаш келмади. Натижа эса жаҳон чемпионлиги бўлди. Германия терма жамоаси Йоахим Лёвга кўра, турнирда энди дуч келадиган рақиблар – Испания ёки Италия, балки Франция (ярим финал) – буларнинг барчаси финал ўйинининг эҳтимолий иштирокчилари саналади.
Германиянинг “SportBild” нашри бу сафар чорак финалда қайси жамоанинг рақиб бўлиши яхшироқ бўлиши ҳақида фикр юритди. Албатта, кимнинг рақиб бўлиши фойда бериши ўйин кунидаги кайфият, жисмоний тайёргарлик кабиларга боғлиқ.
Яна бир, эҳтимол ҳал қилувчи муҳим бир маълумот борки, Испания ва Италия ўртасидаги бугунги ўйинда немислар томонидан диққат билан кузатилади. Италия терма жамоасининг бугун майдонга тушиши мумкин бўлган 10 футболчисида сариқ карточка бор. Улар испанларга қарши ўйинда яна биттадан сариқ карточка олишса, чорак финалда немисларга қарши майдонга туша олишмайди. Бундай хавф қуйидаги ўйинчиларда мавжуд: Жанлуижжи Буффон, Салваторе Сиригу, Андреа Бардзальи, Леонардо Бонуччи, Жоржио Кьеллини, Де Росси, Лоренцо Инсинье, Тиаго Мотта, Симоне Дзадза ва Эдер. Мусобақа регламентига кўра, футболчилардаги сариқ карточкалар фақат чорак финалдан кейин бекор бўлади.
Испанларда эса бундай муаммо йўқ. Фақатгина Серхио Рамосда битта сариқ карточка бор, холос.