Кремль расмий вакили Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин мамлакат терма жамоаси футболчилари Александр Кокорин ва Павел Мамаев исмлари билан боғлиқ шовшувлардан бохабар. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Кокорин ва Мамаев Монте Карлода дам олиб, 250 минг евро сафрлагани ҳақидаги ахборот 5 июль куни матбуотда эълон қилинди. Зиёфат тахминан 2 июль куни уюштирилгани айтилмоқда. Меҳмонлар томонидан Instagram’да чоп этилган видеода футболчилар бар олдида қизлар билан ўтириб чилим чекаётганини кўриш мумкин. Бир муддатдан сўнг Россия мадҳияси садолари остида залга кўп миқдорда қимматбаҳо шампан виноси олиб чиқилган.
Life нашрининг айбловларини инкор қилган Кокорин зиёфатга 250 минг евро сафрланмагани, шампан виносига эса улар буюртма бермаганини айтди. Буни бар эгаси ҳам тасдиқлади.
Кокорин ва Мамаевнинг жамоалари уларни жаримага тортишга ва асосий таркибдан иккинчи таркибга ўтказишга қарор қилди. Футболчилар Instagram’ни бегоналар учун ёпиб қўйди.
Песковнинг сўзларига қараганда, президент футболчилар Монте Карлода ҳашаматли зиёфат уюштиргани ҳақида бу матбуотда кенг ёритилгани туфайли билиб олган.
«Бу ҳақда ҳамма, шу жумладан, президент ҳам эшитди. Бу медиада кенг ёритилди, жамоатчилик орасида баҳсларни келтириб чиқарди. Албатта, президент ҳам бундан бохабар», — деди Песков.
Кремль вакили юзлаб шампан виноларини ким буюртма қилганини аниқлаштириш лозимлигини айтди.
«Агар бу ишни футболчиларнинг ўзлари қилган бўлса, ҳукм чиқаришни Худога қўйиб берайлик», — қўшимча қилди у.