Европа чемпионатида бугун дастлабки ярим финал ўйини бўлиб ўтади. Португалия терма жамоаси Уэльсга қарши майдонга тушади. Демак, бу ўйин жамоалар етакчилари — Гарет Бэйл ва Криштиану Роналду ўртасидаги тўқнашувга айланади.
Sportfakt.ru сайти икки юлдузнинг Евро-2016даги натижаларини таққослади ҳамда уэльслик футболчининг натижалари португалиялик ўйинчидан устун экани ойдинлашди.
Гарет Криштиануга нисбатан кўпроқ гол урган. Уэльслик футболчи 3та гол уриш учун "Реал"даги жамоадошига нисбатан камроқ вақт талаб этилган. Бэйл камроқ зарба берган бўлса-да, уларнинг аниқлиги юқори бўлган.
Бэйл бешта жарима зарбасини тепиб, 2тасини голга айлантирган бўлса, Роналду 10 марта жарима тўпига яқинлашиб, бирор марта ҳам гол ура олмаган.
Дриблинг борасида ҳам уэльслик футболчи устунликка эга. У рақибларни алдашга киришганда, 68% ҳолатда буни муваффақиятли амалга оширади (битта ўйинга 3,8та дриблинг тўғри келган). Криштиану эса 5та ўйин давомида атиги 2 марта рақиб футболчисини алдаб ўтган.
Бундан ташқари, Бэйл тўп учун курашда португалиялик футболчига нисбатан анча самарали ҳаракат қилган.
Роналдуга устунликни бериб турган ягона кўрсаткич бу — голли узатма. Португалия терма жамоаси ҳужумчиси битта голга ассистентлик қилган бўлса, Гарет ҳозир бундай ишни амалга ошира олмаган.
Демак, биз кўриб чиққан кўрсаткичлар бўйича Бэйл Роналдуни катта фарқ билан ортда қолдирмоқда — 7:1. Хўш, бугун Лионда бўлиб ўтадиган ўйинда ким ютади? Буни билиб олиш учун кўп вақт қолмади.