Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Конор касбини ўзгартиради

Баҳо:
+ | -

Тўрт йил аввал ҳужумчи Конор Уошингтон тонгда хат тарқатиш билан шуғулланарди. Фабрикадаги навбатчилиги якунига етгач, ҳаваскор лигаларда ўйнаб, қандайдир натижага эришган футболчи ҳақида ҳар доим ҳам эшитавермайсиз. Аммо сўнгги пайтларда Англияда айни йўлдан борган айрим ўйинчилар анча танилишга улгурдилар: Грант Холт, Рики Ламберт, Чарли Остин ва Жейми Варди. Айниқса, «Лестер» ҳужумчисининг номи 2016 йили шу қадар кўп тилга олиндики, бундан ҳаттоки, мухлислар чарчай бошлашди (шунга қарамай, Варди ҳақида суратга олинган фильм премьерасига биринчилардан бўлиб боришимиз аниқ). Бироқ Вардимания Англиянинг турли лигаларида тўп сураётган минглаб футболчиларни зериктирмади. «Лестер» форварди ўз имкониятини кутаётганларга умид бағишлади. Sports.ru худди шундай ўйинчилардан бири ҳақида сўз юритади.

Конор Уошингтон «Сент-Айвс Таун» машғулотларини кузатадиган скаутларнинг ташрифи оқшом пайтига тўғри келишини Яратгандан илтижо қилиб сўрарди. Кундузлари бироз ухлаб олишни орзу қилар, зеро почтачилар тонгги соат 05:30да туришга мажбур эдилар. Агар ўйинлар кундузги пайтга белгиланса, муаммо туғиларди. Ҳаттоки, Конор дўстидан йўқлигини билдирмай туришни сўрарди. Уошингтоннинг таъкидлашича, шундай паллаларда мактубларнинг айтилган манзилга, зарур вақтда етиб боришига ҳеч ким кафолат беролмасди.

Маҳаллий жамоанинг энг яхши тўпурари Евро-2012ни телевизор орқали томоша қилди. Аммо кечроқ бошланадиган учрашувларни охиригача кўролмасди - яхшиси, тонгда жиринглайдиган соат қўнғироғи билан ҳазиллашмаслик керак. Бундай кун тартиби йигитчанинг жонига тегди. У ҳаммасини ташлаб, қироллик ҳаво кучлари армияси тизимида оператор бўлишга қарор қилади. Аммо математика бўйича имтиҳонда олинган қониқарсиз баҳо туфайли режаларни ўзгартиришга тўғри келди. Яна бир бор тест синовларига тайёргарлик кўраётганида эса Уэльснинг «Ньюпорт Каунти» клуби унга таклиф билан чиқди. Энди аъло баҳога ҳожат қолмаган, Конорнинг ҳаёти кераксиз бурилишлардан холи бўлганди.

Футбол пирамидаси даражасида ривожланиш жараёни осон кечмади. «Ньюпорт» билан тўртинчи дивизионга тушиб кетди. Бир марта гол урди, «Уэмбли»даги «плей-офф» финалида таркибдан жой ола билмади. Конор шу қадар тушкунликка тушиб қолгандики, онасига яна аввалги ишига қайт­моқчилигини билдиради.

Ёзда ўз устида ишлагани бежиз кетмади, янги мавсумда ҳаммаси аста-секин изига туша бошлади. Шимолий Ирландия термасининг бўлажак ўйинчисидаги иқтидорни «Питерборо» клубидагилар пайқаб қолишди. Орадан икки йил ўтгач, 33та гол урди ва натижада, 2016 йилнинг январида у билан янада жиддийроқ жамоа - «Куинз Парк Рейнжерс» қизиқа бошлади. Лондонликлар Чарли Остинга издош сифатида айнан Уошингтонни танлашди. Чемпионшипнинг 10та ўйинида Конорга гол уриш насиб қилмади, аммо қуйи дивизион вакиллари трендига хос тарз­да ўсишга эришди.

Март ойига келиб термадан чақирув олди. Ваҳоланки, Уошингтон Белфастда атиги бир марта бўлган эди. Отаси - шотланд, онаси - инглиз, ўзи Кент графлигидаги Чатем шаҳрида туғилган. Конорни Шимолий Ирландия миллий жамоасига таклиф қилиш фикри эса ҳужумчининг агентидан чиққан. Чунки у Майкл О~Нил билан «Уиган» шарафини ҳимоя қилганди.

Афтидан, шундай бўлиши керакдек эди, сюжетнинг ўзи воқеаларнинг айни тарзда ривожланишини хоҳлаётганди. О~Нил катта кўламдаги ишни бажарди, ўз вақтида қадрланмаган футболчилардан иборат ажойиб жамоа тузди (улардан бири - «Саутгемптон» ярим ҳимоячиси Стивен Дэвис). Шимолий Ирландияни бежиз «Лестер»га қиёслашмайди, руҳий қувват ва ўз кучига ишонч шундай жамоаларда мужассам. О~Нил бошчилигида Норвегия ва Голландиядан қабул қилиб олинган мағлубиятлар ҳақида фақат Википедиядан маълумот топиш мумкин, астойдил қидирилса, албатта. Кайл Лафферти миллат орзуси даражасига чиқишга улгурди, бу ерда Гарет Маколини «Вест Бромвич»­даги Крэйг Доусон билан адаштирмасликлари аниқ. Рой Кэрролл эса 37 ёшида ҳам бир суткада иккита ўйин ўйнашга қодир. Шимолий Ирландия термаси Евро-2016да муносиб иштирок этди: Германия, Польша ва Украина билан бир гуруҳдан жой эгаллаб, «плей-офф» босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Фақатгина 1|8 финалда биттагина «автогол» учрашувнинг уэльс­ликларга бой берилганини англатди.

Ўз навбатида, Конор Уошингтон ҳам бундай жамоада йўқолиб қолмади. Уэльсликларга қарши Европа чемпионатидан бироз аввалроқ кечган ўртоқлик ўйинида дебютини нишонлади, «Виндзор Парк»да бўлиб ўтган баҳсларда Словения ва Беларусь термаси дарвозаларига гол урди. Евро-2016да қатнашиш учун Францияга ташриф буюраркан, бунинг туш эмаслигига ишонгиси келмасди. Ҳа, аҳолиси 1,8 миллион кишилик Шимолий Ирландиядаги барча почтачилар тунни бедор ўтказишди. Гарчи соат қўнғироқлари тонгги вақтга мослаб қўйилган бўлса ҳам.

Sports.ru - А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:40, 09.07.2016.
Ўқилди: 5556 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.