Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Дарвозабон ярим жамоа-ми? ЖЧ саралашидаги рақиб посбонлари ҳақида

Баҳо:
+ | -

Қитъамизда жаҳон чемпионати-2018 саралашининг ҳал қилувчи раунди бошланишига  ҳам 2 ойча вақт қолди. Сўнгги довонда битта гуруҳда кураш олиб борадиган 6та терма жамоа айни пайт бўлажак баҳсларга олти хил усул, керак бўлса, олти хил шароитда тайёргарлик кўрмоқда. Бугун сизлар билан асосий рақибларимиз бўлиши кутилаётган 2та жамоа - Эрон ва Ж.Корея термалари дарвоза чизиғи хусусида озгина суҳбатлашамиз. Чунончи, футболда ҳаммаси дарвозабондан бошланади. Унинг ишончли ҳаракатлари кўп нарсага умид қилиш мумкинлигини англатади. Фикримиз исботини Мануэль Нойер (Германия) ва Жанлуижи Буффон (Италия) каби уста киперлар мисолида кўряпмиз. Хўш, ҳужумкор футболчиларимиздан Эрон ва Ж.Корея миллий жамоаларига қарши кечадиган навбатдаги баҳсларда қайси дарвозабонларни безовта қилиш талаб этилади? Улар қандай устунликларга эгалар?

ЭРОН ТЕРМА ЖАМОАСИ

Алиризо ҲАГИГИ. Клуби: «Маритиму» (Португалия). 1988 йилнинг 6 май куни туғилган. Бўйи - 193 см. Навбати билан Эроннинг 15, 17, 20, 23 ёшлилар терма жамоаларида ўйнаган. Миллий жамоа сафида эса 23 марта майдонга тушишга улгурди. Форсларнинг бош жамоасида 2012 йили Баҳрайн миллий термасига қарши баҳсда дебют қилди. ЖЧ-2014 ва Осиё кубоги-2015 каби йирик турнирларда иштирок этди. Хусусан, ЖЧ-2014 турнири доирасидаги Нигерия термаси билан учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиб (0:0), Эрон миллий жамоаси тарихида мундиал ўйинида гол қўйиб юбормаган биринчи посбонга айланди. Аргентиналикларга қарши кечган баҳсда эса, Лионель Месси, Гонсало Игуаин ва Серхио Агуэро томонидан йўлланган зарбаларни бартараф этиб, ўз жамоасининг энг муҳим «фигура»си бўлди. Ҳагиги Эрон Озарбайжонидаги Занжан музофотидан. Бугунгача Россия ва Португалияда фаолият юритиб, ҳам ҳимоявий, ҳам ҳужумкор футбол ичида «қайнаш» ҳадисини олди. Алиризо 28 ёшда ва охирги мавсум еврофутболда етарли амалиёт ҳосил қилди. Шуни ҳисобга олсак, унинг рақобатчилари Эрон термасининг икки устуни орасидан ўрин олишга жиддий умид боғламасалар ҳам бўлаверади.

Алиризо БЕЙРАНВАНД. Клуби: «Персеполис». 1992 йилнинг 21 сентябрида туғилган. Эроннинг U-20 ва U-23 терма жамоалари дарвозасини қўриқлаган. Миллий  жамоа либосини эса ҳозирча 5 марта кийди. Профессионал футболга «Нафт Теҳрон» клуби орқали кириб келган новча (бўйи - 195 см.) ва иқтидорли кипер жорий йилнинг 16 май куни «Персеполис» билан янги шартномани расмийлаштирди. 2014 йилнинг апрелида «Сепаҳон» футболчилари (хусусан, дарвозабон Раҳмон Аҳмади) ОЧЛ ўйинида банд бўлишгани учун Карлуш Кейруш ЖАРда ташкиллаштирилган йиғинга айнан Бейранвандни чақирди. У ЖЧ-2014 учун тақдим этилган 30 кишилик кенгайтирилган таркибга ҳам киритилди. Бироқ якуний паллада... Умуман, Алиризонинг миллий жамоадаги дебюти 2015 йилнинг 4 январида Осиё кубоги-2015га тайёргарлик жараёнида Ироқ термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинига тўғри келди. Эътиборлиси, Карлуш Кейруш ЖЧ-2018 саралаши турнири доирасидаги 3та ўйинда айнан Бейранвандга ишонч билдирди. Кучли томони - мақтанарли зарбага эга. Ҳарқалай, унинг дарвоза чизиғидан берган зарбаларидан сўнг форслар кўпинча анча хавфли ҳужум уюштирадилар. Хусусан, Бейранванднинг жамоадоши голига асос солиши ҳолати ҳам кўп кузатилади. Шунингдек, у иккинчи қаватда беназир ва ҳаводан келадиган тўпларни енгиллик билан илиб олиш иқтидори бор. Яна акробатик финтлар қилишни хўш кўради.

Муҳаммадризо Акбари. Клуби: «Тракторсози». 1993 йилнинг 15 февралида туғилган. Бўйи - 191 см. Терма жамоа сафида 1 марта майдонга тушди. Умуман, Акбари миллий жамоадан яқиндагина - шу йилнинг 12 март куни илк марта чақирув олди. Ҳиндистон ва Уммон терма жамоаларига қарши баҳсларда захирада қолган бўлса, 8 июнь куни Қирғизистон жамоаси билан баҳснинг 2-бўлимида Алиризо Ҳагиги ўрнига майдонга тушди.

Муҳаммад Рашид Мазаҳери. Клуби: «Зоб-Оҳан». 1989 йилнинг 18 май куни туғилган. Бўйи - 193 см. Эроннинг 20 ва 23 ёшлилар терма жамоаларида ўйнаган. Миллий жамоа сафида 1та ўйинда кўриниш берди. Яъни 24 март куни Ҳиндистон термасига қарши баҳс (4:0)да мамлакат бош жамоасидаги дебютини нишонлади. Айтганча, Мазаҳери жорий мавсум ОЧЛ гуруҳ босқичининг 5та ўйинида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиб, бу  борада энг яхши статистикага эришди.

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ

Жунг Сунг Рён. Клуби: «Кавасаки Фронтале» (Япония). 1985 йилнинг 4 январь куни туғилган. Бўйи - 190 см. Миллий жамоа сафида 66та ўйин ўтказган. Ж.Кореянинг U-20 ва U- 23 жамоаларида етарлича тажриба тўплаган. Корейсларнинг бош жамоаларида  2008 йилнинг 30 январида Чили миллий термасига қарши кечган баҳс (0:1)да дебют қилди. Айни пайтгача 4та йирик турнирда иштирок этди - 2010 ва 2014 йилги ЖЧ ҳамда 2011 ва 2015 йилги Осиё кубогида. Шунингдек, Олимпиада ўйинлари-2008да ҳам қатнашди. 2013 йилдан профессионал футбол ичида бўлса-да, фақат Ж.Корея клублари шарафини ҳимоя қиляпти. Миллий жамоа сафида нақ 25та учрашувда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормади. Қуруқ ўйинларининг 9таси жаҳон чемпионати саралаш босқичларига тўғри келади. Эътиборли факт: Сунг Рён 2008 йилнинг  27 июлида Ж.Корея U-23 жамоасининг Кот-д`Ивуар термасига қарши ўртоқлик ўйинида 85 метр (!) узоқликдан гол уриб, Гиннесс рекордлар китобига кирганди. Кейинчалик бу натижа «Эвертон» посбони Тим Ховард томонидан янгиланди - 93 метр. Кўпчилик яхши эслайди, Сунг Рён саҳнага кўтарилгунича Ж.Корея  терма жамоаси дарвозасини Ли Вун Жа қўриқларди. Бугун кўриниб турибдики, машҳур посбон терма жамоа «қўлқоп»ларини ишончли қўлларга топшириб кетган экан.

Ким Сеунг Гю. Клуби: «Виссель Кобе» (Япония). 1990 йилнинг 30 апрель куни туғилган. Бўйи - 187 см. Миллий жамоа дарвозасини 18та ўйинда қўриқлаган. Ўз мамлакатининг 17, 20 ва 23 ёш тоифасидаги жамоаларида ўйнаган. Бош жамоа сафида илк марта  2013 йилнинг 14 августида Перу термасига қарши баҳсда кўриниш берди. Эътиборлиси, айни пайтгача жами 18та ўйиннинг 11тасида ўз дарвозасини дахлсиз сақлади. Қуруқ ўйинларининг 4таси ЖЧ-2018 саралаш босқичига тўғри келди. 2006-2015 йиллар оралиғида фақат битта клуб - «Ульсан Хюндай» шарафини ҳимоя қилгани ва у билан ОЧЛ-2012 ғолибига айлангани эътиборга молик факт. Умумий қараганда, Сеунг Гю доимий равишда бир хил ўйнаши билан ажралиб туради. Яъни стандарт тарзда ҳаракатланишга одатланган. Ўйин давомида ортиқча ҳаракатларга йўл қўймайди, хоҳ баландлатиб, хоҳ пастлатиб йўлланган тўпларни қайтаришда муаммо сезмайди. Яна жарима зарбаси ижро этилаётган пайт эътиборни йўқотмаслик хислати аксарият ҳолларда фойда беради.

Ким Жин Хйеон. Клуби: «Серезо Осака» (Япония). 1987 йилнинг 6 июль куни туғилган. Миллий жамоада 2012 йилнинг 30 майида Испания термасига қарши баҳсда дебют қилди ва ҳозирга давр жами 12та ўйин ўтказди. Шу баҳсларнинг 7тасида ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормади. Айтганча, Осиё кубоги-2015да турнирнинг энг яхши посбонига ажратилган совринга даъвогарлик қилди. Қизиқ тарафи шуки, бу футболчи фақат «Серезо Осака» учун ўйнаган, бошқача айтганда, Корея чемпионати баҳсларида умуман қатнашмаган.

Квон Сун Тае. Клуби: «Чонбук Хюндай Моторс». 1984 йилнинг 11 сентябрь куни туғилган. Бўйи - 183 см. Миллий жамоа сафида 2та ўйин ўтказди. Дебюти 2015 йил 3 сентябрда Лаос термасига қарши баҳсга тўғри келди. Гарчи ОЧЛ-2006да ғолиб чиққан  ва 3 марта Ж.Корея чемпионлиги (2009, 2014 ва 2015 йиллар)ни ютган бўлса ҳамки, негадир терма жамоага жуда кеч чақирилди. Хусусан, ЖЧ-2018 саралашининг ҳал қилувчи раундида ҳам унга кўп имкон берилмаса керак.

Ҳар соҳадан оз-оз...

*** ФИФА Ижроий қўмитасида ишлайдиган осиёлик функционерлар: вице-президент - шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа (Баҳрайн), аъзолар - шаҳзода Абдуллоҳ (Малайзия), шайх Аҳмад ал Фаҳад ал Сабоҳ (Қувайт), Конзо Ташима (Япония).

ОФК номидан ФИФА Ахлоқ-одоб (этика) қўмитасида ишлайдиган функционерлар: Алан Салливан (Австралия), Акихиро Хара (Япония).

*** Евро-2016га Осиё клубларидан 5 нафар легионер борди Кристиан Немет («Ал-Гарафа», Қатар), Владимир Вайсс («Ал-Гарафа», Қатар), Драгош Григоре («Ал-Сайлия», Қатар), Аарон Хьюз («Мельбурн Сити», Авс-тралия) ва Бурак Йилмаз («Пекин Гуоан», Хитой). Таққослаш учун айтсак, Евро-2012га Осиёдан биргина Кристиан Вильхелльмссон (Швеция) борганди - С.Арабистони чемпионати пешқадамларидан бири «Ал-Ҳилол»дан.

*** Осиёда жаҳон чемпионлари саралашининг мутлақ тўпурари Эрон терма жамоаси афсонаси Али Даидир. У саралаш раундларида жами 36та гол урган: ЖЧ-94 саралаши - 7та, ЖЧ-98 саралаши - 9та, ЖЧ-2002 саралаши - 11та, ЖЧ-2006 саралаши - 9та.

*** Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар - Максим Шацкихнинг жаҳон чемпионатлари саралашидаги голлар статистикаси  қуйидагича: ЖЧ-2002 саралаши - 1та, ЖЧ-2006 саралаши - 5та, ЖЧ-2010 саралаши - 8та, ЖЧ-2014 саралаши - 1та. Жами - 15та.

*** Эрон про-лигасининг охирги мавсумида пойтахт - Теҳроннинг ўзидан 5та жамоа қатнашди: «Персеполис» (2-ўрин), «Истиқлол» (3-ўрин), «Нафт» (5-ўрин), «Сайпа» (8-ўрин) ва «Роҳ-Оҳан» (15-ўрин). «Роҳ-Оҳан» олий дивизионни тарк этган бўлса ҳам, Теҳрон жамоалари сони ўзгармайди. Чунки янги мавсумда кучлилар қаторига «Пайкон» клуби қўшилади.

*** Япониянинг «Виссель Кобе» клуби ўзининг 50 йиллик юбилейини нишонламоқда. 1966 йили Окаяма префектурасида ташкил топган бу клуб 2014 йилнинг 6 декабрида Rakuten Inc компанияси томонидан сотиб олинди.

*** БАА про-лигасида сўнгги мавсум 11-ўринни банд этиб, аранг «жон» сақлаб қолган «Ал-Шаржа» ҳам 50 йиллик тўйини қарши оляпти. Бу клуб ўз тарихида 5 марта БАА чемпиони бўлган.

*** Ироқ ва Қувайт терма жамоалари қарама-қаршилиги араб дунёсида энг шиддатли дербилардан ҳисобланади. Ироқликлар бундай тўқнашувларда 15та ғалаба, 9та дуранг ва 8та мағлубият қайд этишган. Тўплар нисбати: 44-32. Ушбу қарама-қаршилик 1976-1984 йиллар оралиғида юқори чўққига чиққанди. Ҳаттоки, орада Ироқ ҳукумати Қувайтни босиб олган пайт (1990 йил август-1991 йил февраль) ҳам ушбу қарама-қаршилик ўз аҳамиятини йўқотмаганди.

*** ФИФАнинг 2016 йил 2 июнда эълон қилган сўнгги рейтинги дастлабки юзталигида ОФКдан атиги 12та терма жамоа бор. Дейлик, Африканинг 25та (!) жамоаси топ-100дан жой олди.

«ИнтерФУТБОЛ» газетасси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:40, 12.07.2016.
Ўқилди: 5830 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.