Наманганда “Соғлом оила” шиори остида ўтказилган “Отам, онам ва мен – спортчи оила” мусобақасида 12 оилавий жамоа ўзаро баҳслашди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантириш орқали баркамол авлодни тарбиялаш, оилаларда маънавий-ижтимоий муҳитни яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Бунда профессионал спорт билан бирга мамлакат миқёсида ўтказилаётган оммавий, оилавий, халқ ўйинлари тарзидаги мусобақа, фестиваль, кўрик-танловлар ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.
“ Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мусобақада Учқўрғон тумани Ёшлик маҳалласидан Шерғозиевлар оиласи биринчи ўринни қўлга киритди. Косонсой тумани Боғ маҳалласидан Шариповлар оиласи иккинчи, Чортоқ тумани Ласкидон маҳалласидан Аҳмадалиевлар ва Чуст тумани Сарқамиш маҳалласидан Султоновлар оилалари учинчи ўринни эгаллади.
– Анъанавий ўтказилаётган мусобақа оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни спортга кенг жалб этишда катта роль ўйнамоқда, – дейди танлов ғолиби Акмал Шерғозиев. – Мусобақадаги бугунги ғалаба оиламиз учун, ўғлим ва қизимнинг ҳаёти ва келажаги учун ижобий аҳамиятга эга.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.