«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Пол Скоулз жамоанинг янги аъзоси — Златан Иброҳимович Англияда гол уришга Франциядагидан кўра кўпроқ қийналишини айтиб ўтди.
Скоулзнинг таъкидлашича, 34 ёшли швециялик футболчи фаолиятининг сўнгги йилларини ўтказмоқда.
«Биз Златан ҳақида кўп нарсаларни билмаймиз. У 34 ёшда ва, катта эҳтимол билан, бир йилдан сўнг фаолиятини якунлайди», — деди Скоулз.
«Ҳа, у ажойиб жисмоний ҳолатда. Бироқ «ПСЖ»да унинг учун кўплаб имкониятлар яратиб беришарди, Францияда гол уриш осон эди», — деди «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ярим ҳимоячиси.
«МЮ» эса «ПСЖ»чалик яхши ҳолатда эмас. Эҳтимол, вақт ўтиши билан, икки клуб бир хил даражада бўлар. Шундай экан, Златан ўзи ва жамоа учун Париждагидан кўра кўпроқ меҳнат қилиши керак бўлади», — деди Скоулз.