Иккинчи даврага жиддий ҳозирлик кўраётган “Қўқон-1912” жамоаси ўз сафига Сербия Республикасидан икки нафар легионер футболчини қўшиб олиш арафасида турибди. Қўқон футболи тарихидаги илк хорижлик футболчиларнинг дастлабки таассуротлари ҳақида суҳбат қилдик.
– Никола Ўзбекистонга илк марта келишингиз, дастлабки таассуротларингиз қандай?
– Аввало бизни Ўзбекистонга таклиф қилишгани учун “Қўқон-1912” жамоаси раҳбарияти ва бош мураббийга катта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ҳа, бу Ўзбекистонга илк ташрифим. Бизни жамоа вакллари жуда илиқ қарши олишди. Тошкент шаҳрини бироз томоша қилишга улгурдик. Тошкент мен ўйлагандан ҳам гўзал шаҳар экан.
Жамоа аьзолари билан танишишни бошладик. Машғулотларда ва ўртоқлик ўйинида иштирок этдик. Жамоа футболчилари яхши таассурот қолдиришмоқда. Футболчилар жисмонан баққуват ва тез эканлар.
– Нима учун Ўзбекистонни танладингиз ?
– Менда бошқа вариантлар ҳам бор эди. Мақсадим фақат футбол ўйнашгина эмас, футболчи сифатида янада ўсиш. Ўзбекистонда ўзимни кўрсатишим учун барча имкониятлар бор. Бу ерда футбол кундан-кунга ривожланиб бораётганини кузатиш мумкин. Жамоага ёрдамим тегишини ва “Қўқон-1912” жамоасини юқори ўринлар учун курашадиган жамоа бўлишига муносиб ҳиссамни қўшиш ниятида ташриф буюрдим.
– Жамоа раҳбарлари билан учрашдингизми ? Қанча муддатга шартнома имзоламоқчисиз ?
– Жамоа раҳбари ва бош мураббий билан гаплашдик. Улар ҳар иккалари ҳам ажойиб инсонлар. Суҳбатлашганимизда бу ерга келиб хато қилмаганимизни тушундим. Шартнома масаласига келсак бу албатта ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлмоғи даркор. Ҳозирча ўйинимиз маъқул келса яна узайтириш шарти билан, мавсум сўнггига қадар шартнома таклиф қилишди. Бизга таклиф қилишган шартлар бизни қониқтирди. Асосийси қўқонлик мухлисларга ёқишимиз керак деб ўйлайман. Биз албатта Қўқонда узоқроқ муддат тўп суришни истаймиз. Агар жамоада ўзимизни ҳар томонлама кўрсатсак албатта янаги йил ҳам шу жамоада тўп суришимизни барча истайди.
– Барча Қўқонлик мухлислар номидан хуш келибсиз дейман ва омад тилайман . Суҳбатингиз учун раҳмат.
Акрамжон Мамадалиев суҳбатлашди.