Тўрт ойлик танаффусдан сўнг яна майдонга қайтган "Локомотив" ҳимоячиси "Қизилқум"га қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
- Футбол ўйнамаганимга ҳам анча бўлганди. Баҳорда елкамдан жароҳат олганим сабаб, тўрт ой тўп тепа олмадим. Ҳозир эса ўзимни яхши ҳис қиляпман ва навбатдаги ўйинларда жамоамизга ёрдам беришга тайёрман, - дейди сербиялик ҳимоячи.
- Мен учун тўрт ой футбол ўйнамаслик жуда оғир бўлди, аммо охиригача сабр қилишимга тўғри келди. Кубок ўйинида мураббийлар менга ҳам имкон беришди ва бундан жуда хурсандман. Афсуски, "Машъал" билан кечган жавоб учрашувида ўз майдонимизда ютқазиб қўйдик. Балки биринчи ўйинда 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганимиз йигитларга таъсир қилган бўлиши мумкин, лекин муҳими ярим финалга чиқдик.
- Яхшиям бу мағлубият Кубок беллашувида юз берди ва бу нарса бизни кейинги ўйинларда янада эҳтиёткор бўлиб ҳаракат қилишга ундайди. Мана кўрасиз, "Локомотив" "Қизилқум"га қарши умуман бошқача футбол намойиш этади. Мақсадимиз фақат ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритиш.
Эслатиб ўтамиз, Олий лиганинг 13-тур қолдирилган учрашуви бугун ТТЙМИ стадионида бўлиб ўтади. Ўйин соат 20:00да бошланади.