Кириш Регистрация
09/05 00:00 Реал Мадрид 2-1 Бавария
10/05 23:45 Фрозиноне - Интер
11/05 00:00 Ницца - Гавр
11/05 00:00 Брест - Реймс
11/05 00:00 Алавес - Жирона
11/05 16:30 Фулхэм - Манчестер Сити
11/05 17:00 Мальорка - Лас-Пальмас
11/05 19:00 Вулверхэмптон - Кристал Пэлас
11/05 19:00 Борнмут - Брентфорд
11/05 19:00 Эвертон - Шеффилд Юнайтед
11/05 19:00 Ньюкасл - Брайтон
11/05 19:00 Тоттенхэм - Бёрнли
11/05 19:00 Вест Хэм - Лутон
11/05 19:15 Вильярреал - Севилья
11/05 21:00 Наполи - Болонья
11/05 21:30 Ноттингем Форест - Челси
11/05 21:30 Гранада - Реал Мадрид
11/05 23:45 Милан - Кальяри
12/05 00:00 Атлетик Бильбао - Осасуна

Зўрма-зўраки легионер

Баҳо:
+ | -

Олти йилдан буён Голландиянинг «Витесс» клуби «Челси» билан ҳамкорлик қилади. Бироқ ўзаро алоқаларга арнемликлар турлича муносабатда бўлишмоқда. Қолаверса, Лондондан кўмак сифатида ижарага юборилаётган футболчилар ҳам мамнун эмаслар.

Лолалар юртидаги сургунлик

«Бу ҳаётимдаги ўта ёқимсиз давр бўлди. Аммо мен фақат шу йўл билан фаолиятимни сақлаб қолдим. Аслида, мени мажбуран ижарага жўнатишди. «Челси»нинг бу қарорини агентим орқали маълум қилишди. Ўша куни фарзандли бўлгандим, чақалоқни кўзим қиймасди. Шу боис, сафарга чиқишни истамасдим. Бунинг устига, оёғимдаги жароҳат туфайли ўйнай олмасдим. Ўйнаш учун эмас, физиотерапевтдан муолажа олиш учун олис сафарга юборишаётганидан тамоман бехабар эдим. Дарвоқе, қисқа вақт ичида у мени оёққа турғазди. Лекин барибир, майдонга тушиш насиб этмади. Тўрт ойдан кейин уйга қайтдим»,- дейди 2013 йили 5 нафар жамоадоши билан «Витесс»га ижарага берилган, ҳозирда «Шеффилд Уэнсдей» шарафини ҳимоя қилаётган Сэм Хатчинсон.

Ҳа, бу футболчи 2010 йилдан сўнг «Челси»дан «Витесс»га юборилган 19 нафар ўйинчилардан бири эди. Айнан ўша йили арнемликлар клубини Роман Абрамовичнинг дўсти, грузиялик бизнесмен Мераб Жордания сотиб олганди. Шу тариқа «Витесс» эредивизиядаги хорижий сармоядорларга тегишли дастлабки жамоага айланди. 2013 йили Жордания клубни россиялик касбдоши Александр Чигиринскийга сотиб юборди. «Витесс»даги вазият бошқа жамоа­лар мухлисларига мақбул бўлмади. Улар эредивизиянинг кекса аъзосини «Челси-Б» деб атай бошладилар. Бироқ норози кайфиятдагилар доираси шу билан чекланиб қолмади - жамоага 2001|2002 йиллар мавсумида устозлик қилган Рональд Куман ҳам хафа: «Афтидан, мухлисларнинг клубга яқинлиги йўқолиб қолди. Чунки ҳар мавсумда янги жамоа майдонга тушади, чемпионат якунида аксарият ёш ўйинчилар «Челси»га қайтиб кетишади. Бундай вазиятда ўз услубига эга бўлган аҳил жамоани, жамоавий руҳни шакллантиришнинг иложи йўқ. Менинг давримда «Витесс»нинг ҳар бир ўйинига ҳеч бўлмаганда 25000 мухлис келарди. Ҳозир эса «Аякс», ПСВ ёки «Фейеноорд» каби грандларга қарши беллашувлар ҳам кўпи билан 20000 мухлисни аранг тўплайди». Куманни қўллаб-қувватлайдиган мухлислар ҳам анчагина. «Баъзан келгинди футболчиларни кўргимиз келмай қоладиган ҳоллар ҳам бўлиб туради. Кўп нарса бизга Лондондан қайси ўйинчиларни жўнатишларига боғлиқ. Ҳар қайси мураббий қарорни мустақил равишда ўзи қабул қилиши таъкидлансада, биз бундай ҳисобламаймиз. Қизиқ, ушбу оворагарчиликлардан «Челси» қандай манфаат кўриши мумкин? «Кўклар» биздан бор-йўғи бир футболчини, 2013 йили Марко Ван Гинкелни харид қилишди. Мазкур келишувнинг улар учун муҳим эканига ишонмайман», - дейди «Витесс»нинг 27 йиллик мухлиси Олаф.

Арнемлик яна бир мухлис - Виллемнинг айтишича, уларда «Челси»га нисбатан ҳеч қандай эътироз йўқ, мухлисларни клуб билан унинг соҳиби ўртасидаги муносабат қониқтирмаяпти. Россиялик бизнесмен доимо сафарлар билан банд бўлгани учун «Витесс»нинг ўйинларига ташриф буюра олмайди. Авваллари бундай эмасди - соҳиб доимо жамоа билан ҳамнафас, мухлислар билан яқин алоқада бўларди.

Таъкидлаш жоизки, бу икки клуб ўртасидаги келишув Голландия ФА томонидан маъқулланганди. Наҳотки, у «Витесс»дек кўҳна жамоанинг ўз тарихи ва бой анъаналаридан айрилишига сабабчи бўлса?

Голландия Голливуди

Бадавлат олигархлар ўртасидаги нозик ўйинлар қандай оқибатларга олиб келганини ҳис этиш учун кўргуликларга бошқалардан кўра кўпроқ дучор бўлган мухлисларга эътибор қаратиш лозим. Очиғини айтганда, «Гелредом»нинг доимий меҳмонлари шонли зафарларга одатланишмаган: 1915 йилдан буён «Витесс» атиги бир марта чемпионатда етакчи учликдан ўзиб кета олган. 80-йилларда эса, ҳатто, 2-дивизионга тушиб кетган. Айнан ўша омадсиз йиллар жамоани «Рейндаги Голливуд» лақаби билан «сийлашган». Тўғри, 90-йилларда вазият ижобий томонга ўзгара бошлади: Деян Курович, Сандер Вестерфельд ва академиядан чиққан юлдуз - Рой Макайнинг саъй-ҳаракатлари билан жамоа УЕФА кубоги мусобақасига йўлланма олди.

Муваффақиятдан руҳланган «Витесс» янада баландроқ чўққиларни кўзлай бошлади, 2000|2001 йиллар мавсумида совриндорлар учлигидан жой олди. Жамоага таклиф этилган Рональд Куманга таркибни кучайтириш учун 10 млн. фунт маблағ ажратилди. Бироқ афсуски, натижа ҳафсалани пир қилди: жамоа 6-поғонага тушиб кетди, сарфланган харажатлар наф бермай, боши берк кўчага судради. Жордания клубни харид қилган 2010 йилда «Витесс» ўта оғир молиявий ҳолатга тушиб қолганди.

«Витесс» - эредивизиянинг кўҳна аъзоси. Сўнгги 15 йил ичида ўта ночор ҳолга тушиб қолди. Жамоа тасарруфини ўз қўлига олган хорижий соҳибнинг пул ва «Челси» билан алоқа ўрнатишга ваъда берганлиги ўша пайтда тўғри қарордек туюларди», - дейди 40 йилдан бери «Витесс»га мухлислик қиладиган Нильс.

Арнем 150000га яқин аҳолиси бўлган камтарин шаҳар бўлсада, маҳаллий мухлисларнинг шижоати бутун мамлакатга машҳур. «70-йилларда жамоа мухлислари сони 10000 кишидан ошмасди. Кейин биз катта стадион қурдик. Куман мураббийлик қилган даврда мухлислар ташрифи 20000дан кам бўлмасди. Ҳозир уларнинг сони 16000дан ошмайди. Шу сабабли стадион бўм-бўшдек кўринади. Гўёки, жамоа ўз мухлисларини йўқотиб қўйгандек туюлади», - дея ҳикоясини давом эттиради Нильс. Ўз вақтида фан-клуб директори бўлган 41 ёшли Стефнинг таъкидлашича, ҳатто жамоа ғалаба қозонган ўйинларда ҳам стадион тўлган эмас. 2002-2010 йиллар оралиғидаги давр жуда оғир кечиб, жамоа йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганди. Бу йил «Витесс» сафига Лондондан 5 нафар ёш иқтидор соҳиблари қўшилишди: Домоник Соланке ва Иззи Браун (ёшлар жамоалари ўртасида Англия кубоги соҳиби), 20 ёшли Льюис Бэйкер, бразилиялик Натан ва сербиялик Данило Пантич. Бэйкер билан Соланке мунтазам равишда майдонга тушишди, Браун ва Натан эса кўпроқ захира ўриндиғини банд этишди.

«Витесс»нинг мухлислари эса бош­қа жамоалар фанатларининг кинояларига кўникиб қолишган. Уларнинг арнемликлар устидан «Челси-2» дея калака қилишлари ҳозирда ҳеч кимнинг нафратини қўзғатмайди. «Тўғри, улар бизни ҳасадгўйлик билан «Челси-2» деб аташади. Биз эса бунга жавобан «Хўп, биз «Челси-2»миз, сиз ўзингиз кимсиз?, дея жавоб қайтарамиз», - дейди яна бир мухлис.

Ижобий ўзгаришлар сари

2010 йили «Витесс»ни сақлаб қолишга бел боғлаган Жордания 10 кун ичида жамоага 8 нафар янги футболчини жалб этди. Уларнинг 3 нафари «Челси» вакиллари эди, жумладан, Неманья Матич ҳам. «Аввалига бизга кучли футболчиларни юборишади, деб ўйлагандик. Лекин Англиядан асосан ёшлар келишарди. Шу сабабли доимо савияли ўйинчиларга эҳтиёж сезиларди, биз янги иқтидорларни сабрсизлик билан кутардик. Энди бундай муаммоларга чек қўйилди», - дейди Стеф.

Дарҳақиқат, авваллари «Витесс» Лондондан қайси футболчиларни Арнемга жўнатишларига таъсир кўрсата олмасди. «Челси» техник директори Майкл Эменало билан мустаҳкам алоқа ўрнатилгач, ҳамкорлик яхши самара бера бошлади. «Қайси позицияларни кучайтириш борасида Майкл билан маслаҳатлашган ҳолда иш юритадиган бўлдим. Скаутларимиз ижарага олинадиган ўйинчилар имкониятлари билан танишиб чиқадиган бўлишди. Қайсидир футболчининг фаолиятига эътирозлар пайдо бўлса, лондонликлар билан ҳамкорликда муҳокама қиладиган бўлдик», - дейди «Витесс»га 2013-2015 йилларда мураббийлик қилган Петер Босз. Дарҳақиқат, бу мураббий ўз ишончини оқламаган футболчини захира ўриндиғига йўллашдан чўчимасди. Лондондагилар унинг ҳар бир қарорини хайрихоҳлик билан қабул қиладиган бўлишди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, «Челси»нинг ижарадаги вакиллари ҳам «Витесс»даги фаолиятларига жиддий эътибор берадиган бўлишди. Лекин мазкур ижобий ўзгаришлар вақти келиб янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Дейлик, «Витесс» юксак натижаларни қайд этиш орқали ЕЛ мусобақасига йўлланма олгудек бўлса, ижарага олинган футболчилар масаласини зудлик билан ҳал қилиш зарурати туғилади. Чунки таркибнинг 50 фоизи мавсум охирида Лондонга қайтиб кетади. Оқибатда арнемликлар халқа­ро мусобақаларда ўйинчилар етишмовчилигига дуч келадилар. Аммо таркибдаги доимий ротация Босзни хавотирга солмаяпти. Унинг айтишича, бундай вазият Голландиянинг аксарият жамоалари учун одатий ҳол. Муҳими, «Витесс»нинг савияси тобора ошиб бормоқда, бунда «Челси» билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Энди ижарага олинаётган футболчиларнинг Голландиядаги фаолиятини ўзгартириш зарурияти юзага келди. Легионерлар ҳеч бўлмаганда икки мавсум тўп суришса, ўйинчилар етишмовчилиги ўз-ўзидан йўқ бўлади.

Бундан ташқари, маблағ йўқлиги туфайли деярли тўхтаб қолган клуб академияси ҳам анча жонланди. Ўтган мавсум академия тарбияланувчиси Кевин Дикс, «Челси»дан келган Уолласни таркибдан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди. Демак, «Витесс» тикланиш йўлидан бормоқда. Ҳатто Чигиринский қандай кайфиятда бўлиши ҳам уни хавотирга солмаяпти: «Қачондир соҳибнинг клубга бўлган қизиқиши сўниши мумкин. Бу жамоа­нинг савиясига, турнир жадвалидаги мавқеига таъсир этиши аниқ. Лекин «Витесс» «Витесс»лигича қолаверади. Чунки унинг садоқатли мухлислари бор!», - дея Стеф ҳикоясини якунлади. Умид қиламизки, унинг тахминлари саробга айланмайди.

FootballHD.ru - С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:52, 28.07.2016.
Ўқилди: 5621 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.