Бугун “Насаф” жамоаси миллий чемпионатимизнинг 17-тур доирасидаги учрашувни ўз майдони – “Марказий” стадионда Олмалиқнинг “Олмалиқ” жамоасига қарши ўтказади.
Учрашув соат 20:00да бошланади.
Бугунги баҳс жамоаларнинг 18-учрашуви бўлади. Ўзаро учрашувлар тарихига назар ташласак, 9 учрашувда “аждарлар”, 1 учрашувда кончилар ғалаба қозонишган. 7 учрашувда эса муроса кўчаси танланган.
Қаршида бўлиб ўтган 8 учрашувнинг 6тасида “аждарлар” ғалаба қозонган бўлишса, 2 учрашув дуранг натижа билан якунланган.
Бугунги учрашув жамоамизнинг мавсумдаги ўз майдонида ўтказилаётган 9-учрашуви бўлади. Буни қаранки, бугунги жамоалар ҳам ўзаро 9-учрашувида майдонга тушишади.
Жамоамиз бош мураббийи – Рўзиқул Саъдуллаевич эса, бош мураббийи сифатида ўз шогирдларини 108-марта майдонга бошлаб тушади. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоамиз бу йилги чемпионатда 9 марта ғалабани қўлга киритган. Бердиев учун навбатдагиси 70-сифатида тарихдан жой олиши мумкин.
Кеча бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Ўйиннинг сўнгги дақиқасигача ҳисобда олдинда бораётган жамоамиз, ўйиннинг қўшимча дақиқаларида ўз дарвозасига белгиланган пенальти, ёшларимизни ғалабадан маҳрум қилди.
Зеро, бугунги жамоаларнинг ўзаро учрашувининг мақоми юқори бўлмасада, бу жамоалар ўртасидаги учрашув ҳақиқий футбол спектакли бўлиши турган гап. Чунки, бунга сабаблар етарлича. Игорь Шквирин шогирдлари ҳам ўйин охиригача аёвсиз курашадиган жамоалар сирасига киради. Қолаверса, таркибимиздаги кейинги ўзгаришлар ҳам, жамоамиз ўйинларига мазмун кашф этган.
Шундай экан, бугунги қизиқарли учрашувни ўтказиб юборманг. “Насаф” жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун “Марказий” стадионимизга ташриф буюринг ва қизиқарли футбол учрашувини мириқиб томоша қилинг ҳамда яхши ҳордиқ чиқаринг.
Эслатиб ўтамиз, бугунги учрашувга чиқарилган чипталар стадион қошидаги чиптахоналар орқали сотуви давом этмоқда.