«Қўқон-1912» жамоаси ўз майдонида мамлакат чемпиони «Пахтакор»дан очко олишга муваффақ бўлди.
Учрашувнинг аҳамияти ҳар икки жамоа учун муҳим бўлгани боис футболчилар ўйинни эҳтиёткорлик билан бошлади.
Дастлабки хавфли вазият 9-дақиқада меҳмонлар дарвозаси олдида вужудга келди. Аммо ундан вакилларимиз унумли фойдалана олишмади.
12-дақиқада “Шерлар” ҳисобни очишга яқин келишди. Бироқ, Машариповнинг зарбаси сал ноаниқ кўриниш олди.
22-дақиқада жарима майдончаси ичида тўп Камолиддин Тожиевнинг қўлига тегди деб ҳисоблаган ҳакам пенальти белгилади. Носир Отақўзиев пенальтини аниқ амалга оширди – 1:0.
Қолган дақиқаларда ҳам қўқонликлар шиддатли ҳужумларни ташкил этишди. Аммо барча ҳужумлар самарасиз якунланаверди. Биринчи бўлим шу ҳисобда якун топди.
Иккинчи бўлимни жамоамиз аъзолари анча фаол тарзда бошлашди. 51-дақиқада рақиб дарвозаси олдида таҳликали вазият вужудга келди. Ориф Мамажоновнинг тепган тўпи дарвозанинг ёнгинасидан ўтиб кетди.
58-дақиқада дарвозабонни чалғитган Сидоров деярли бўш дарвозани ишғол эта олмади.
62 – дақиқа Олимовнинг жаримадан берган зарбасини Лобанов катта қийинчилик билан бартараф этди. Орадан бироз ўтиб, Носир Отақўзиевнинг боши билан берган зарбасини Лобанов ўшлаб олди.
80-дақиқада бурчакдан оширилган тўпни Сидиров боши билан дарвозага жойлаб қўйди – 1:1.
Қолган дақиқаларда жамоалар бир қатор вазиятлар яратишганига қарамай ҳисобни ўзгартира олишмади. Шу тариқа ўйин жанговор дуранг билан интиҳо топди.
Жамоамизнинг кейинги ўйини 13 август куни “Андижон”га қарши сафарда бўлиб ўтади.
Олий лига. 17-тур
“Қўқон-1912” – “Пахтакор” – 1:1 (1:0)
Ҳакамлар: Т. Тўхтасинов, А. Маражабов, З. Абдураҳмонов, И. Гормашов.
Голлар: Носир Отақўзиев – 22. – Андрей Сидоров – 80.
”Қўқон-1912”: 12. Азиз Ашуров, 9. Носир Отақўзиев (7. Отабек Зокиров-64), 14. Авазхон Маматхўжаев (28. Абдуллох Олимов-54), 20. Достон Турсунов, 22. Ориф Мамажонов, 29. Иқбол Маликжонов, 55. Дарко Гожкович, 70. Собир Ҳамидов, 75. Иброҳим Раҳимов, 83. Никола Валентич, 90. Суҳроб Бердиев.
Захира: 1. Руслан Матниязов, 6. Баҳодир Акрамов, 15. Маъруф Зокиржонов, 49. Шохрух Холматов, 89. Миртўра Акбаров.
“Пахтакор”: 16. Александр Лобанов, 4. Аднан Ораховац, 5. Акбар Исматуллаев (51. Андрей Сидоров-50), 7. Азим Аҳмедов, 8. Шерзод Каримов, 9. Жамолиддин Машарипов, 10. Жамшид Искандеров, 15. Жавоҳир Соҳибов (14. Жамшид Болтабоев-61), 21. Камолиддин Тожиев (с), 24. Даврон Ҳошимов, 28. Станислав Андреев.
Захира: 50. Умид Ҳамроев, 6. Аббос Отахонов, 17. Акобир Тўраев, 48. Тимур Толипов, 55. Жасур Ҳакимов.
Назоратчи: Р. Серазетдинов. ЎзПФЛ вакили: В. Лёткин.