Энг енгил вазн тоифада Рио-2016 олимпиадасида иштирок этаётган боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов ўзининг илк жангида ғалаба қозонди ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик спортчи дастлабки босқичдан озод этилганди. Нимчорак финалда у мексикалик Хоселито Велазкесга қарши рингга кўтарилди. Рақиб боксчиси ҳам анча чаққон эканини намойиш қилди. Биринчи ва иккинчи раундларда ҳакамлар Ҳасанбойнинг устунлигини қайд этишган бўлса, учинчи раундда Велазкеснинг фаоллиги эътироф этилди. Якуний натижа — 3:0 (29:28, 29:28, 29:28).
Шу тариқа, Дўсматов Рио-2016 олимпиадасининг чорак финалига чиққан иккинчи ўзбекистонлик боксчи бўлди. БУ босқичда Ҳасанбойга қозоғистонлик Биржан Жакипов рақиблик қилади. Бугун Рустам Тўлаганов (91 кг) ҳам бу ишни уддалаганди.